Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

52 ҳамюртимиз ёниб кетган автобус эгаси Ўзбекистонда ушланди ва Қозоғистонда суд қилинмоқда

52 ҳамюртимиз ёниб кетган автобус эгаси Ўзбекистонда ушланди ва Қозоғистонда суд қилинмоқда

Фото: «Google.com»

Қозоғистон республикаси Туркистон вилоятида Ордухан Мехтиев суд қилинмоқда. У 1 декабрда Ўзбекистонда қўлга олинган ва Қозоғистонга экстрадиция қилинган эди.

Мехтиев Қозоғистон республикаси жиноят кодексининг 348 моддаси, 4-банди — «Транспорт воситасини сифатсиз таъмирлаш, икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган техник носоз транспорт воситасини фойдаланишга топшириш» бўйича айбланмоқда. 8 апрелда суд иши бошланган бўлиб, келгуси маҳкама иши 24 апрелга белгиланган.

Ордухан Мехтиев 4 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари жойлашган автобус 2018 йилнинг 18 январида Самара — Чимкент трассаси бўйлаб ҳаракатланиш чоғида Оқтўба вилояти Иргиз тумани ҳудудида ёниб кетган эди. Салонда 54 йўловчи ва 3 ҳайдовчи (Қозоғистон фуқаролари) бўлган. Йўловчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эди. Автобусдаги 52 ҳамюртимиз воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ёнғин автобуснинг ёқилғиси музлаб қолгач, ҳайдовчилардан бири исиниш мақсадида кавшарлашда ишлатиладиган лампани ёққанидан сўнг келиб чиққан. Автобус сониялар ичида ёниб кетган ва 52 ўзбекистонлик йўловчи салондан чиқишга улгурмаган. Фақат уч ҳайдовчи ва икки йўловчи тирик қолган.

Тергов чоғида автобус бир неча йил муқаддам техник кўрикдан ўтгани аниқланди. Унинг эгасида эса йўловчиларни мунтазам ташиш бўйича лицензия бўлмаган. Суд Оқтўбада ўтказилди ва уч ҳайдовчи 5 йил озодликдан маҳрум этилди. Механик ва фирма муассиси 3,5 йил умумий режимдаги колонияда жазо ўташга ҳукм этилган.

Озодликда фақат автобус эгаси Ордухан Мехтиев қолаётган эди. У халқаро қидирувга берилгач, орадан деярли бир йил ўтиб Ўзбекистонда қўлга олинган. Айни вақтда суд қилинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг