Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент девони собиқ ходими уюшган жиноятчиликда айбланмоқда

Президент девони собиқ ходими уюшган жиноятчиликда айбланмоқда

Фото: «flashcrimea.com»

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ишлар бошқармаси (собиқ) бўлим бошлиғи А.Дўстов товламачилик, фирибгарлик, пора олди-бердиси билан шуғулланган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда. Бу ҳақда «Jahon.uz» сайтида ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Сайтга кўра, у бир гуруҳ ҳамтовоқлари билан «...пухта конспирация ва ҳуқуқни муҳофоза қилиш органларидан ҳимояланишнинг йўлга қўйилган тизимини ташкиллаштириб», «давлат аҳамиятига молик, юқори лавозимда ишловчи муайян миқдордаги ҳақ эвазига ҳар қандай ишларни маблағ берган шахсларнинг манфаатлари йўлида ижобий ҳал қила олишга қодир шахс сифатида таърифлаб, уларнинг ишончига кириб, уларнинг маблағларини қўлга киритиш билан шуғулланиб» келган.

Уюшган гуруҳ томонидан маълум ҳақ эвазига қуйидаги жиноятлар содир этилгани айтилади:

  • Тошкент шаҳар Шайҳонтаҳур тумани, «Марказ-13» мавзесидаги «Чкалов» номидаги Тошкент авиация бирлашмасига қарашли бўлган ер майдонида Девон, Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамаси ходимлари учун 4-5 хонадан иборат уйлар қурилиши ва ушбу уйлардан олиб бериш;
  • ИИВ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган жиноят иши бўйича Жиноят кодексининг 244(2)-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) содир этганлиги учун қамоққа олинганларни қамоқдан чиқариш ва улар сақланаётган УЯ-64/ТҲ-1 муассасаси ходимлари томонидан муассасанинг ички тартибини бузишган тақдирда уларга нисбатан жазо қўлланилмаслиги масаласини ҳал қилиб бериш;
  • «Чкалов» номидаги Тошкент авиация бирлашмаси томонидан сотувга чиқарилаётган мол-мулкларни сотиб олиб бериш;
  • Давлат маслаҳатчиси (собиқ) лавозимида ишловчи Р.М. билан яқин муносабатда эканликларини айтиб авф орқали маҳкумларни қамоқдан чиқариш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинлаш;
  • Нукус Давлат педагогика институтининг ректори лавозимига тайинлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинлаш;
  • Самарқанд вилоят Нарпай туманида жойлашган «Оқтошдонмаҳсулотлари» очиқ турдаги акциядорлик жамияти бошқарув раиси лавозимига тайинлаш;
  • Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг қарори, фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди апелляция ҳайъатинининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдириш ҳақидаги ажримини Олий суднинг мансабдор шахсларига топшириқ бериш йўли орқали бекор қилиш;
    «Андижонпахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасига ишга жойлаштириб қўйиш;
  • «Қўқон ёғ-мой» очиқ акциядорлик жамияти бошқарув раиси лавозимига ишга тиклаш;
  • Абитуриентларни ўқишга киритишга ишонтириб фуқароларни маблағларини ўзлаштириб келганлар.

Уюшган гуруҳ жиноий фаолияти натижасида фуқароларнинг жами 1 миллион 669 минг 700 АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини ўзлаштирганликлари аниқланган.

Хабарда жиноий гуруҳга нисбатан тергов ҳаракатлари якунлангани ёки суд ҳукми чиққан-чиқмагани ҳақида маълумотлар йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг