Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижонда ноқонуний ер савдоси билан шуғулланган мансабдорлар қўлга олинди

Андижонда ноқонуний ер савдоси билан шуғулланган мансабдорлар қўлга олинди

Фото: ДХХ

Андижонда ўз хизмат ваколатидан фойдаланиб, давлатга қарашли ердан мўмай даромад олишга уринган мансабдорлар фош этилди.

Фарғона водийси магистрал каналлар бошқармаси 2-Шаҳрихон бўлими 3-гидроучасткаси бошлиғи чорвачилик қилмоқчи бўлган кишига Катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидаги 30 сотих ерни олиб бермоқчи бўлди. У ер майдонини ижара асосида фойдаланиш учун ҳужжатларни мансабдор танишлари орқали тўғрилаб беришни ваъда қилиб, эвазига 40,5 минг доллар сўраган.

У айтилган пулнинг 20 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ноқонуний ишга Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси бўлим бошлиғи ҳам алоқадорлиги аниқланган. Тезкор тадбир давомида у 20 минг доллардан 3 минг долларни олган вақтида қўлга тушган.

Бундан ташқари, ушбу ер майдонидан ижара асосида фойдаланиб келаётган Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси 2-Шаҳрихон бўлими 3-гидроучасткаси ходими ерни бериш учун 19 минг АҚШ доллари талаб қилганлиги ҳолати ҳам тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Кейинги ҳолатда эса Олтинкўл туманидаги таълим муассасаси директори 10 минг доллар пора билан ушланди. Маълумотга кўра, хусусий автомактаб аукцион орқали ушбу таълим муассасасининг 1,1 гектар ерини ютиб олган. Директор эса икки ўртадаги келишув шартномасини тасдиқлаб бериш учун 15 минг доллар талаб қилиб, шундан 10 мингини олаётганда қўлга тушган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг