Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир келиб кетинг, қишлоғимизга...

Бир келиб кетинг, қишлоғимизга...

Фото: «Xabar.uz»

Ҳар гал бу дилга яқин қўшиқни тинглаганда қалбингизни олис болалик хотиралари, сўлим қишлоқлар соғинчи чулғаб олади, тароватли боғлар хаёли, кетмонига суянган самимий ва оддий меҳнаткаш инсонлар қиёфаси кўз ўнгингизда гавдаланади. Қир-адирларда акс садо берган ёшликнинг овозини қўмсайсиз, она қишлоғингизга отлангингиз келади...

Ўзбекистон қишлоқлари азал-азалдан гўзал ва тароватли. Бугунги кунда юртимизнинг олис гўшаларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари қишлоқлар қиёфасини янада ўзгартириб юборди, десак асло муболаға бўлмайди. Шаҳарга тенглашаётган қишлоқлар жамолини кўриб кўзингиз қувонади. Замонавий уй-жойлар, шаҳарникидан қолишмайдиган шарт-шароитлар, албатта, замондошларимизнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун яратилаётганлиги айни ҳақиқат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаган «... халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир» сўзлари бугун ҳаётда ўз исботини топаётганлиги эртанги кунга катта ишончдир.

«Обод қишлоқ» лойиҳасини амалга ошириш ҳаракатлари Навоий вилоятида баҳорнинг илк кунларида юртбошимизнинг Навоий вилоятига айнан энг олис Томди туманига ташрифи чоғидан бошланган эди. Орадан ўтган қисқа фурсатда «Обод қишлоқ» лойиҳасига киритилган қишлоқлар таниб бўлмас даражада ўзгарди.

Томди туманидаги Утемурат, Нурота туманидаги Чуя, Учқудуқ туманидаги Қулқудуқ, Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон, Қизилтепа туманидаги Маликобод қишлоқлари «Обод қишлоқ» лойиҳаси бўйича танлаб олинган. Барча ҳудудларда иш қизғин. Хусусан, Томди туманидаги Утемурат қишлоғини бугун улкан қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Туман марказидан салкам 150 километр олисда жойлашган чорвадорлар юрти — 1659 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 184 хонадонли ушбу қишлоқда уй-жойлар ва бошқа объектларни қуриш-таъмирлаш ишларига 70та вилоят ва туман ташкилотлари, 310 нафар ишчи, 11та техника жалб этилган.

Фото: «Xabar.uz»

Лойиҳанинг биринчи босқичида қурилиш нормалари ва санитария талабларига жавоб бермайдиган, таъмирталаб уйлар, яъни 154та тураржойдан аксарият қисми таъмирдан чиқарилди. Қишлоқда биттадан маҳалла гузари, болалар боғчаси, ва спорт майдончаси қурилиши давом этмоқда.

— Томдига Президентимизнинг ташрифлари биз қизилқумликларнинг кўнглини ниҳоятда кўтарди, — дейди Томди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси  Зиба Тулекова. — Тўғриси, кейинги йилларда иқлим ўзгариши, об-ҳаво инжиқликлари, бозор иқтисодиёти мураккабликлари томдиликларни бироз қийнаб қўйганди... Туманимиз аҳолисининг 51,2 фоизини аёллар ташкил қилади. Яратилаётган шарт-шароитлар энг аввало аёлларимизнинг оғирини енгил, турмушини фаровон қилишга қаратилган. Бугун тўқсон йиллик тарихга эга Томди ўзгача қиёфа касб этиб, янгиланиш нафасини ҳис қилмоқда.

— «Обод қишлоқ»ларни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш қийин, албатта, — дейди Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ф.Тешаев. — Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган барча ободонлаштириш ва қурилиш ишларини доимий мониторинг қилиб бориш мақсадида видеокузатув тизимини ҳамда мазкур қишлоқлар ва вилоят ҳокимлигида ташкил этилган штаблар ўртасида аудиоселектор тизимини ташкил этиш йўлга қўйилган.

Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон қишлоғида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларининг онлайн видеокузатуви ташкил этилди. Қизилтепадаги Маликобод қишлоғидаги иш жараёнларини видеокузатиш йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, мобил алоқа операторлари томонидан мазкур обод қишлоқларда замонавий алоқа ва интернет хизматлари кўрсатиш борасида ишлар амалга оширилмоқда. «ЎзМобайл» филиали Навоий боғламаси мутахассислари томонидан жорий йилнинг март ойида Томди тумани Утемурат қишлоғида ишлаб турган СDМА-450 1х технологиясидан СDМА-450 EVDO юқори тезликдаги интернет хизматини тақдим этадиган технологияга ўтказилиши ташкил этилди.

Учқудуқ туманидаги Қулқудуқ қишлоғи ҳудудида ҳам «ЎзМобайл» мобил алоқа операторининг юқори тезликдаги интернет хизматини тақдим этадиган СDМА-450 EVDO технологиясига ўтказилиши ташкил этилган.

Бундан ташқари, Нурота туманидаги Чуя қишлоғи ҳудуди UMS, Ucell мобил алоқа операторларининг GSM (2G) ҳамда «ЎзМобайл» мобил алоқа операторининг CDMA технологиялари бўйича алоқа қамрови билан таъминланган. 2018 йилнинг охирига қадар Ucell оператори томонидан ушбу ҳудудда 3G тармоғини ишга тушириш режалаштирилган.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони бошланган бундай хайрли ишларнинг ҳуқуқий асосларини яратиб бериши, халқимизнинг ёруғ келажагини таъминлаши шубҳасиз.

Маруса Ҳосилова, «Xabar» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг