Бола ўғирликка қўл урди. Нега?
Ёшлар ҳақида гап кетганда, кўпинча умумий ва чиройли иборалар ишлатилади. Аммо ҳаётда-чи? Айрим ҳолларда баъзи ёшларнинг хатти-ҳаракатлари тарбиядаги етишмовчиликни, эътиборсизликни ёки атроф-муҳит таъсирини очиқ кўрсатиб қўяди. Бу ҳолатни фақат «тарбиясизлик» деб баҳолаш осон, аммо масаланинг моҳияти ундан анча чуқур. Чунки боланинг хулқи – уни ўраб турган муҳитнинг, муносабатнинг ва назоратсиз қолган жиҳатларнинг натижасидир.
– Нодир (исми ўзгартирилди) ҳозирда саккизинчи синфда ўқийди, – дейди Паркент тумани ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар масаласи бўйича инспектор-психолог, катта лейтенант Гулчеҳра Мирзахмедова. – У ўғрилик содир этган. Мазкур ҳолатнинг сабаблари ўрганилганда, боланинг ота-онаси деҳқончилик орқасида тирикчилик қилиши, у бувисининг қарамоғига ишониб қолдирилгани маълум бўлди. Дастлаб Нодир бувисининг эркаси бўлиб, унинг пенсия пулларини бемалол ишлатиб юрган, кейин «эҳтиёжлари» ортган. Ва бегона чўнтакка қўл солиб, пул ўғрилаган. Ташвишлиси, боланинг ўғрилик қилишдан мақсади осонгина пул топиш эканлиги. Ваҳоланки, ҳозир у ўқиш, ўрганиш, келажакдаги орзулари пойдеворини қўйиш палласида. Бироқ оилавий муҳитнинг носоғломлиги, назоратсиз қолиши, вақтини беҳуда сарфлаши билан боғлиқ бир-бирини тўлдирган важлар сабаб ҳуқуқбузарликка қўл уряпти. Ҳозирда Нодир жиноят содир этишга мойил ўсмирлар рўйхатида туради. У билан гоҳ якка, гоҳида ота-онаси иштирокида профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан тақдим этилган мавзуга доир рақамларни келтириб ўтсак. Мамлакатимиз бўйича 2024 йилда вояга етмаганлар томонидан 3 112 та олдини олиш мумкин бўлган жиноят содир этилган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 2 798 тага тушган. Яъни, жиноятлар сони 10,1 фоизга камайган. Бу эса мактаб, оила, маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Бироқ бир нафар боланинг қонун чегарасини бузиб ўтиши ҳам унинг келажагига салбий маънода соя солиши мумкинлиги бизни ташвишлантириши керак. Масаланинг ўйлаб кўриладиган томони ҳам шунда.
– Ёшлар томонидан содир этилган жиноятларни ўтган йил мисолида таҳлил этадиган бўлсак, ҳар иккинчиси (1313та) ўғриликка тўғри келади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти Жиноятчилик омилларини тадқиқ қилиш маркази илмий ходим-тадқиқотчиси, майор Мадина Абдижалилова. – Шунингдек, 84 та фирибгарлик, 193 та безорилик, 87 та талончилик, 68 та оғир тан жароҳати етказиш, 68 та транспорт воситасини олиб қочиш, 36 та номусга тегиш, 17 та босқинчилик ва 15 та қотиллик ҳолатлари қайд этилган. Шу ўринда яна бир хавотирли жиҳатни айтиб ўтишим керак. Ушбу жиноятларнинг 12 фоизи ахборот технологиялари орқали содир этилган. Бу бевосита интернет ёшлар учун имконият эшикларини очиш баробарида, киберфирибгарлик ва виртуал тажовуз каби хавф-хатарларни ҳам олиб келаётганини далиллайди.
Жамиятда ёшлар жиноятчилиги ҳақида гап кетганда, кўпинча оқибатга эътибор қаратилади. Аслида эса муаммони тушуниш учун сабабларга назар ташлаш муҳим. Таҳлилларга кўра, ёшлар ўртасида жиноятга олиб келаётган омиллар орасида ота-онанинг тарбиявий намунаси омили етакчи ўринда туради. Бу кўрсаткич бола шахсининг шаклланишида оиланинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатади. Чунки бола, энг аввало, ота-онасининг кундалик хулқ-атвори, муносабати ва ҳаёт тарзидан ўрнак олади. Оилада қонунга ҳурмат, меҳнатсеварлик ва масъулият ҳисси устувор бўлса, болада ҳам шу қадриятлар шаклланади. Аксинча, бепарволик ёки зўравонлик мавжуд муҳитда ўсган боланинг салбий хулқ-атворга мойил бўлиши эҳтимоли ошади.
Ҳа, доно халқимиз тилидаги «Қуш уясида кўрганини қилади» мақоли ёш авлод тарбиясида ҳаётий асосларига таянган ҳикматдир. Бугун вояга етмаганлар жиноятчилиги фақатгина ички ишлар органларининг муаммоси эмас. Болалардаги салбий ўзгариш аввало ота-онани, қолаверса, мактаб, маҳалла ва бутун жамиятни ташвишга солиши лозим. Бунда энг муҳим мақсад – боланинг хатосини ўз вақтида тўғрилаш, унинг хатти-ҳаракатларини назоратга олиш. Шунингдек, балоғат даврининг беқарор кайфияти, қизиққонлик ва ўзини намоён қилиш истагининг кучлилиги, ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги ҳам кутилмаган оғир оқибатларга сабаб бўлишини унутмаслик керак.
Болаларнинг саволлари кўп. Бу саволларга улар улғайгани сайин жавоб топиб боради. Кимнинг кўмагида? Албатта, яқинлари, ота-онаси, устоз-мураббийлари, тенгдошлари билан мулоқотда, ўзаро суҳбатда. Демак, ҳамма истакнинг рўёби маслак бирлиги, дўстона тиллашишда, тўғри тарбияда.
Гулноза Турғунбоева


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter