Ўзбекистонда қайси давлатларнинг корхоналари кўп?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатига Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокида жами 19 490 та корхона фаолият юритмоқда.
Уларнинг 4 427 таси қўшма корхона, 15 063 таси эса тўлиқ хорижий корхоналар ҳисобланади. Сўнгги беш йилда бундай компаниялар умумий сони 1,4 баробарга ошган.
Шу билан бирга, хорижий корхоналарнинг жами корхоналардаги улуши 61,3 фоиздан 77,3 фоизгача кўтарилгани қайд этилди. Бу мамлакат иқтисодиётида тўғридан тўғри хорижий сармоя иштирокининг ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Статистикага кўра, Ўзбекистондаги хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. Мамлакат ҳиссасига 5 615 та корхона тўғри келган.
Рейтингда иккинчи ўринни Россия эгаллади. Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 3 308 та корхона фаолият юритмоқда. Кейинги ўринларда Туркия — 2 216 та ва Қозоғистон — 1 259 та корхона билан қайд этилган.
Жанубий Корея иштирокидаги корхоналар сони 721 тани ташкил этган. Афғонистон капитали иштирокидаги компаниялар сони эса 656 тага етган.
Шунингдек, Озарбайжон ҳиссасига 452 та, Тожикистонга 437 та, Бирлашган Араб Амирликларига 427 та ва Ҳиндистонга 405 та корхона тўғри келган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter