Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путин туфайли хитой тилини ўрганганман — Хитойдаги ўзбек келини ҳаёти тарихи

Путин туфайли хитой тилини ўрганганман — Хитойдаги ўзбек келини ҳаёти тарихи

Хабарингиз бор яқинда Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ҳамда Шанхайдаги Бош консуллиги шакллантирган беғараз инсонпарварлик ёрдами жўнатмаси таркибида миллий футбол терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов ва тадбиркор Гулбаҳор Тожимирзаева томонидан тиббий буюмлар кўринишида қилинган хайрия юклари ҳам мамлакатимизга олиб келинган эди.

Суҳбатдошимиз — Хитойдаги «Шенгли» компанияси асосчиси, 12 йилдан буён Хитойда яшаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Хитойнинг ўзбек келини Гулбаҳор Тожимирзаева. Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг матбуот котиби улар билан карантин даврининг инсонлар ҳаётига таъсири, аёл кишининг оила ва жамиятда ўз ўрнини топишига сабабчи бўлган омиллар ҳамда уларнинг муваффақият тарихлари ҳақида суҳбатлашди.

Маълумот учун:
Гулбаҳор Тожимирзаева — 1991 йил 25 июлда Наманган вилоятида таваллуд топган. 2014 йил Хитой Халқ Республикаси Жанубий Хитой аграр университети Халқаро иқтисод ва савдо мутахассислиги бўйича бакалавр босқичини муваффақиятли тамомлаган. Хитой бозорида маҳсулот ва технологияларни импорт ва экспорт қилиш бўйича 8 йиллик иш тажрибасига эга. 4 тилда эркин сўзлаша олади (рус, инглиз, хитой, корейс). НСК6 энг юқори даражадаги хитой тили сертификатига эга. Хорижликлар ўртасида ўтказиладиган хитой тили мусобақасининг икки карра ғолиби. Шотокан карате бўйича 1 ДАН қора белбоғ соҳибаси ва ушбу спорт тури бўйича 2006 йил Ҳиндистонда ўтган халқаро турнир чемпиони. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидаги бир қанча корхоналарнинг инвестори ҳамда маҳаллий маслаҳатчисидир.

Тилни билиш муваффақият калити
Бундан 15 йил илгари отам телевизор орқали Россия Президенти Владимир Путиннинг интервьюсини кўриб қолади. Шунда у қизларининг таълими ҳақида берилган саволга улар Хитой тилини ўрганишаётганини айтади. Президентнинг жавоби отамнинг эътиборларини тортади ва шундан сўнг хитой тили ўқитувчисини қидириб, мени 5 ёшимдан тил ўрганишга ундайдилар. Бора-бора менда ушбу тилни ўрганишга қизиқиш ортиб борди. Оилада беш нафар қизмиз. Отам ҳар биримизнинг ўқишимиз учун қўлдан келган имкониятни бердилар. Ҳар биримиз хитой тилида эркин сўзлаша оламиз. Мактабни битиргач Хитойнинг Харбин шаҳридаги тил курсида ўқишга келдим. Тил курсига келганимда икки ой орқада эдим. Уларга етиб олиш учун таътил вақтида ҳам ўз устимда ишлаганман. Тил курсини ўқиб, хитой тилдан НСК6 имтиҳонини топширдим ва Жанубий Хитой аграр университети Халқаро иқтисод ва савдо йўналишига ўқишга кирдим. Ўқиш даврида жуда кўп кўргазмаларда иштирок этдим, волонтёр сифатида ишладим ва жуда кўп тадбиркорлар билан танишдим. Улар кейинчалик янги корхонага асос солишимда сабабчи бўлишди.

Аёл киши оилада ҳам тадбиркор бўлиши керак
Аёл киши ўзи нафақат жамиятда олди-сотди жараёнида балки, оилада ҳам тадбиркор бўлиши керак. Сабаби уй-рўзғор юритишда ҳам кўринади. Эркак киши бозордан харид қилиб келган бозорликни тежаб ишлатишда, рўзғордаги иқтисодий вазиятларга аёл кишини тадбиркорлиги муҳим рол ўйнайди. Аёл киши яхши тадбиркор бўлса, оила ривожланишида ўзини муносиб ҳиссасини қўшади.

Оилада молиявий жиҳатдан мустақил бўлишимизни хоҳлашган ва бунга имконият яратиб берилган. Оилада эр-хотин биргаликда ҳаракат қиламиз. Турмуш ўртоғим Хитой Халқ Республикаси фуқароси, миллати хан. 2017 йил турмуш ўртоғимни учратдим. Тўйимиз 2017 йилнинг октябр ойида Тошкентда бўлиб ўтди. Тўйимизга қарийб 70 га яқин хитойликлар ташриф буюрди. Ўзбек –хитой халқаро тўйи бўлди десам тўғри бўлади. Ҳозирда бир нафар қиз фарзандимиз бор. Оилада биз хитой тилида сўзлашамиз. Боиси улар ўзбек тилида мукаммал сўзлаша олмайдилар. Лекин ҳар куни биргаликда дарс ўтамиз. Ўзбек тили китоби ҳам олганмиз.

10 га яқин ўзбек-хитой қўшма корхоналарига асос солинди
Ўқишни тамомлаб, 2014 йилда Гуанжоу шаҳрида импорт ва экспорт бўйича халқаро савдо билан шуғулланувчи корхонага асос солдим. Ушбу корхона Хитойдаги оғир ва енгил саноатда ишлатиладиган ускуналар, ускунада қўлланадиган эҳтиёт қисмларининг экспорти, ҳамда Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулотларни Хитойга импорт қилиш билан шуғулланади. Корхонамиз бир неча ёш хитойлик кадрлардан иборат. Корхонамизда маҳсулотларни сотувидан ташқари уларни етказиб бериш хизмати ҳам мавжуд. Чунки, ҳар бир истеъмолчи сотиб олган маҳсулотини тез ва хавфсиз йўллар билан етказиб беришни хоҳлайди. Шу боис биз шу фаолият турини ҳам йўлга қўйганмиз. Транспорт усуллари ҳар хил. Асосан темир йўл транспортидан фойдаланамиз. Шунингдек, корхона таржима соҳасида мижозларга хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонга киритган биринчи инвестицион лойиҳамиз, «Ванда метел» ўзбек-хитой қўшма корхонаси бўлиб, Сирдарё вилоятида асос солинган. Ҳозирги келиб 10 га яқин ўзбек-хитой қўшма корхоналарига асос солдик. «Ванда Гроуп» таркибида бир нечта ўзбек-хитой корхоналари ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Ўтган йили, Наманган вилоят ҳокимлиги билан биргаликда «Синда-цемент» ишлаб чиқариш корхонасига асос солдик. Ушбу корхона янги замонавий цемент клинкер маҳсулотини яъни сифат даражаси М600 маркали цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Ўзбекистон ички бозорида ушбу даражадаги цемент маҳсулоти мавжуд эмас. Лойиҳа орқали юқори сифатли цемент маҳсулотини ишлаб чиқаришга эришамиз.

Карантиннинг ҳаётга ижобий таъсири
Карантин эълон қилинди ва у қарийб бир ярим ой давом этди. Уйдан чиқиш ва жамоат жойларига бориш ман этилди. Карантин вақтида ўзим сингари ватандошлардан қанийди ҳозир ватанимга қайтиб кетсам, уйдаги қадрдонларим билан бирга бўлсам деган ўй ўтди. Карантин даврида эртадан кечгача иш ташвишлари билан шошиб юришдан тўхтадик ва босиб ўтган ҳаёт йўлимиз ҳақида ўйлашга вақт топилди. Мен ҳам бу даврда ортга назар ташладим. Ўзи аслида киммиз, нима учун дунёга келдик, бизни яшашимиздан асосий мазмун нимада деган ўйлар ўтди. Шунга амин бўлдимки, инсон учун соғлик-саломатлик, оила ва ватанга бўлган меҳр-оқибат туйғулар биринчи ўринда туради. Шу туйғулар ҳаётимизни яна-да мазмунли қилади. Шу туйғулар борки, инсон шу ҳаётда яшашдан мазмун олади. Инсон қийинчиликка ва шу каби ҳолатларга тушган вақтидагина бу туйғуларни қадрига кўпроқ етаркан. Карантин даври ҳаёт ҳақида мушоҳада қилиб кўришга ундагани билан менга ижобий таъсир кўрсата олди ва ҳаётда муҳим саналган туйғулар ҳақида кўпроқ қайғуришга туртки бўлди.

Ҳар бир тадбиркор онлайн савдони йўлга қўйиши керак
Аввало ушбу даврда тадбиркорларга айтадиган маслаҳатим тушкунликка тушмаслик, қандай иқтисодий ҳолатга тушишидан қатъий назар ишонч ва ўзининг орзу-истакларини эсдан чиқармаслик ва ўзини тушкун вазиятдан олиб чиқиб кетишини олдиларига мақсад қилиб қўйиш кераклигини айтган бўлардим.

Ҳозирда онлайн савдо-сотиқ ривожланиб бормоқда. Уларга савдо-сотиқни онлайн тарзда ташкил этишни тавсия қиламан. Ҳар бир корхонанинг ўз веб-сайти бўлиши ҳамда мижозлари билан онлайн тарзда мулоқот қилиши учун майдон бўлиши керак. Онлайн савдо бутун дунёда амалга оширилмоқда. Келажакда бу фаолият яна-да ривожланади. Шунинг учун, ҳар бир корхонанинг интернетда ўз каналини очиш ва онлайн тарзда савдо сотиқни амалга оширишни йўлга қўйиш зарур.

Моҳира Нуруллаева

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг