Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

COP28: Иқлим ўзгариши кўчиб юрувчи ҳайвонларга салбий таъсир қилмоқда

COP28: Иқлим ўзгариши кўчиб юрувчи ҳайвонларга салбий таъсир қилмоқда

Дубайдаги COP28 — БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция ҳисоботи ҳақида маълумот берилди.

Маълумот учун, ушбу йирик ҳисоботнинг тақдимоти 2024 йил 12-17 феврал кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMS COP14) томонлар конференциясининг 14-йиғилишида ўтказилади.

Ҳисобот иқлим ўзгариши кўплаб кўчиб юрувчи турларга бевосита таъсир қилаётганини аниқлашга хизмат қилади. Ўзлари яшайдиган экотизимларнинг ажралмас қисми бўлган миграция турлари иқлим ўзгариши таъсирини юмшатиш ва иқлим хавф-хатарларига чидамлилигини ошириш учун муҳим экотизимларни қўллаб-қувватлайди.

«Табиат ҳаётимизнинг асосини ташкил этади — экотизимлар, озиқ-овқат, сув хавфсизлиги, соғлом иқтисодиёт барчамизга боғлиқдир. Кўчиб юрувчи турларнинг иқлим ўзгариши натижасида дуч келадиган муаммолари эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мувофиқлаштирилган глобал ҳаракатлар зарурлигини кўрсатади, шунинг учун Буюк Британия табиатни тиклаш, биологик хилма-хиллик йўқолишини тўхтатиш ва эришиш бўйича саъй-ҳаракатларда етакчи рол ўйнайди. 2030 йилгача қуруқлик ва денгизнинг 30 фоизини ҳимоя қилишни мақсад қилганмиз», – деди Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича Давлат котиби Стив Барклай.

Тадбирда заиф кўчиб юрувчи турларнинг ўзгарувчан иқлимга мослашишига ёрдам бериш учун тезроқ ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди. Қўриқланадиган ҳудудларнинг кенг қамровли ва ўзаро боғланган тармоқларини яратиш ҳамда ҳудудларни муҳофаза қилишнинг бошқа самарали чоралари иқлим ўзгаришига жавобан турларнинг ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун жуда муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда инсоннинг бевосита аралашуви, масалан, турларнинг заиф популяцияларини кўчириш керак бўлади.

«Ўзбекистон экотизим деградацияси, яшаш муҳити ва биохилма-хилликнинг йўқолишига жиддий таъсир кўрсатувчи иқлим ўзгаришининг салбий таъсиридан энг кўп жабр кўраётган давлатлардан ҳисобланади. Ҳукуматимиз минтақавий трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биологик хилма-хилликни, кўчиб юрувчи турларни сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш, миллий, минтақавий ва глобал миқёсда чора кўриш тарафдори. 2024 йил 12-17 феврал кунлари Самарқанд шаҳрида «Табиат чегара билмайди» шиори остида бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенсия (CMS COP14) томонлар конференциясининг 14-йиғилишида бу борадаги муҳим муаммоларга эътибор қаратилади», – деди Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.

Маълумот учун, БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси (CМS) кўчиб юрувчи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш жойларини сақлаш ҳамда улардан барқарор фойдаланиш учун глобал платформани тақдим этади. Ушбу конвенция ҳукуматлар ва ёввойи табиат бўйича мутахассисларни бутун дунё бўйлаб қуруқлик, сув ва қушлар миграция турларини ҳамда уларнинг яшаш жойларини сақлаш эҳтиёжларини қондириш учун бирлаштиради. Конвенция 1979 йилда кучга кирганидан бери унинг аъзолари сони барқарор равишда ўсиб борди ва Африка, Марказий ва Жанубий Америка, Осиё, Европа ва Океаниядан 132 та иштирокчини қамраб олди.

Таъкидлаш жоизки, «Иқлим ўзгариши ва кўчиб юрувчи турлар: таъсирлар, табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар, кўрсаткичлар ва экотизим хизматларини кўриб чиқиш» ҳисоботи Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ҳукумати томонидан Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ёрдамида тақдим қилинади. Ҳисобот иқлим ўзгариши бўйича конвенция ва Британиянинг орнитология трести (БТО) томонидан тайёрланган.

БТО (British Trust for Ornitology) — 1932-йилда ташкил қилинган Буюк Британиянинг қушларни ўрганиш бўйича етакчи хайрия ташкилоти бўлиб, қушлар ва табиатнинг келажагини таъминлашга хизмат қилади. У ўзининг илм-фан, мониторинг ва маълумотларидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисида тўғри қарорлар қабул қилиш учун фойдаланади, бошқаларни қушларнинг мўжизаси билан илҳомлантиради ва уларга ташкилот билан ишлаш имкониятини беради. Ошиб бораётган аъзолар ва 60 000 га яқин кўнгилли қуш кузатувчилари БТО сўровларига ҳисса қўшиб, Буюк Британиядаги табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатларни асословчи маълумотларни тўплайдилар. БТО ходимлари сўровлар ва лойиҳалар натижаларини таҳлил қилади ҳамда эълон қилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг