Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

БухДУ «Xabar.uz»да кўтарилган танқидга жавоб қайтарди

БухДУ «Xabar.uz»да  кўтарилган танқидга жавоб қайтарди

Фото:«Twitter»

«Xabar.uz»да «БухДУнинг «духи». 40 кун «чилла сақлаган» хат ва «ички низом» қуввати ҳақида икки оғиз...» деб номланувчи мақола эълон қилинганди.

Унда журналист Ҳасан Саломов турмуш ўртоғининг таҳсилини Жиззах педагогика институтидан Бухоро давлат университетига кўчиришига тўғри келганини, ушбу жараёндаги сансалорлик тинкасини қуритганини, БухДУнинг ўқиш кўчирилганини тасдиқловчи хатини 40 кун кутганини таъкидлайди. 

Ҳудудларда тиклаш ва кўчириш бўйича комиссия талабаларнинг ушбу мазмундаги аризаларини бошқа ҳужжатлар билан бирга 15 июлдан 5 августга қадар қабул қилади. Ундан сўнг 10 августдан 30 августгача Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тиклаш ва кўчириш бўйича Идоралараро комиссияси ўрганиб, ўз хулосаларини жойлардаги олий таълим муассасаларига юборади.

Шундай қилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 30 августдаги 87-03-3095-сонли хатига биноан Жиззах давлат педагогика институтидан бир гуруҳ талабаларга БухДУга ўқишини кўчиришига рухсат берилган.


Мавзу доирасида: БухДУнинг «духи». 40 кун «чилла сақлаган» хат ва «ички низом» қуввати ҳақида икки оғиз...


Шу муносабат билан БухДУ ректори А.Тўлаганов Жиззах давлат педагогика институти ректорига 2018 йил 13 сентябрда 1916-05-ТТ сонли хат билан қуйидагича мурожаат қилган.

«БухДУ қабул комиссияси иловада келтирилган талабаларнинг ўқишини БухДУга кўчиришини расмийлаштириш учун уларнинг шахсий йиғма жилдини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида Низом» талаблари асосида юборишингизни сўрайди».

Шу орада БухДУ ректорининг№689-У рақамли буйруғи билан ўқишини кўчираётган талабаларга 5 сентябрдан бошлаб дарсларга қатнашишга ҳамда ўқув режадаги фарқларни 2018 йил 25 сентябргача топширишга рухсат берилган. Стипендия берилмаганлигининг сабабини  қуйидагича изоҳлаш мумкин.

Демак хат БухДУда 40 кун сақлаб турилмаган ҳаракатда бўлган. БухДУ ректорининг 2018йил 2 октябрда «Талабалар сафига тиклаш ва кўчириш тўғрисидаги» №743-У-сонли буйруғи чиқарилган. Буйруқда Ҳасан Саломовнинг турмуш ўртоғи Зарипова Мадинанинг ҳам исми-шарифи мавжуд.

Буйруқда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 32-бандида Ўқув режаларидаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади. Жорий семестр давомида академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб, олий таълим муассаси ректорининг талабага ўрнатилган тартибда стипендия бериш ҳақидаги буйруғи чиқарилади. Стипендия миқдорини белгилашда фанлар бўйича фарқларни топшириш кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади», дейилади.

Ваҳоланки, ушбу Низомни БухДУдагилар ишлаб чиқмаган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган. Шунинг учун олийгоҳдагиларни қинғирликда айблаш ўринлими? Сиз айтгандек 100 та талаба бир олийгоҳдан бошқасига кўчирилса, улар 320.000 сўмдан стипендия олиб келаётган бўлса, нақд 32 000 000 миллион сўм кимларнингдир чўнтагига эмас, давлат ғазнасида қолади. Талаба фанлардан қарздорликни ёпмаса стипендия тўланмаслиги юқоридаги Низомда кўрсатиб ўтилган.

Мақола муаллифининг «3» га ўттиз, «4» га қирқ, «5» га эллик деган даъволари ҳеч қандай асосга эга эмас. Лекин, гуруч курмаксиз бўлмайди. Эҳтимол, якуний давлат имтиҳонлари вақтида талабалардан бирор нарса таъма қиладиган битта-иккита субутсиз ўқитувчилар топилар, бу эса тан олишимиз лозимки, бугунги кунда таълим тизими олдида турган муаммолардан бири. Бу муаммони баратараф этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. 

Дарвоқе,  ҚВПнинг «больничний»си ўтмайди, деган ўқитувчининг фикрини ҳеч ким оқламайди. Университет маъмурияти тиббий маълумотномалар фақат шаҳардаги 11-сон поликлиникадан тасдиқланиши шарт деган буйруқ чиқармаган. Бу гапни айтган ўқитувчига интизомий чора кўрилади.

Демоқчимизки, университетда ҳеч қанақа сирли «ички Низом»лар йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Барча олийгоҳлар қатори БухДУда ҳам ишлар Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат қарор ва фармонлари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўрсатмалари асосида юритилади. Агар озгина қизиқиб сўраганингизда Сизга барча зарур ҳужжатлар, вазирлик низомлари кўрсатиларди. Сиз факультет раҳбарияти жавобларидан қониқмаган бўлсангиз, проректорлар ёки ректорга мурожаат қилганингизда муаммоларга ойдинлик киритиларди. Агар сизда яна шундай саволлар туғилса, муаммоларга дуч келсангиз, БухДУнинг қуйидаги tahririyat12@mail.ru почтасига ёки buxdu.uz. веб сайтига мурожаат қилишингиз мумкин. Қолаверса, олийгоҳ биринчи қаватида ректор ва проректорлар ҳамда ректор ёрдамчиси қабул кунлари, телефон рақамлари ёзиб қўйилган. Лекин Сиз негадир раҳбариятга мурожаат қилиш ўрнига кучингизни матбуот орқали кўрсатишга урингансиз. Зеро, нарвонга ҳам пиллапояларни бирма-бир босиб чиқадилар.

БухДУ матбуот хизмати

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг