Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Ўқитувчи Диана фожиаси: Рост сўз қани, ёлғон қани?

Ўқитувчи Диана фожиаси: Рост сўз қани, ёлғон қани?

Диана турмуш ўртоғи ва фарзанди билан.

Фото: «xabar.uz»

«Мен самарқандлик ўқитувчининг вафоти ҳақида эшитдим. Қанақадир директор, раҳбар ёки ҳоким қачондир «меҳмон» келади деб икки-уч кун олдин айтган. Лекин менинг юрагимда бу худди мен туфайли юз бергандек туюлди. Яна бир бора ва сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар қилмиши учун қонун олдида жавобгар бўлади. Менга фарқи йўқ, жуда катта хизмат қилган ҳоким бўлса ҳам у ишдан кетади. Мен буни айтишга мажбурман, чунки бу давом этмоқда».

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси президенти

Шунингдек, давлатимиз раҳбари бунақа кўзбўямачиликлар хиёнат эканини эътироф этди: «Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, менда нафрат уйғотмоқда. Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш, уларга кўча супуртириш, «тайёргарлик»​ка жалб этиш — сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат».

Давлат раҳбари Диана Еникееванинг ўлимида ўзини айбдор сезаяпти, чора кўраяпти!

Ана бу мардлик! Ана бу ҳамият! Ана бу ўзбеклик! Ана бу иймонли раҳбарнинг гапи!

Аммо бугунгача қанча катта-кичик раҳбарлар Диана фожиасини «ёпиб юбориш», бу билан йигирмата панжаси билан маҳкам ёпишиб олган амал курсиларини эҳтиёт қилишга уринишди. Диана шўрликнинг руҳига ҳам хиёнат қилишди.

14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кўча тозалаш ишларига жалб қилинган 23 ёшли Диана Еникеевани катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетгани ҳақиқат эди!

Самарқанд вилоятига президент ташрифи чоғида ўзича яхши кўринишни истаган раҳбарлар ўқитувчиларни катта трассани тозалашга мажбуран чиқарганлари ҳақиқат эди.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали топшириғига кўра воқеа жойига бориб, махсус суриштирув ўтказган эдим. Ўқитувчиларнинг «Диана ҳалок бўлгандан кейин ҳам бизни кўча тозалашга чиқаришди» дейишгани ҳақиқат эди! Президентнинг матбуот котиби ўша куниёқ фожиага ўз муносабатини билдиргани ҳақиқат эди! Халқ таълими вазирининг ўринбосари адолат томонида туриб муносабат билдиргани минг-минглаб юртдошларимиз таҳсинига сазовор бўлгани ҳақиқат эди!

Нафақат Каттақўрғон, балки ўзим суратга туширганим − Пастдарғом тумани ўқитувчилари ҳам кўча тозалаб юргани ҳақиқат эди. Каттақўрғон тумани прокуратураси ўқитувчилар ободонлаштириш ишларига жалб қилинганини тан олгани, айбдорларга чора кўргани ҳам ҳақиқат эди! Ободонлаштириш ишларини ўтказишда тегишли чораларни кўрмаганлиги учун халқ таълими вазирининг буйруғига биноан Каттақўрғон тумани ХТБ мудири А.Жуманазаров ишдан олингани ҳам ҳақиқат эди! Вилоят ХТБ бошлиғининг буйруғи билан 42-мактаб директори Н.Болтаева ишдан олингани, директор ўриносари Х.Маматовга ҳайфсан эълон қилингани ҳақиқат эди!

Аммо мен билган бошқа ҳақиқатлар ҳам бор:

«Мактаб ўқитувчилари, жумладан, Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган. Бундай ишлар жойлардаги ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг вазифасига киради. Бу ҳодисани бошқа ҳолатларга боғлаб талқин қилиш, оммага холис туриб етказмаслик интернет тармоғи фойдаланувчилари ўртасида салбий фикр уйғотишга сабаб бўлади деб ҳисоблаймиз», — деб менинг мақоламга раддия билдирган Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари М.Музаффаров ва Самарқанд вилояти ХТБ бошлиғи ўринбосари Қ.Саидов ва уларга бу раддияни айтиб туриб ёздирган «раҳнамолари» ҳам ёлғончилар экани ҳақиқатдир!

Буни президент исботлаб берди!

«Ҳашар − айрим ОАВлар бонг ураётгани каби мажбурий меҳнатга жалб қилиш эмас, балки миллатни бирлаштириб турадиган минг йиллик анъана, ҳар бир ўзбекистонликнинг фуқаролик бурчидир. Диана Еникееванинг оммавий ҳашар тадбиридан ўзини олиб қочмагани, бош тортмагани эса унинг виждонли бўлганидан далолат беради. Дианани тозалаш ишларига ҳокимиятнинг буйруғи эмас, виждони олиб чиққан. У ўзининг фуқаролик бурчини адо этишга чиққан. Диана бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди, унинг қисматида шу ёзилган экан. Ҳамкасбларимни бирор фожиага ракурс танлаётганда тор доирада фикрлашга эмас, балки кенгроқ мушоҳада қилишга чақираман» деган журналистлар ёлғончи!

Буни президент исботлаб берди!

«Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Зафарович ҳамда Каримберди Тўрамурод, сўнгги вақтларда сизлар «пашшадан фил ясаш»дан нарига ўтмай қолдингизлар. Диана Еникееванинг ўлими замирида қандай адолатни ахтараяпсизлар? Сизларнинг ҳар хил гап-сўзларни тарқатишингиз юртимиздаги 9 мингдан зиёд мактаб ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчилари ўртасида таҳлика, саросима, амалдаги давлат ҳокимиятига ишончсизликни келтириб чиқармоқда. Диана Еникеевани маъмурият гўёки дарс вақтида тозалик ишларига олиб чиққанлиги ҳақида баралла айтиб, ҳадеб соғ одамнинг миясини эговлаяпсизлар»,деб ёзган Обид Омонов ҳам ёлғончи бўлиб чиқди президентнинг сўзларидан сўнг!

Яна битта битта ҳақиқат бор: Диана фожиаси туфайли ишдан олинган Каттақўрғон тумани ХТБ мудири ҳам, Диана ишлаган мактабнинг ишдан олинган директори ҳам Дианага қўшиб қурбон қилинган жабрдийдалардир! Улар буйруқни бажарган ижрочилар, холос. Юқоридан буюриб тургандан кейин бажармай кўрсин-чи?! Ижрочилар эмас, буйруқ берганлар жазоланиши керак, ана шу адолатдан бўлади!

Хулоса

Хулоса ўрнида яна давлатимиз раҳбарининг сўзларини келтираман: «Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, [балки] лаънат айтади. Бизнинг дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг!».

Президентни алдай олмайсизлар: «Юракдан чиқариб айтаяпман, дўст бўлсангиз, бу ишларни тўхтатинг! Шунча йилда ҳеч нарса қилмаганмиз, бир ярим йилда буларни қила олмаслигимизни ҳам биламан. Айрим пайтларда ҳеч кимга ишонмай қолаяпман, йиғилишларда ҳам ҳаммаси тайёрланган одамлар... Мен халқни эшитишга, дардини тинглашга келганман, баландпарвоз гапларни айтманг! Одамларимиз ҳам баландпарвоз ваъдалардан чарчагани — ҳақиқат».

Сўнгсўз ўрнида шуни айтишим керакки, ёлғончилиги ва хиёнатчилиги президент томонидан исботлаб берилган каттаконлар ёлғон гапирганини тан олиши, халқни чалғитмоқчи бўлгани учун халқдан кечирим сўраши ва маҳкам чангаллаб олган ва йўқотишдан вабодан қўрққандек қўрқадиган лавозимларини бунчалар яхши кўрмасликлари керак.

20 дақиқа электр чироғи ўчганида Япония энергетика вазири 20 дақиқа кечирим сўраб, эгилиб тургани каби!

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг