Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар қори Турсунов микроинсультни бошдан кечирди

Анвар қори Турсунов микроинсультни бошдан кечирди

Фото: «minor.uz»

Тошкент шаҳар ва «Минор» масжиди бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов микроинсультни бошдан кечирди.

Анвар қори операция қилинган ва ҳозирда аҳволи анча яхши. У бугунги жума намозида иштирок эта олмайди, кейинги ҳафтадан бошлаб фаолиятини давом эттириши кутиляпти.

Маълумот учун, Анвар қори Турсунов 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Ҳамза туманида хизматчи оиласида туғилган. 1966-1976-йилларда Ҳамза туманидаги 198-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган.

1981 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов меҳнат фаолиятини 1981-1984-йилларда «Ёшлик» журналида муҳаррир вазифасидан бошлаган. Сўнгра Ўзбекистон фанлар академияси илмий ходими, Абдулла Қаҳҳор уй музейи илмий ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррир каби лавозимларда фаолият кўрсатган.

У диний соҳадаги фаолиятини 1994-1999-йилларда Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидаги «Янгиобод» жоме масжиди имом-хатиби сифатида бошлаган. 1999 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ҳамда «Хўжа Аҳрор Валий» жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаган. 2015 йилдан «Минор» жоме масжиди бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритмоқда.

Таҳририятимиз номидан Анвар қори Турсуновга шифо тилаймиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг