Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Диана фожиаси: қирғоқнинг нариги тарафидан икки нигоҳ

Диана фожиаси: қирғоқнинг нариги тарафидан икки нигоҳ

«Диана бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди, унинг қисматида шу ёзилган экан».

Фото: «Xabar.uz»

«Сизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, аммо уни эркин айтиш ҳуқуқингиз учун ҳаётимни беришга тайёрман». Вольтер.

Диана Еникееванинг фожиали ҳалок бўлиши бутун афкор оммани жунбушга келтирди. Телевидение ва расмий матбуот бу борада сукутни афзал билган бўлса-да, виртуал олам мавзу юзасидан қатор мақолалар билан бойиди. Албатта, ҳар бир инсон ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Бугун биз ана шу ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ўз мактубини «Кun.uz» сайти почтасига йўллаган ва журналистик қарашларини ўзи фаолият юритувчи сайтда ёритган икки юртдошимизнинг ёзишмаларини тақдим этамиз. Хат ва мақоланинг мазмунига таъсир ўтказилмаган ҳолда фақат имло хатолари таҳрир қилинди. Демак, ҳар доимгидек хулоса ўзингиздан.

Диана Еникеева: мажбурий меҳнат қурбоними ёки виждонли инсон намунаси?!

Ҳашар — айрим ОАВлар бонг ураётгани каби — мажбурий меҳнатга жалб қилиш эмас, балки миллатни бирлаштириб турадиган минг йиллик анъана, ҳар бир ўзбекистонликнинг фуқаролик бурчидир. Шу боис ҳамкасбларимни, бирор фожиага ракурс танлаётганда тор доирада фикрлашга эмас, балки кенгроқ мушоҳада қилишга чақираман.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон матбуоти ва айрим хорижий ОАВлар Самарқанд вилоятида мажбурий тозалаш ишларига чиқарилган 23 яшар ўқитувчи юк машинаси тагида қолиб ҳалок бўлгани ҳақида бонг урди.

Бу фожиа туфайли матбуотда навбатдаги оғриқли масалалардан бири — ўқитувчиларнинг жамоат ишларига жалб қилиниши, бу ҳолатга чек қўйиб бўлмаслиги ҳақида кўплаб хабарлар ва мулоҳазалар чоп этилди. Энг ачинарлиси, ҳар бир фожиадан аллақандай манфаат қидирадиган айрим нашрлар эндиликда ҳалок бўлган ўқитувчининг оиласи қанча товон пули олишини ҳисоблаш билан шуғулланмоқда…

Фожеа ҳақида қисқароқ

2018 йил 14 март куни — Наврўз байрами муносабати билан ўтказилаётган тозалик ва ободонлаштириш кунларида — Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалаш ишлари давомида тумандаги 42-ўрта мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Еникеева йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган.

Президентнинг матбуот котибига мурожаат

Ушбу фожиадан  сўнг маҳаллий нашрлардан бири ҳокимлар президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб, тозалаш ишларига «мажбурлайдилар» деган савол билан президентнинг матбуот котибидан ушбу ҳодисага изоҳ беришни сўради.

Президентнинг матбуот котиби, Халқ таълими вазирининг ўринбосари, қолаверса Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокимлиги мутасаддилари Диана Еникеева билан юз берган фожиага ўзларининг расмий муносабатларини билдирдилар.

Улар томонидан бу фожиа эканлиги айтилди ва Диананинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдирилди.

Каттақўрғон тумани халқ таълими бошқармаси ҳатто Диананинг бу ишларга мажбуран жалб қилинмаганлигини айтишга мажбур бўлди.

Мажбур бўлди!

Чунки маҳаллий ОАВларда бўрттириб кўрсатилаётгани каби — ҳашар Ўзбекистонда мажбурий меҳнат шакли эмас, таъкидлаб ўтмоқчиман — бу ўзбек халқининг азалий, минг йиллик бетакрор анъаналаридан бири.

Ҳамма ҳам нафақат ўз уст-боши, турар жойи, балки ўзи яшайдиган уй атрофини ҳам тоза тутиши керак.

Жамоа бўлиб ўзи яшайдиган ҳудудни тоза тутиш, ободонлаштириш сингари гўзал бир анъана эса халқни жипслаштиришга, ҳамжиҳат бўлишига хизмат қилади. Қолаверса, ҳашар — атроф-муҳитни асраш учун амалга ошириладиган ишдир.

Диана бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди, унинг қисматида шу ёзилган экан. Аммо бу ҳашарга чиққан ҳаммани ҳам Диананинг қисмати кутади дегани эмас.

Наврўз арафасида ҳам ҳар бир ташкилот, ҳар бир муассаса бу оммавий тадбирда иштирок этади. 

Диана Еникееванинг оммавий ҳашар тадбиридан ўзини олиб қочмагани, бош тортмагани эса унинг виждонли бўлганидан далолат беради. Дианани тозалаш ишларига ҳокимиятнинг буйруғи эмас, виждони олиб чиққан. У ўзининг фуқаролик бурчини адо этишга чиққан.

Айрим нашрлар эса энди давлат Диананинг оиласига қанча товон пули тўлашини ҳисоблар экан, бунда уларнинг яширин ниятлари бўй кўрсатмоқда.

Чунки кейинги хабарларнинг мазмунини ҳам олдиндан тахмин қилса бўлади: энди ОАВлар Диананинг оиласи кам олса «ана кам берибди», кўп олса «шунча пулни нима қиларкин?» деган мавзуларда мақолалар ёзиб, ўз муштарийларини ахборот билан таъминлайдилар.

Айтганча, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокимлиги Диана Еникеева фожиаси юзасидан ўз расмий баёнотини эълон қилгани йўқ. Лекин суриштирув ишлари ўз якунига етиши билан бу ҳақда расман эълон қилишини маълум қилди.

Тошкент, 19 март — «Sputnik», Дилшода Раҳматова.

* * *

«Пашшадан фил» ясашдан нарига ўтмай қолдингизлар?

Ҳурматли сайтлар маъмурлари, халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Зафарович ҳамда Каримберди Тўрамурод ака! Ҳаммаларингизни энг аввало кириб келаётган муборак Наврўз айёми билан чин қалбдан табриклаб, ижодий фаолиятларингизда фақат улкан муваффақиятлар тилаб қоламан!

Охирги вақтларда «Kun.uz», «Daryo.uz», «Xabar.uz» ва бошқа сайтларда республикамиз ва бутун дунёда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақидаги фикрларингизни диққат билан кузатиб бораяпман. Аммо сўнгги вақтларда сизлар «пашшадан фил ясаш»дан нарига ўтмай қолдингизлар. Нега дейсизми? Унда диққат билан ўқинг! Мисол учун, 2018 йил 14 март куни Каттақўрғон тумани ХТБ тасарруфидаги 42-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Диана Еникееванинг ЙТҲ натижасида ҳалок бўлиши жуда ачинарли, шахсан мен унинг оила аъзоларини яқиндан таниганим учун отаси, онаси ва турмуш ўртоғига чуқур ҳамдардлигимни билдираман. Бироқ Диана Еникееванинг ўлими замирида қандай адолатни ахтараяпсизлар? Нима, Диана Еникееванинг ўлимига сабабчи бўлган юк автомобили ҳайдовчисига нисбатан қонуний чора кўрилмайдими?

Прокуратуранинг ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатганлиги ва ушбу жиноят иши бугунги кунда ўта резонансли, яъни долзарблигини ҳамма билади. Лекин айнан сизларнинг ҳар хил гап-сўзларни тарқатишингиз юртимиздаги 9 мингдан зиёд мактаб ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчилари ўртасида таҳлика, саросима, амалдаги давлат ҳокимиятига ишончсизликни келтириб чиқармоқда.

Хўш, сизлар айтганингиздек Диана Еникеева мажбурий меҳнатга жалб этилган бўла қолсин. Нима, марҳум Диана Еникеева шунчалик онгсизми ёки манқуртми? Мени кечирасизлару, Диана Еникееванинг отаси Александр яхши инсон ва у ўз фарзандини онгли қилиб тарбиялаган. Диана Еникеевани шахсан танимасам-да, бироқ у ишлаган мактаб маъмуриятини ва жамоасини яхши танийман. Ўта тарбияли, меҳнаткаш ва жафокаш жамоа ва маъмуриятдир. Лекин сизлар ўзларингизнинг тармоқларингизда Диана Еникеевани маъмурият гўёки дарс вақтида тозалик ишларига олиб чиқққанлиги ҳақида баралла айтиб, ҳадеб соғ одамнинг миясини эговлаяпсизлар. Ҳа, одамларнинг мияларини эговлаяпсизлар!

Хўш, Диана Еникееванинг тақдири ҳақида ўйловчилар, шу саволимга жавоб беринг-чи. Сизларнинг уйларингизга меҳмон келса тозалик қилмайсизларми, шундай хонадонларингиз ифлосланган ҳолда кутиб оласизларми? Келган меҳмон сизларнинг хонадонларингизга баҳо бермайдими? «Тоза уй — фариштали уй» дейишган ота-боболаримиз. Сизлар балки Тошкентда туриб муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзини кўриб турсангизлар кўзларингиз ўрганиб қолгандир. Лекин, биласизларми, Президентимиз Шавкат Мирзиёев агар Самарқанд вилоятига келса, вилоятимиз аҳли учун бундан катта бахт йўқдир. Майли, шахсан менинг ўзим ўлгунимга қадар Президентимиз Шавкат Мирзиёевни кўрмасдирман, аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёевни кўрган таниш-билишларим, ота-онам билан жуда ҳам фахрланаман.

Ҳурматли сайтлар маъмурлари, халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Зафарович ҳамда Каримберди Тўрамурод ака!

Сизлар ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатдан озод қилиш ҳақида фикр юритаяпсизлар, лекин унда ўзларингизга савол бериб кўрдингизларми? Ободонлаштириш ишларини шу ҳудуд атрофида яшовчи уюшмаган аҳоли ёки уюшмаган ёшлар амалга оширмаса, ким бажаради? Нима, дунёдаги қолоқ давлат аҳолисини бир бурда нон учун жалб этиб ишлатамизми? Улар бизларнинг ифлосланган ҳудудларимизни тозалаб беришадими? Тўғри, бу саволларга жавоб бера олмайсизлар. Лекин ушбу саволларга жавоб бериш учун энг яхшиси Ўзбекистон ёшлар иттифоқига, «Маҳалла», «Нуроний» фондлари маъмуриятига бериб кўринг. Қанчадан-қанча уюшмаган ёшлар ёки уюшмаган аҳолимиз бекорчи бўлиб юрибди. Ободонлаштириш ишларига ўшаларни жалб қилишнинг иложи йўқми?

Виртуал қабулхоналарга ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларига моддий ёрдам сўраб келаётган хотин-қизларимизга ушбу моддий ёрдамни олишга лойиқмисан ёки йўқми деган саволларни бермайсизлар. Бера олмайсизлар ҳам. Мени кечирасизлару, сизларнинг бу саволларни беришга юракларингиз йўқ. Сизлар учун айбдор бўлиб қолган фақат мактаб директори, ХТБ мудири, ҳоким ёки прокурор! Қачон қарама, ўқитувчиларни мустақиллик байрамига чиқмагани учун калтаклаган, автобусда ёниб ҳалок бўлган йўловчилар яшаган туман вакилларини ҳақорат қилган, пахта йиғим-теримига чиқмаган ўқитувчиларни ҳақорат қилган ҳоким айбдор. Қўпол бўлса ҳам мени кечирингу, ҳадеб амалдаги давлат тузумига осилаверманг, йиқилиб қолсангиз бирор-бир жойингиз жуда қаттиқ оғрийди. Бу гапимни шахсан ўзларингиз билан дебат ўтказилса тушунтириб берардим. Тушунтириб ҳам бераман.

Ўзимни таништирмоқчиман: Мен, Омонов Обид – 1978 йилда туғилганман, маълумотим олий. таълим соҳасида ишлайман. Телефон номерим +998941827443. «Telegram» ҳам шу рақамда.

(мактуб «Кun.uz» сайти почтасига йўлланган)

Таҳририятдан муҳим эслатма: бу мақола ва хат муаллифларининг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини англатмайди.

Изоҳлар 7

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг