Бехосдан ерга тўкилган олмалар...
Хитойда бир видео роса машҳур бўлди. Унда мактаб ўқувчилари скутерда кетаётиб, бехосдан йўл четида турган машинанинг ён томонини чизиб юборишгани, кутилганидек қочиб кетмасдан, бу воқеадан бехабар бўлган машина эгаси олдига келиб, ундан узр сўрашгани акс этган...
Шу лавҳани кўриб, яқинда пойтахтимиздаги ТТЗ бозорида бўлган воқеа эсимга тушди: чамаси ўн ёшлар атрофида елкасига сумка осган ўқувчи бола бозорга киришдаги йўлакда олма сотаётганларнинг олдидан ўтиб кетаётиб, шошилганиданми, олма турган қутини бехосдан туртиб юборди. Олмалар ерга думалади. Болакай тезда ортига қайтиб, олмаларни қутига тера бошлади. Сотувчи телефонда гаплашаётгани учун, вазиятга эътиборсиз қаради ва суҳбатида давом этди. Болага ноқулай бўлди, шекилли, сотувчи қўнғироқлашиб бўлишини кутиб турди. Сотувчи болага қараб, «нима керак...?» дегандек юзланди. Болакай бироз каловланиб турди-да, «олма қутисини билмай туртвордим, узр. Керак бўлса ерга тушиб кетганларининг пулини бераман», деб чўнтагидан бироз ғижимланган икки минг сўмликларни чиқарди (бори шу бўлса керак). Сотувчи пулларга қараб, жилмайди-да, «керакмас» дегандек қўлини силтади.
Бу воқеани кўриб, болакайга, унинг тарбияси, маданиятига ҳавасим келди. Сотувчининг ҳам бағрикенглиги таҳсинга лойиқ. Вазият бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Масалан, болакай тўкилган олмаларни термаслиги, ўзининг қилган ишидан ҳижолат тортмаслиги, сотувчи бу ҳолатдан асабийлашиши, бақириши мумкин эди... Ундай бўлмади, бу ҳолат нафақат болакай ва сотувчининг қалбида илиқлик пайдо қилди, балки атрофдагилар учун сабоқ бўлди. Ҳарқалай, «миллатимиз барибир зўр...» дедим ўзимга ўзим. Фақат яхшисини ҳам кўра билсак бўлди...
Салим Дониёров facebook саҳифасидан олинди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter