Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бола қобилиятини нималар «ўлдиради»?

Бола қобилиятини нималар «ўлдиради»?

Фото: «Myday.uz»

Инсоният тарихида бола тарбияси ҳамиша етакчи мавзулардан бири бўлиб келган. Ўзини ҳурмат қилган ва келажагига беэътибор бўлмаган инсон борки, фарзандининг тарбияси, таълим олиши ва касб-кор эгаллашига бефарқ бўлмайди.

Тан олиш керак, бундан 15-20 йиллар аввал бола тарбияси ва таълим олиши борасидаги тушунчаларимиз бироз бошқача эди. Аксарият ота-оналар таълим бериш масъулиятини мактабга юклаб қўяр, болакай ҳам айнан 7 ёшидан бошлаб ёзиш-ўқишни ўрганарди. Замоннинг шиддатини қарангки, бугуннинг болалари боғча ёшиданоқ ўқишни ўрганиб мактабга боришмоқда. Бу жуда қувонарли ҳол. Чунки инсон мияси маълумотларнинг 70 фоизини айнан 5 ёшга қадар қабул қилади. Ундан кейинги йилларда хотира ва ўзлаштириш кўрсаткичлари пасайиб бораверади. Бу муддат гарчи болалик шўхликлари билан туташиб кетса-да, ота-оналар ва тарбиячилардан катта масъулият ва эҳтиёткорликни талаб этади. Хўш, боладаги қобилият куртакларининг бўй чўзиши учун нималарга эътибор беришимиз керак?

1. Болани тушуниш учун бола бўлиб яшаш ва худди унингдек фикрлаш керак. Афсуски, уни ҳайратлантираётган нарсалар кўп ҳолларда катталар учун қизиқ бўлмайди. Тан олинг, «Ракета қандай учади?», «Момақалдироқ қаердан пайдо бўлади?» ёки «Нега олма дарахтида апельсин пишмайди?» каби саволларга жавоб беришни истамаймиз.

Ишонинг, боланинг гапига аҳамият бермаслик, кўп гапириш ёки эзмаликда айблаш яхшиликка олиб бормайди. Натижада боланинг суҳбат қуриш иштиёқи сўнади, сўз бойлиги ва ижтимоий зеҳни сустлашади.

2. Айрим ота-оналар учун қаттиққўллик тарбиянинг бош мезони ҳисобланади. У кўп ҳолларда ҳақоратлаш ёки калтаклашга уланиб кетади. Баъзан пашшадан фил ясаб, кичик хато учун ҳам катта жазо тайинланади. Тўғри, бундан кейин бола хатони такрорламасликка ҳаракат қилади, аммо ўз ихтиёрига кўра эмас, ўзгалар хоҳишига кўра иш тутишга одатланиб қолади.

Ишонинг, юзга урилган бир шапалоқ миядаги 300-400 та ҳужайранинг нобуд бўлишига сабаб бўлади. Бу эса қанчадан-қанча қобилиятларнинг ўлими демакдир. Энди кичик хато ва «ўлик» қобилиятларни таққослаб кўринг.

3. Замонавий техника асрида болаларни компьютер ва электрон ўйинлардан ҳимоялаш анча мушкул бўлиб қолди. Боғча тарбияланувчиси бўлган болангиз ҳам қўл телефонингизни олиб, электрон ўйинлар папкасини оча олади. Индамасангиз, бир неча соатни телефонга тикилганча ўтказиши мумкин.

Ишонинг, электрон ўйинларни кўп ўйнаш зийракликнинг кушандаси ҳисобланади. Бундай ўйинлар нафақат кўз нурини, балки мия фаолиятини ҳам ишдан чиқаради. Ҳатто улар мияга қон қуйилиши ва ҳужайраларнинг эрта нобуд бўлишига ҳам сабаб бўлади.

4. Оиладаги носоғлом муҳит ҳам бола қобилиятига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Оила аъзоларининг бақир-чақири ва бир-бирига ёмон муносабатда бўлиши натижасида болакай руҳан эзилади. Тортинчоқ ва қўрқоқ бўлиб қолади.

Бола қобилиятнинг кўпроқ қисмини отадан эмас, онадан ўзлаштиради. Фарзанд олдида онага ижобий ёки салбий муносабатда бўлиш болага икки ҳисса тезроқ таъсир этади.

5. Болакай оламни пуштиранг булутлар ортидан кўради. Олам ҳақида унинг ўз қарашлари ва тасаввурлари бор. Шу боис унинг устидан кулиш, чизган расмлари ёки қилган ишини тақдирламаслик натижасида ундаги мотивация пасайиб кетади.

Бола арзимас нарсадан ҳам қувона олади. Тақдирлаш унга ўзгача куч ва иштиёқ бағишлайди. Унга бўлган беэътиборлик эса ўзига бўлган ишонч ва эркинликнинг йўқолишига сабаб бўлади.

6. Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, ҳеч қачон боланинг овқатланиш рационига бефарқ бўлманг! Уни табиий, уй шароитида тайёрланган егуликлар билан боқинг. Нонушта қилмаётганига иштаҳаси йўқлигини рўкач қилманг! Эрталаб нонушта қилмайдиган инсонлар қонида шакар миқдори пасайиб кетади. Бу эса мияга етарлича озуқа етиб бормаслиги ва ҳужайраларнинг ёмон ишлашига сабаб бўлади.

Бола ҳар 45 дақиқада кичик идишда сув ичиши шарт! Миянинг 85 фоизи сувдан иборатлиги боис у яхши ишлаши учун сув билан таъминлаб туриш лозим.

Дарқове, унинг қобилиятини ҳеч қачон тенгдошлариники билан солиштирманг. «Фалончи шеърни сендан яхши ёдлайди», «Анави ўртоғинг сендан кучли», «Қўшнимизнинг қизи сендан яхшироқ иш қилади» каби мисоллар боланинг руҳан эзилиши ва атрофдагиларга бўлган меҳрининг сусайишига сабаб бўлади.

Наргиза Муродова

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг