Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Диана фожиасига бир йил: нималар ўзгарди?

Диана фожиасига бир йил: нималар ўзгарди?

Фото:«Xabar.uz»

2018 йилнинг 14 март куни кўча тозалаш ишларига жалб қилинган Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани 42-умумтаълим мактабининг 23 ёшли ўқитувчиси Диана Еникеева катта йўлдаги тўсиқларни оқлаётганда юк машинаси уриб кетиб ҳалок бўлганди. Унинг бир ярим яшар фарзанди Данила етим қолганди. Даставвал ишни босди-босди қилмоқчи бўлган Самарқанднинг ўша вақтдаги ҳокими Туробжон Жўраев Диана Еникееванинг оиласини, унинг фарзандини оталиққа олганини маълум қилганди. Орадан бир йил ўтди. Нималар ўзгарди, ваъдалар бажарилдими? «Minbar.uz» нашри мазкур масалага тўхталди.

Диана Еникеева ишлаган 42-мактаб Каттақўрғон туманидаги сув омборига яқин ҳудудда жойлашган. Айни пайтда 328 та ўқувчига 34 нафар педагог сабоқ беради. Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Дилрабо Эркаева Диана Еникеевани шундай хотирлайди:

– У ўзига топширилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан бажарарди. Барчага ибрат бўла оладиган ўқитувчиларимиздан эди. Диана раҳбарлик қилган 7-синф ўқувчилари ҳам устозларидаги инсоний хислатларни ўзларига жо қилган десам адашмайман.

Бошланғич синф ўқитувчиси Назира Эрназарова ҳам ҳамкасбининг инсонийлик хислатларига урғу берди:

– Диана туғма педагог эди. Мактабдаги бирорта тадбир усиз ўтмасди, барчага ўз қўллари билан тайёрлаган совғаларни улашарди. Унинг луғатида йўқ деган сўзнинг ўзи йўқ эди. Ҳамманинг кўнглини олиб келган. Орзуси олий маълумотли мутахассис бўлиш эди, афсуски, улгурмади…

Диананинг онаси Оксана Еникеева билан суҳбатлашиш оғир кечди. Фарзанд доғида куйган бу аёл бир йил давомида нималар юз берганини сўзлаб берди.

– Аввало, ҳеч кимга фарзанд доғини кўрсатмасин экан. Бир йилда сочларим оқарди. Лекин қизим руҳининг ҳаққи ҳурмати учун унинг ўғли – неварам Данилани парваришлаш учунгина ўзимда куч топаяпман.

Диана болаларни жуда яхши кўрарди. Арзимас маош эвазига ишларди, унинг ҳам ярмини мактабдаги жамоат ишлари учун сарфларди. Лекин нолимасди. Ўзбекистонни жонидан ортиқ кўрарди. Унинг соф ўзбек тилида гапириши барчани ҳайрон қолдирарди. Унинг фидойилиги, заҳматкашлиги ўз қадрини топганида, балки менга бунчалик алам қилмасди.

Қизимнинг ўлимидан сўнг уни юк машинасида уриб юборган ҳайдовчи озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукми бўйича ҳайдовчи Акрам Элмуродовдан бизнинг фойдамизга 19 782 500 сўм моддий ҳамда 25 млн. сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган. Лекин Элмуродов бу зарарни қоплагани йўқ. Бир неча марта мурожаат қилганимиздан сўнг бизнинг манзилимизга 2018 йилнинг 6 ойи давомида турлича миқдорда пул ўтказилгани ҳақида 2019 йилнинг 6 февраль санаси билан Каттақўрғон туман прокуроридан хат олдик. Хатда 2019 йилнинг январь ойида ҳам Элмуродовнинг ойлик иш ҳақидан 562 492 сўм ушлаб қолингани, аммо депозитда пул бўлмаганлиги сабабли кечикаётгани тилга олинган. Аммо биз бир тийин ҳам олмаганмиз. Қизиғи, туман прокурорининг турмуш ўртоғим Александр Еникеевга 2018 йил 30 ноябрда йўллаган жавоб хатида Йўл патрул хизмати бошқармасининг масъул ходимларига нисбатан жазо тайинланиши ҳақидаги сўровимиз рад этилгани айтилган. Ахир улар ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳайдовчининг юк машинасини ҳайдашига рухсат берган-ку. Улар жазосиз қолаверадими?

Тўғри, яхши инсонлар ҳам кўп. Каттақўрғон туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов бошқа раҳбарлардек қоп-қоп ваъда бермади, ҳисоботлар ёзмади. Лекин шахсан келиб, таъзия билдириб, узр сўради. Ҳозиргача ёрдам беришда давом этаяпти. Оиламизга «Агросуғурта» суғурта компаниясининг Каттақўрғон туман бўлими томонидан 44 697 096 сўм нафақа пули берилди. Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик туфайли Диананинг фарзандига ойма-ой 206 931 сўм миқдорида нафақа пули олаяпмиз. Куёвим Егор Козик Ўзбекистон фуқаролигини олиши учун ҳужжатларни топширганмиз, яқин кунларда бериб қолишса керак. Умидимизни йўқотганимиз йўқ. Диананинг руҳи доим бизни кучли бўлишга ундайди. Начора, «Ўлганнинг орқасидан ўлиб бўлмайди».

Эслатиб ўтамиз, Каттақўрғон тумни прокуратураси 2018 йил 14 март куни мактаб ўқитувчилари, жумладан, Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмагани, Каттақўрғонда содир бўлган воқеа бахтсиз ҳодиса бўлганини айтиб, оммавий ахборот воситаларини бу ҳодисани бошқача талқин қилиш, оммага нохолис ахборот тарқатишда айблаган эди.

Дианани уриб юборган «Камаз» ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Судда ҳайдовчи айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга транспортларни бошқариш ҳуқуқидан, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Судда аниқлашича, ҳайдовчи М-37 автомобиль йўлининг Бухоро – Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланаётганда йўлнинг чап томонидаги бетон тўсиқ ёнида бўлган Диана Еникеевани кўрганидан сўнг автомашинани тормоз бериб тўхтатиш ёки одамни айланиб ўтиш имкониятига эга бўлса-да, ушбу чораларни кўрмасдан ўқитувчини уриб юборган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланувчи оғир жароҳат олиб вафот этган. Шу боис судланувчидан жабрланувчининг оиласига 19 782 500 сўм моддий ҳамда 25 млн. сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган эди.

Диана Еникееванинг ўлими ортидан ишчи-хизматчилар, айниқса, таълим ва тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб этилиши тақиқланди. Шахсан президент Шавкат Мирзиёев бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабалар мажбурий меҳнатига чек қўйилиши бўйича қатъий кўрсатма берганди. Бунинг ортидан Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ведеоселектор ўтказилган, барча даражадаги раҳбарлар мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, айниқса, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этмаслик ҳақида огоҳлантирган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг