Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати хусусийлаштирилади – лойиҳа
Энергетика вазирлиги республика ҳудудларида аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнлари хусусий сектор субъектларини жалб этишга доир Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.
Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнлари ҳудуддаги истеъмолчиларнинг умумий сонини инобатга олган ҳолда хусусий операторларга ишончли бошқарувга бериш ишларини 2026 йил 1 сентябрдан бошлаш режа қилинмоқда.
Бунда хусусий операторлар умумий аҳоли истеъмолчилари сони 100 мингдан кўп бўлган, географик жиҳатдан бир-бирига яқин жойлашган туман ва шаҳар ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинади.
Янги тартиб, лойиҳага мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрга қадар Самарқанд вилоятида, 2026 йил 1 августга қадар эса тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани, Андижон вилояти Андижон тумани, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ишга тушади.
Вазирликнинг қайд этишича, бугунги кунда 3,7 млн аҳоли истеъмолчиларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Ҳозирги кунда истеъмолчиларнинг 3,6 млн.таси (94 фоиз) 40 кунгача, 205,3 мингтаси (5,4 фоиз) 50 кунгача, 3,1 мингтаси (0,08 фоиз) 50 кундан ортиқ муддатда суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.
Ўтган йиллар давомида суюлтирилган газ фаолияти тўлиқ зарарда (2022 йил – 151,9 млрд сўм, 2023 йил – 192,9 млрд сўм, 2024 йил – 81,4 млрд сўм зарар) фаолият кўрсатиб келган, шунингдек харид қилиш ва сотиш ўртасидаги корхона маржаси мазкур фаолиятни етарли даражада ишлаб туришига ва модернизация қилинишига ҳамда тўлиқ рақамлаштирилишига имкон бермаган.
Бундан ташқари, фаолият етарли даражада молиялаштирилмаганлиги ҳамда суюлтирилган газ етказиб бериш билан боғлиқ автотранспортлар, газ тўлдириш иншоотлари ва маиший газ баллонлар янгиланиб борилмаганлиги уларни жисмонан ва маънан эскириб боришига сабаб бўлган.
Таҳлилларга кўра, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ миқдорлари йилдан йилга камайиб бормоқда. Жумладан, 2025 йилда ажратилаётган суюлтирилган газ миқдорлари 519 минг тонна, 2024 йилда – 610,5 минг тонна, 2023 йилда – 628,6 минг тоннани ташкил этган. Бундан кўриниб турибдики суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи корхоналари томонидан йилдан йилга пасайиш кузатилмоқда.
Аҳоли эҳтиёжлари учун ўртача ойлик 56 минг тонна суюлтирилган газ зарур бўлади. «Ҳудудгазтаъминот суюлтирилган АЖ томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖдан имтиёзли нархда жами ишлаб чиқарилган суюлтирилган газни ёки ойига 29 минг тонна (декабр ойида) харид қилмоқда. Бу кўрсаткич йилдан-йилга камайиб боряпти.
Эҳтиёжнинг қолган 17 минг тоннасини бозор нархида қилиш зарур бўлади. Аҳолига сотиш нархида ўрнатилган тарифда суюлтирилган газ «Ўзбекнефтгаз» АЖдан харид қилинадиган имтиёзли нархида ҳисобга олинган. Бугунги кунда имтиёзли нарх 750 сўм/кг, бозор нархи 7000 сўм/кг, аҳолига сотиш нархи 2000 сўм/кг. Шу сабабли «Ҳудудгазтаъминот» АЖга нарх ўртасидаги тафовутни қоплаш манбаси яратилмаса, ушбу зарур ҳажмда суюлтирилган газни харид қилиш имкони бўлмайди. Натижада даврийлик 35 кундан 65-70 кунгача ортишига олиб келади. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter