Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аслидан кўра «улюги» қиммат ёки хўжалик пахтасининг нархи нега осмонда?

Аслидан кўра «улюги» қиммат ёки хўжалик пахтасининг нархи нега осмонда?

Фото: «SNG.today»

Келин сарпосида янги кўрпа-ёстиқлар, кўрпачалар бўлиши ўзбекона қадриятлардан бири. Дарвоқе, яп-янги, оҳори тўкилмаган кўрпачалар солинган меҳмонхоналарнинг файзи-таровати ўзгача бўлиши барчага маълум. Шу боисдан тўйга тайёргарлик жараёнида хўжалик пахтаси учун сарфланадиган харажатлар ҳам бор. Айни кунда ушбу маҳсулот нархларининг кескин ошгани ёки бозор расталаридан йўқолиб қолгани кўпчиликни ўйлантириб қўйди.

— Яқинда қиз узатдим. Қудаларнинг талабига биноан юз килограммдан зиёд пахта (хўжалик пахтаси) сотиб олишимга тўғри келди, — дейди арнасойлик фермер Юлдуз Соттиева. — Унинг ҳар бир килосига ўн беш минг сўмдан пул тўладим. Холбуки, ўзимиз пахта етиштириб, унинг энг аъло навини икки минг сўмдан сотяпмиз. Аслида, хўжалик пахтаси биз топширган хомашёнинг чиқиндиси — калта момиқ ва «улюг»идан тайёрланади. Шундай экан, нега бу матоҳнинг нархи осмонда?

Ўринли эътироз! Шундай эмасми? Айниқса, ўғил уйлантирган, қиз узатганлар, қуда-андалар буни яхши англайдилар, деб ўйлаймиз. Шу сингари фикрлардан келиб чиқиб пойтахтимиздаги  айрим дўконлар, хусусан Уста Ширин, Чимкент йўли, Юнус ота кўчаларида жойлашган савдо нуқталаридаги хўжалик пахтасининг нархлари билан қизиқдик. Уларнинг барчасида бу ашёнинг баҳоси 13-14 минг сўмдан кам эмас. Сифати ҳам ҳаминқадар. Бироқ сотувчиларнинг тили бийрон: нархи ҳамёнбоп, сифатига гап йўқ, дейишдан чарчашмайди.

Қайси заводда ишлаб чиқарилган, сертификати борми? — сўраймиз сотувчидан.

—  Ока, Ўзбекистонда завод қолганми? — саволга эътироз билдиради у гўё мамлакатимизда 100 дан зиёд пахта тозалаш заводи борлигини билмагандек. — Цехларнинг махсулоти-ку булар.

Дарҳақиқат, қайси савдо нуқтасига бормайлик, биронтасида пахта тозалаш заводларида тайёрланган ашёни кўрмадик. Барчасида цехларда тайёрланган маҳсулотлар. Ажабо, юртимиздаги пахта заводлари нега бу иш билан шуғулланмай қўйган? Ёки бу нарса уларга фойда келтирмаяптими?

Бу саволларга жавоб топиш ниятида «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти раҳбариятига мурожаат қилдик. Ташкилот тасарруфидаги корхоналарда пахта хомашёсини қайта ишлаш натижасида олинадиган, хўжалик пахтасининг таркибий  қисми бўлган момиқ, калта момиқ ва пахта «улюги»нинг умумий миқдорлари, реализация қилиш ва сотиш тартиблари ҳамда бунга оид меъёрий ҳужжатлар ҳақида маълумотлар, шунингдек юқорида баён этилган муаммони ҳал этиш учун зарур таклифлар берилишини сўрадик.

Фото: «Uzpakhtaexport.uz»

Кўриб турганингиздек, саволлар у қадар қийин эмас. Аслида, уларга Интернет тармоғидан ҳам жавоб топсак бўларди, бироқ «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг интернетдаги сайтидан жамият раҳбарларининг таржимаи ҳолию рукнлардан бошқа маълумот тополмадик. Хуллас, 11 кундан сўнг (тезкорликка қаранг) Бошқарув раисининг ўринбосари А.Султонов имзоси билан қуйидаги жавоб хати олинди:

«Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти Сизнинг 2018 йил 26 январдаги 21-сонли хатингизни белгиланган тартибда ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади. Пахта хом ашёсини пахта тозалаш корхоналарида қайта ишлаш натижасида пахта толаси, техник чигит, момиқ(линт), таркибида улюк ва калта момиқ /пух/ бўлган саноат чиқиндилари олинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги «Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3408-сонли қарорида  пахта толаси, пахта момиғи(линт) ва техник чигит маҳсулотларини истеъмолчиларга сотиш пахта тозалаш корхоналари билан тузилган воситачилик шартномалари  бўйича «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамасининг 2018 йил 6 январдаги 17-Ф-сон фармойишига мувофиқ пахта линтини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш параметрларига асосан, «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан 2018 йилда 88000,0 тонна пахта линтини биржа савдолар орқали сотиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 2017 йил 31 октябрда 2017 йил пахта ҳосили учун пахта момиғи, техник чигит ва пахта тозалаш саноати чиқиндиларининг улгуржи нархлари тасдиқланган. «Ўзпахтасаноат» АЖ таркибида «улюк» бўлган саноат чиқиндиларини сотиб олишда барча ишлаб чиқарувчиларга тенг сотиб олиш шарт-шароитларини яратиш ошкоралик, талабларнинг ягоналиги ва сотиб олиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва бошқа амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, 2018 йил 29 январь куни аукцион савдоси ўтказилди.

Бугунги кунда «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан тизимдаги барча пахта тозалаш корхоналарида пахта хом ашёсини қайта ишлашдан чиққан таркибида калта момиқ (пух) бўлган саноат чиқиндилари тўлиқ хатловдан (инвентаризация) ўтказилаётгани ҳамда ушбу маҳсулотни сотиш тартиби қайта кўриб чиқилаётгани маълум қилинади.

Жавобдан қониқиш ҳосил қилиш қийин. Негаки, унда соҳага оид меъёрий ҳужжатлар батафсил келтирилган бўлса-да, муаммони ҳал этиш юзасидан жўяли таклиф ёки мулоҳазалар билдирилмаган. Аслида биз хат йўллаганда муштарийларимиз учун бирор янгилик олишни, оддий одамларни ўйлантираётган муаммони ҳал этиш бўйича таклифлар айтилишини кутган эдик. Афсуски, янглишган эканмиз. Бизнинг вазифамиз, мавжуд муаммони ҳал этиш эмас, балки жамоатчилик назаридан четда қолаётган оғриқли нуқталарни, унинг қоронғу жойларини кўрсатишдан иборат. Шу нуқтаи назардан, биз чироқни ёқдик, холос.

Юртимизда баҳор нафаси кеза бошлади, байрамлар тўйларга уланади. Ўзбек хонадони борки, маросимлар туфайли хўжалик пахтасига эҳтиёж сезади. Тўйбошиларнинг айтишича, айни кунда қиз чиқариш ёки ўғил уйлантириш учун пахтага сарфланадиган ҳаражат ўртача 4,5 миллион сўм атрофида бўлмоқда. Буни кўпчиликнинг чўнтаги кўтармай, қарз олишига тўғри келаяпти.  Шунинг учун, хўжалик пахтасига бўлган талабни ҳисобга олиб уни бозорларда арзон нархларда сотиш ва сунъий тақчиллик юзага келмаслигини назорат қилиш лозим.

Норбобо Шакаров


«Жамият» газетасидан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг