Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Арзон уй-жойга қандай эга бўлиш мумкин?

Арзон уй-жойга қандай эга бўлиш мумкин?

Фото: «Жиззах овози» газетаси

Янги оила қурган борки, ўз уйим бўлса, рўзғоримни ўзим юритсам деб ният қилади. Аммо бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ҳамманинг ҳам ер олиб уй кўтариш ёки тайёр хонадонни сотиб олишга қурби етмайди. Арзон уй-жойга муҳтожлар шунчалик кўпки, буни туман ҳокимликлари уй-жой бўлимига тушаётган аризаларнинг сонидан ҳам билса бўлади. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017 — 2020-йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айнан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламини уй-жой билан таъминлашни кўзда тутади. Хўш, бундай уйларга эгалик қилиш учун қандай талабларга жавоб бериш керак? Яна қандай қўшимча шартлари бор? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида мухбиримиз Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани уй-жойларни ҳисобга олиш ва тақсимлаш бўлими мутахассиси Дилмурод Ҳамдамов билан суҳбатлашди.

Ҳаммаси жуда осон

— Фуқароларга арзон уй олиш тартибини тушунтириб берсангиз.

— Дастлаб туман ҳокимликларида ташкил этилган ҳудудий комиссияга ариза билан мурожаат этилади. Комиссия фуқарони уйга эҳтиёжмандлик мезонларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиб чиқади. Ижобий хулоса берилса, ушбу фуқарога қурилаётган кўп квартирали уйдаги хонадонлардан бири бириктирилади.

Барча расмийлаштириш жараёнлари ниҳоясига етгандан сўнг банк томонидан фуқарога бириктирилган хонадонни сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредити ажратилади. Жисмоний шахс дастлабки бадални унга квартира бириктирилгандан кейин 60 календарь кундан кечикмай тўлаши шарт. Квартира қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал тўланмаган тақдирда ҳудудий комиссиянинг квартирани жисмоний шахсга бириктириш ҳақидаги протокол қарори ўз кучини йўқотади.​

Банкка қандай ҳужжатлар керак?

— Низомга кўра кўп квартирали уй қуриб битказилганидан сўнг бириктирилган хонадонни сотиб олиш учун фуқаро «Ипотекабанк»нинг филиалига мурожаат этиши лозим. Бунда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

— Ипотека кредити ажратилиши учун қуйидаги ҳужжатлар зарур:

- ипотека кредитини олиш учун ариза;

- кредит олувчи(биргаликда кредит олувчи)нинг паспорти (банк томонидан нусхалар олинади);

- кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) томонидан охирги 12 ойда олган даромади тўғрисида маълумотнома.

Кредит олувчига ипотека кредити 20 йил муддатга 3 йил
имтиёзли давр билан тақдим этилади. Кредитнинг фоизи – дастлабки 5 йилда йиллик 7 фоиз, кейинги йилларда Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бўлади.

Тўлов учун маблағдан солиқ олинмайди

— Ипотека кредитини тўлашда қандай имтиёзлар бор?

— Кредит олувчи (оила аъзолари) кредитни қайтариш учун йўналтирилган маблағидан солиқ тўламайди. Шунингдек, корхоналарнинг қайтиб олмаслик шарти билан ўз ходимларига ипотека кредитининг бошланғич бадалини тўлаган маблағи ва кредит тўлиқ қайтгунига қадар ипотека кредитига сотиб олинган хонадон мол-мулк солиғига тортилмайди.

 Комиссия муҳтожларни қандай аниқлайди?

Ҳудудий комиссия фуқаронинг уйга муҳтожлигини қандай аниқлайди?

— Аввало маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва аризачининг икки нафар қўшниси томонидан фуқаронинг ҳақиқатан ҳам уйга муҳтожлигини тасдиқловчи далолатнома тақдим этилади. Шунингдек, уй шароитини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахснинг қуйида кўрсатилган мезонлардан бирига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар талаб этилади:

- ўз уйининг йўқлиги ёки эскирган уйда яшаш;

- бир уйда (бир квартирада) бошқа оила ёки бошқа оилалар билан биргаликда яшаш;

- кўп болали оила;

- она(ота)нинг тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаши; 

- ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

- оила таркибида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги;

- тураржой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тураржой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;

- таянч докторантуранинг 2-курсидан бошлаб олий таълимдан кейинги таълим институтида таҳсил олаётган докторантлар.

 Бир кишига неча квадрат метр?

— Фуқароларга арзон уй ажратишда оила аъзолари сони ҳисобга олинадими ёки бир уйда яшаётган оилалар соними?

— Бунда биринчи навбатда бир уйда яшаётган оилалар сони инобатга олинади. Шунингдек, оила аъзолари сони ва доимий рўйхатда турган хонадон майдони ҳам ҳисобланади. Низомда кўрсатилганидек, тураржой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий нормага мувофиқ эмаслиги текширилади. Яъни бир кишига 16 кв/метр, агар у ногирон бўлса, 23 кв/метр майдондан кам жой тўғри келса, демаак у ҳақиқатан уйга муҳтож ҳисобланади. Албатта, бунда ҳар бир мезонни синчиклаб ўрганиб чиқамиз. Барча мезонларга мос келиб, уй шароити яхши бўладиган бўлса, маҳалла раиси ва қўшнилари унинг ҳақиқий муҳтожлигини тасдиқламаса, ундай фуқарога уй ажратилмайди. Комиссия аъзолари аризаларни иложи борича адолат нуқтаи назаридан кўриб чиқади. Ҳар бир аризачи билан шахсан суҳбатлашади.

 Акасининг иккита уйи бўлса...

— Ака ёки уканинг номида бўлган уй фуқаронинг арзон хонадонлардан бирини олишига тўсқинлик қиладими?

— Комиссия ариза берувчининг молиявий аҳволи ва шароитини ўрганаётганда қариндошлик даражасига алоҳида эътибор қаратади. Ака ёки уканинг номида икки ёки ундан кўп уй бўлган тақдирда ҳам ўзининг номида уйи бўлмаса, муҳтожлигига таъсир этмайди. Фақатгина ота ёки онасининг номидаги катта мол-мулк арзон уй олишга халақит қилиши мумкин. Шунда ҳам комиссия аъзолари ота-онаси билан мол-мулкини фарзандига бериши ёки бермаслиги борасида суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритади. Чунки баъзи ҳолларда ота ёки она мол-мулкини ўз фарзандига эмас, бошқа бир бегона шахсларга васият қилиб қолдиришни кўзлаган бўлиши ҳам мумкин.

 Уйланмаганларга уй йўқми?

— Уйланмаган фуқаролар уйсиз, ота-онасидан алоҳида яшаётган бўлса, уларга ҳам арзон уйлар бериладими?

— Тўғриси, ҳали бундай ариза бизнинг туманимиз комиссиясига келиб тушмади. Агар ҳақиқатан ҳам уйга муҳтожлиги аниқланса, комиссия ўз қарорини айтади.

 Бу йил туманда 546 оила уйли бўлади

— Бу йил Мирзо Улуғбек туманида нечта оила уйли бўлиши кутилмоқда?

— Шу вақтгача туман комиссиясига 2077 та ариза келиб тушган бўлиб, 1300 таси кўриб чиқилган. Шундан 748 та оилага уй бириктирилди. Уларнинг 238 таси айни пайтда янги уйларига кўчиб ўтиб, яшаб келмоқда. Бу йилги ҳисоб-китобларга кўра туманимизнинг уй-жойга муҳтож аҳолиси учун 546 та хонадон ажратилган.

 Навбатингизни «Telegram» орқали кузатинг

— Ариза топширган фуқаролар навбатини онлайн тарзда кузатиш имконияти яратилганми?

— Тошкент шаҳрида қурилаётган арзон уйларга онлайн навбатга қўйиш тизимини яратиш бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ходимлари иш олиб бормоқда. Лойиҳа муваффақиятли синовдан ўтгандан сўнг тўла ишга тушади ва фуқаролар арзон уй олиш учун онлайн ариза топшириш, навбатини кузатиш имконига эга бўлади.

Айни пайтда туманимизда арзон уйларга навбатда турганларга ахборот бериб бориш учун t.me/arzonuy «Telegram» каналимизни ишга туширганмиз. У ерда комиссия фаолиятидаги янгиликлар, навбатлар кетма-кетлигини жойлаштириб борамиз.

«Жамият» мухбири Бекзод Иброҳимов суҳбатлашди.

«Жамият» газетасининг 2018 йил 18 май сонидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг