Айрим тоифа ўқитувчиларга самолёт ва поезд чипталари учун чегирма берилиши мумкин
Ўзбекистонда рейтингда юқори ўринларни эгаллаган таълим муассасалари педагогларини рағбатлантириш бўйича янги тартиб жорий этилиши режалаштирилмоқда. Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, республика рейтингида энг яхши натижа кўрсатган мактаб, боғча, техникум ва олий таълим муассасалари педагогларига мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поезд чипталарида чегирмалар берилиши мумкин.
Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур ташаббус ўқитувчи ва мураббийларни ижтимоий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Лойиҳага кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
- республика рейтингида TOP-100 таликка кирган умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим ташкилотлари;
- TOP-20 таликдаги техникумлар;
- TOP-10 таликдаги олий таълим муассасалари педагогларига чегирмалар тақдим этилади.
Низомга мувофиқ, педагогларга календар йилида бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поезд чипталари тариф қисмига 15 фоиз чегирма берилади. Бунда юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ушбу имтиёз доирасига кирмайди.
Чегирмалар маҳаллий авиақатновларнинг эконом-класс чипталари ҳамда поездларнинг плацкарт ва купе вагонларига татбиқ этилади.
Ҳужжатда белгиланишича, чипталарни расмийлаштириш учун педагоглар таълим муассасасидан махсус маълумотнома олиши керак бўлади. Чипталар «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Uzbekistan Airways» тизимлари орқали расмийлаштирилади. Электрон чипталарни эса e-ticket.uz ҳамда book.uzairways.com платформалари орқали харид қилиш мумкин.
Шунингдек, педагогларга тақдим этиладиган чегирмалар сабаб юзага келган харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши назарда тутилган.
Таъкидланишича, ушбу тартиб ўқитувчиларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш, уларнинг касбига бўлган ҳурматни ошириш ҳамда таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter