Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади — Президент қарори

Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ, буюк давлат арбоби ва саркарда, Иккинчи Уйғониш даври — Темурийлар Ренессанси бунёдкори Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади.

Қарорда қайд этилишича, Амир Темур миллий давлатчилигимиз ва жаҳон тарихида беқиёс ўрин тутади. Мустақиллик йилларида улуғ аждодимизнинг муборак номи ва бой мероси тарихий адолат асосида қайта тикланиб, унинг сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланган.

Юбилей тадбирлари доирасида апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, мамлакат бўйлаб таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, ташкилотлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси”га мувофиқ, темурийлар даври тарихини тизимли ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш назарда тутилган. Жумладан, жорий йил 9–10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида халқаро илмий конференция ўтказилади, “Темур тузуклари” асари бир қатор хорижий тилларда илмий изоҳлар билан нашр этилади, нодир қўлёзмалар ва маданий дурдоналарга бағишланган китоб-альбомлар тайёрланади.

Шунингдек, хорижий давлатларда сақланаётган темурийлар даврига оид асл ёзма манбалар нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш, тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмларни Европа мамлакатларида намойиш этиш ҳам режалаштирилган.

2026 йил 1 мартдан бошлаб “Буюк темурийлар” атамасини халқаро илмий истилоҳ сифатида жорий этиш мақсадида хорижий давлатларда тақдимотлар ва медиа тадбирлар ўтказилади.

Мазкур санага бағишланган почта маркалари ва конвертлар, тақвимлар яратилади, эсдалик, кумуш ва олтин юбилей тангалари муомалага чиқарилади. 

Қарор ижроси доирасида Темурийлар тарихи давлат музейини реконструкция қилиш, рақамлаштириш ва янги экспозициясини яратиш ишлари ҳам амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг