Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент қарори: «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси тугатилди

Президент қарори: «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси тугатилди

Фото: «Ўзбекчармпойабзали»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 3 май куни «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарор билан «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси унинг таркибига чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, бошқа ташкилотлар ихтиёрий равишда кирган ҳолда «Ўзчармсаноат» уюшмаси этиб қайта ташкил этилди.

Шунингдек, уюшма «Ўзбекчармпойабзали» уюшмасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади. Қуйидагилар уюшма фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

— уюшма аъзолари – ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига чорва молларини сўйиш ва тери тайёрлашдан хом ашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл ва жундан ишланган тайёр маҳсулот ва буюмлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараённинг барча босқичларида кўмаклашиш;

— корхоналарда илғор технологияларни, халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сифат менежменти тизимини татбиқ этишни рағбатлантириш, Уюшма аъзолари – ташкилотларни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;

— талаби юқори бўлган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, ички бозорни маҳаллий ишлаб чиқарилган импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш учун шарт-шароитлар яратиш;

— ички ва тармоқлараро кооперацияни, жумладан, чарм, мўйна хом ашёси ва жунни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган ташкилотлар, шунингдек, чорвачилик хўжаликлари, фурнитура ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперацияни ривожлантириш;

— чарм-пойабзал, мўйна, қоракўл маҳсулотлари ҳамда жундан ишланган буюмлар сегментларида ички ва ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини тизимли равишда олиб бориш, тармоқларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш, моделлаштириш ва брендлаш бўйича энг янги инновацион ишланмалардан фойдаланган ҳолда хом ашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг замонавий услубларини, шунингдек, илғор ахборот технологиялари ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини кенг жорий этиш;

— малакали кадрлар тайёрлаш ва тармоқнинг илмий салоҳиятини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқаришни хом ашё ва материалларнинг экологик тоза турларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқариш, таълим ва фаннинг ўзаро интеграцияси учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

— уюшма аъзолари – ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида, шунингдек, судларда ишларни кўришда ҳимоя қилиш.

2018 йил 1 июндан йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш бўйича талаб бекор қилинди.

2018 йил 1 августдан:

— Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали чармни (ТИФ ТН бўйича 4104-4107, 4112 00 000 0 – 4114 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан Давлат божхона қўмитаси ва уюшма билан келишилган ҳолда нарх экспертизаси ва лаборатория текширувларини ўтказган ҳолда амалга оширилади;

— чармни лаборатория текширувларидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази томонидан аккредитация қилинган органлар томонидан амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 41062 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг