“Шимолдан эсган совуқ шамол”. Россиялик яна бир пропагандачи Ўзбекистонга тил теккизди
Россиялик файласуф ва сиёсатшунос Александр Дугин постсовет маконида мустақил давлатлар даври ортда қолгани ҳақидаги иддаони илгари сурар экан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон, Грузия, Озарбайжон каби давлатларнинг суверенитетини шубҳа остига олди.
Дугин “дунёнинг янги модели”да постсовет маконда суверен давлатлар мавжуд бўла олмаслигини таъкидлаб, Москва назоратида янги иттифоқни тузиш кераклигини урғулаган.
Ўзбекистонлик таҳлилчи ва экспертлар Александр Дугиннинг буюк давлатчилик ҳиди анқиб турган баёнотига кескин эътироз билдирмоқда.
“Россия ахборот майдонида Марказий Осиё давлатлари суверенитетига қарши қаратилган тажовузкор риторика тўхташ ўрнига, янги ва янада хавфли тус олмоқда. Ҳали Владимир Соловьёвнинг минтақа давлатларига қарши “махсус ҳарбий операция” ўтказиш ҳақидаги таҳдидлари жамоатчилик хотирасидан ўчмасдан туриб, саҳнага “рус дунёси”нинг асосий мафкурачиларидан бири ҳисобланган Александр Дугин чиқди. Унинг сўнгги чиқишлари шунчаки ҳиссиётли журналистнинг гапи эмас, балки мустақил давлатчилик асосларини инкор этувчи мафкуравий ҳужум сифатида баҳоланмоқда... Унинг мустақил давлатларни “ўтмиш қолдиғи” деб аташи нафақат дипломатик одобга, балки халқаро ҳуқуқнинг барча нормаларига тупуриш билан баробардир...
Шимолдан келаётган бундай “совуқ шамоллар” бир ҳақиқатни яна бир бор эслатмоқда: Мустақиллик – бу “совға” эмас, балки ҳар куни, ҳар соатда ҳимоя қилиниши керак бўлган олий қадриятдир. Россия пропаганда машинасининг бугунги ҳужумлари эртанги реал хавфга айланмаслиги учун минтақа давлатлари нафақат огоҳ бўлиши, балки ўз суверенитети масаласида қатъий ва якдил позицияда туриши шарт. Зеро, ўзлигини ҳимоя қила олмаган давлатлар, Дугин айтмоқчи бўлганидек, тарих архивига улоқтирилиш хавфи остида қолади – аммо Ўзбекистон бу сценарийни аллақачон рад этган”, – деб ёзди таҳлилчи Ғайратхўжа Ғаффорхўжа ўғли.
“Россиялик пропагандачиларнинг кетма-кет чиқишлари тасодиф эмас, бу индивидуал фикр ҳам эмас, бу – жуда аниқ хавфли, мафкуравий сигнал. Кеча Соловьёвнинг Марказий Осиёда “махсус ҳарбий операция” ўтказиш ҳақидаги чақириғи, бугун эса Дугин берган мана бу баёнот Россия сиёсий доираларида постимпериал тафаккур ҳануз тирик эканини яна бир бор исботламоқда.
Бундай шароитда “содда, юмшоқ дипломатия” ишламайди, чунки куч сиёсатини тарғиб қилаётган томон фақат кучни ва қатъий позицияни тан олади. Озарбойжон мисолида буни кўрдик.
Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакат раҳбарияти тушуниши керак: суверенитетимизнинг очиқ инкор этилишини жавобсиз қолдириш хавфсизлик вакуумини юзага келтиради. Доимий сукут – бетарафлик ёки босиқлик эмас, балки заифлик сифатида қабул қилинади.
Шу сабаб, яна қайтараман, биринчи ва энг табиий жавоб сифатида бундай чақириқлар билан чиққан шахсларни “персона нон грата” деб эълон қилишни бошланг. Ортиқ кутиш мумкин эмас.
Иккинчи босқичда эса уруш ва босқинчилик мафкурасини тарғиб қилаётган Россия телеканалларини Ўзбекистон ҳудудида блоклаш каби ахборот хавфсизлиги ричагларини ишга солайлик. Агар бу аниқ чоралар ҳам самара бермаса, кейинги босқичда Марказий Осиё давлатларининг бирлашган, жамоавий ва очиқ сиёсий жавоби кун тартибига чиқиши лозим. Юмшоқ дипломатия эмас, онгли, принципиал ва изчил позиция – минтақавий барқарорликнинг ягона кафолати бўла олади”, – деб ёзди журналист Илёс Сафаров.
“Бугунги РФнинг фашистик ва империалистик даъволарини кўриб, нима учун аввалги тузум вақтида бизнинг қўшнилар билан муносабатларимиз совуқ бўлганини тушуниб боряпман. Марказий Осиёдаги иттифоқчиларимизда ҳарбий ва иқтисодий мустақиллик йўқлиги етмаганидек, ҳар биттасида Россия ҳарбий базалари мавжуд. Яъни, Ўзбекистон бугун тўрт томондан рус ҳарбийлари билан қуршаб олинган, атрофимиздаги элита ҳам доим руспарастлардан иборат бўлиб келган. Қолаверса, йиллар давомида Москванинг минтақада иқтисодий таъсири ҳам кучайиб бораверган. Каримовнинг ЕОИИ ҳақида айтган ўша машҳур иқтибосини эслаб қўйишнинг айни вақти: “Улар фақат иқтисодий бозор яратаётганини, бу суверенитет ва мустақилликка ҳеч қачон дахл солмаслигини айтишяпти. Лекин, айтинг-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақилликка эришиш мумкинми?”
Эътибор беринг, Дугин айнан Ўзбекистонни нишонга олиб гапиряпти. У: “Ё бизнинг таъсир остимиздаги мамлакатлар умумий иттифоққа қўшилади ёки АҚШ ва Европа учун ҳарбий плацдармга айланади”, деб айнан бизни айтяпти. Чунки Марказий Осиё мамлакатлари аллақачон Россиянинг сунъий ЕОИИ ва КХШТ каби иттифоқларига қўшилиб бўлган. Ягона суверен ҳудуд бу ерда фақат бизмиз.
Тасаввур қилинг, агар Москванинг ўзи бугун бизнинг аҳволимизга тушганида, яъни унинг атрофини НАТО ҳарбий базалари қуршаб олганида қандай реакция билдирган бўлар эди? Украинадаги урушни шу сабаб бошламаганмиди? Биз бу борада йиллар давомида анча дипломатик ва прагматик йўл тутганмиз, айниқса иккинчи маъмурият даврида. Тўғри, биз ҳозир истасак ҳам балки Россия каби куч позициясини намойиш эта олмасмиз, чунки йиллар давомида Кремлдаги оғаларни хафа қилмаслик учун атайлаб қўшинларни модернизация қилмадик, мудофаани замонавий қурол-аслаҳалар билан тўйинтирмадик. Ҳеч бир қуролли ҳаракатларга қўшилмадик, доим нейтрал позицияни сақлаб келдик. Россия эса бу вақтда ўз ҳарбийларини Марказий Осиёда жойлаштириб, атрофимизда кенгайиб бораверди. Мана бугун энди Кремл “лайчалари” хоҳлаганича бизга таҳдид қилиши мумкин. Биз эса индамай “еб юборадиган” позициядамиз...
Лекин, бир нарса хурсанд қилади, Россия ўзининг агрессив риторикалари билан йиллар давомида биродар украин халқини қандай қилиб ўзидан совутган бўлса, бугун МО аҳолиси ҳам худди шу тариқа улардан безиб кетяпти”, – деб ёзди Телеграмдаги “Файзбоғ” канали.
“Александр Дугин – академик муҳитдан чиққан шахс, у олим сифатида ўз қарашларига эга бўлиши табиий. Шу маънода, ҳар бир гапини фавқулодда “ҳужум” ёки тўғридан-тўғри сиёсий сигнал сифатида қабул қилиб, ортиқча реакция қилиш ҳам шарт эмас. Ортиқча, ҳиссиётга тўла реакция қанчалик кўп бўлса, ташқи томондан шунчалик заиф кўринамиз. Буни Game of Thrones сериалидан бир эпизод яхши ифода қилади. Ёш подшоҳ Жоффри бобоси Тайвин Ланнистерга қаттиқ овозда: “Мен подшоҳман”, деб айтади. Тайвин эса жавоб беради: “Ким ўзини ‘мен подшоҳман’ деб айтишга мажбур бўлса, у ҳақиқий подшоҳ эмас”.
Халқаро сиёсатда ҳам шунга ўхшаш қоида бор: ким суверенитет ҳақида бақириб гапирса, кўпинча унинг ўзи суверен эмаслигини намоён қилади. Ҳақиқий суверенлик баёнотларда эмас, қарор қабул қилиш қобилиятида ва амалий мустақилликда кўринади. Лекин бу уни айтган фикрларни мутлақо инкор этиш ёки эътиборсиз қолдириш керак дегани эмас. Чунки Дугин – шунчаки маргинал публицист эмас, балки Россиядаги геосиёсий тасаввурларни шакллантирган асосий идеологлардан бири”, – деб ёзди сиёсатшунос Отабек Акромов.
Маълумот ўрнида: Александр Дугин “Русский мир” идеологияси муаллифи ҳисобланади. Унинг тарғибот назариясига кўра, Евроосиё иттифоқи интеграциялашуви орқали, Россия собиқ иттифоқ республикалари билан биргаликда янги – Евроосиё супердавлатини яратиши керак.
Дугин аввалроқ Қозоғистон томонидан исталмаган шахслар рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни россиялик яна бир пропагандачи Владимир Соловьёв Россия Арманистон ва Марказий Осиё мамлакатларида махсус ҳарбий амалиёт ўтказиши ҳақидаги даъвони илгари сурган, бунга жавобан “Ит ҳурар, карвон ўтар” мақоли эсга олинган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter