Пай фондлари реестрини юритиш тартиби тасдиқланди
Адлия вазирлиги пай фондларининг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Мазкур ҳужжат 29 апрел куни 3825-рақам билан расмий рўйхатдан ўтган.
Янги тартиб пай фондларининг реестрини шакллантириш, юритиш ва унга ўзгартириш киритиш механизмларини белгилайди. Шунингдек, пай фондларини реестрдан чиқариш ҳамда уларга оид маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳам аниқ кўрсатиб берилган.
Қонунчиликка мувофиқ, пай фонди инвестиция фаолиятини амалга ошириш мақсадида камида икки нафар инвесторнинг пул маблағлари бирлаштирилиши асосида ташкил этилади. Ушбу маблағлар ишончли бошқарувга топширилади.
Пай фонди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан ягона реестрга киритилганидан сўнг расман ташкил этилган деб ҳисобланади. Шу билан бирга, тегишли маълумотлар агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Реестрга киритиш учун пай фондининг ишончли бошқарувчиси белгиланган ҳужжатлар тўпламини тақдим этади. Улар қаторида ариза, ишончли бошқарув шартномаси нусхаси ва бошқа зарур материаллар бор.
Агентлик ариза келиб тушганидан сўнг 7 иш куни ичида қарор қабул қилади. Бундай тизим орқали бозор иштирокчилари ҳақидаги маълумотлар марказлаштирилади.
Маълумот учун: Пай фонди — жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағларини бирлаштириб, профессионал бошқарув орқали инвестиция қилишга қаратилган молиявий инструмент ҳисобланади. Фонд активлари акциялар, облигациялар ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштирилади. Инвесторлар фонддаги ўз улушига мутаносиб равишда даромад олади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter