Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Украина урушидан Ўзбекистон қамоқхонасига

Украина урушидан Ўзбекистон қамоқхонасига

Россиядан урушга кетган бухоролик муҳожир 3,5 йилга қамалди.

Магадан вилоятида муҳожирликда меҳнат қилиб юрган кунларимнинг бирида рус миллатига мансуб бир шахс билан муштлашиб қолдик. Унга тан жароҳати етказиб қўйдим. Мени жавобгарликка тортишди, жиноят иши қўзғатишди. Бу жиноят иши билан менга умумий тартибли колониялардан бирида муддатни ўташ ёки Украина давлатига урушга кетишни танлов қилиб қўйишди. Бундай оғир жазога лойиқ жиноят содир этмаганим изтироби, етмаганига қўрқув ва босим мени иккинчи шартни танлашимга сабаб бўлди”,-29 ёшли айбдорнинг сўзлари Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти, Когон шаҳар суди залида тўпланганларни ларзага солди. Аслида, Россия Федерациясига бўлган кўплаб муҳожир ватандошларимизнинг бундай «қармоқ»қа тушаётгани куннинг оғриқли муаммосига айланган. 

Суд ҳужжатларига кўра, фуқаро Ш.И. Когон шаҳрида туғилган. У 2014 йилдан буён Россия Федерациясига бориб, у ерда мавсумий ишлар билан шуғулланиб келган. Орадан йиллар ўтиб, 2023 йилда  Ш.И.  Россия Федерацияси фуқаролигини, 2024 йилда эса давлатнинг ҳарбий гувоҳномасини расмийлаштириб олган.

2025 йилнинг май ойида Магадан шаҳрида рус миллатига мансуб шахс билан юз берган маиший жанжал сабабли у полиция қўлига тушган. Ушбу жараёнда Ш.И.га ё қамоқ, ёки “махсус ҳарбий операция”да иштирок этиш талаби қўйилган. Қонун ва қўрқув исканжаси оқибати эса уни  1 йил муддатга ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши учун шартнома имзолашига етаклаган. Ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигига ҳарбий хизматга кирган. Ҳарбий хизматчиларга йирик миқдорда пул ҳам таклиф қилинган. Аввалига ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш шартномасини мажбурий чорловдан иборат, деб қабул қилган Ш.И. кейинчалик ундан шахсий ва моддий манфаатдорликни кўзлаган. Шундан сўнг келгусида Россия Федерацияси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиб, Украина давлатига қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш мақсадида жиноий режа тузган.

Россия Федерация Хабаровский шаҳрига бориб, у ерда бошқа ёлланган ҳарбий хизматчилар билан биргаликда 14 кунлик ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Украина давлатининг Донеск ва Луганск халқ Республикалари ҳамда Херсон вилоятларида ўтказилган махсус ҳарбий операцияларда фаол иштирок этган. Запорожье вилоятида амалга оширилаётган жангларнинг бирида эса ракета зарбаси натижасида танасининг турли жойларидан яраланган.  Бел соҳасида, чап оёқ болдир ва 5-бармоқ асос соҳалари портловчи қурол снаряди бўлакчалари таъсиридан ўта оғир жароҳатланиб, ҳарбий госпиталга ётқизилган.

Қайд этилишича, ушбу ҳарбий операцияда у билан бирга бўлган 126 нафар ҳарбийдан фақат 4 нафари тирик қолган. 4 киши 14 кун окопларда жон сақлашган. Бу рақамлар қуруқ статистика эмас, бу урушнинг ҳақиқий қиёфаси. 3 нафар ҳарбий Ростов ва Санкт-Петербургдаги ҳарбий госпиталларда даволанишган. Ш.И. эса оғир операцияни бошидан ўтказган ва бунинг эвазига унга медаль берилган, суғурта пуллари тўланган.

Ш.И. ўз оиласига ёки бошқа яқин қариндошларига Россия Федерацияси қуролли кучлари таркибидан Украина давлатига қарши ўтказилган махсус ҳарбий операцияларда иштирок этгани тўғрисида айтмаган. Бироқ, ҳарбий операцияларда иштироки давомида жисмонан яроқсиз аҳволга келиб қолган Ш.И. Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлган.

Ўзбекистонга қайтгач, орадан беш кун ўтиб, Ш.И.нинг телефони кўздан кечирилган. У ерда ҳарбий кийимдаги суратлар, жароҳатлари акс этган тасвирлар ва Россия Мудофаа вазирлигининг маълумотномаси топилган. Магадан ҳарбий хизматга чақирув пункти бошлиғи билан ҳарбий дала махсус кийимида “Вооруженные силы России” ёзуви ҳамда Россия Федерациясининг давлат байроғи туширилган расмлар топилган. Худди шунингдек, ҳарбий полигонларда тушган кўплаб расмлар ҳам унинг Россия-Украина урушларидаги иштирокини исботлаб берган. Шундан сўнг Ш.И.га нисбатан тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган. 

У айбини тўлиқ тан олиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини билдирган. Ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга қамоқ жазосидан қочиш мақсадида мажбур бўлганини ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтиб келганини, оилада ягона боқувчи эканини айтган.

Маълумки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, чет давлат қуролли кучлари сафида хизмат қилиш ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш  жиноят ҳисобланади. У  мажбур бўлганми ёки ихтиёрий равишда, барибир, қонун олдида барча жавоб беради.

“Ш.И.нинг хатти-ҳаракати бизга бир ҳақиқатни эслатади: иқтисодий қийинчилик, ҳуқуқий саводсизлик ва қўрқув инсонни уруш майдонига олиб бориши мумкин, аммо, қонун олдида жавобгарликдан қутқармайди. Бу воқеа чет элда ишлаётган минглаб юртдошларимиз учун жиддий сабоқ бўлиши керак. Ҳар қандай шартнома, ҳар қандай “ваъда” ортида қон, ўлим ва синган тақдирлар туриши эҳтимолдан холи эмас”, — дейди Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди раиси Акрам Раҳимов.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг турли моддалари билан Ш.И.га узил-кесил 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У тайинланган жазо муддатини умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг