Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алишер Қодиров: «Лўлиларни тинч қўйинг, Расул Кушербаев»

Алишер Қодиров: «Лўлиларни тинч қўйинг, Расул Кушербаев»

Фото: Xabar.uz

«Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров «лўличилик» сўзини ишлатганига изоҳ бераркан, бундан ҳақорат ясашга уринаётганларни айтиб ўтган.

«Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон қаҳрамони Саид Аҳмад «Чўл шамоллари» асарида «Комил лўлилик қилиб бировга гап бермай бидирлар, Қўзибой эса тўнғиллар эди», деганда ёки Ҳамидахон Зиёхонова «Биринчи мактуб» ҳикоясида «Арзанда қиз мактабда ҳам лўлилиги, урушқоқ ва бебошлиги билан ном чиқарди» деган жумлаларни ишлатганда лўли ватандошларимизни ҳақорат қилганмиди? Лўлилар бу асарларни ўқиб, ўзларини камситилгандек ҳис қилганларига жиддий шубҳам бор.

Ҳар бир миллатни ўзига хос сифатлари бўлади. Ўзбекларни «ўзбекчилик» деган сўз билан хос сифатларини айтиш ҳақорат бўлмаганидек, лўлиларни ҳам уларга хос бўлган хусусиятларининг номи «лўличилик»дир. Қачондан бошлаб миллий хусусиятлар ҳақорат бўлиб қолди? Бу сўздан миллатчилик ёки миллий камситишни излаш учун жуда қаттиқ ғазабда ёки соғлом ақлдан айрилган бўлиш керак.

Менимча, бир сўздан ҳақорат ясамоқчи бўлаётганларни лўлиларнинг шаъни эмас, Жиноят процессуал кодексида ўтмай қолган «электрон далиллар» туйнуги йўлига қўйилган тўсиқ кўпроқ ташвишга солмоқда.

Мен учун инсон Аллоҳнинг яратган бандаси, олий мавжудотдир, ўзбекми, русми, қозоқми ёки лўли, фарқи йўқ. Инсонни миллатига қараб эмас, тарбиясига қараб муносабатда бўламан. Эътиқодимиз ҳатто ҳайвонларга ҳурмат кўрсатишни талаб қилади.

Лекин инсонларнинг ичида ҳам айримлар бор дўст бўлгинг келади, гаплашиб тўймайсан, айримларни дўст деб ўйлайсан-у, яқинроқ билиб, виждонсизлигидан қайтиб юзига қарагинг келмайди...

Лўли ватандошларни тинч қўйинг Расул Кушербоев, «электрон далиллар»ингизга бетараф бўлишга розиман, лекин барча депутатлар ҳам сиз ўйлагандек таблодаги қизил тугмага қараб овоз бермайди», деган Қодиров ўз постида.

Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатасида Жиноят процессуал кодексини ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси атрофида баҳс-мунозарада Алишер Қодиров лойиҳани ҳимоя қилаётган Расул Кушербаевга «лўлилик қилманг» дегани ортидан самарқандлик лўли фаоллари депутатга қатъий эътироз билдиришган. «Фидойилар» маҳалласи марказида тўпланган миллат фаоллари Қодировни судга беришлари мумкинлигини айтишган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг