Энди доимий пропискасизлар ҳам Тошкент шаҳар ИИББга ишга кириши мумкин

Энди доимий пропискасизлар ҳам Тошкент шаҳар ИИББга ишга кириши мумкин

Фото: «Спутник»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 февраль куни «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Унга кўра, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари лавозимлари устуворлик асосида профилактика катта инспекторлари орасидан жамланади. Интизомий жазо чораси сифатида ёхуд бошқа салбий ҳолатларга кўра, ички ишлар органларининг бошқа бўлинмаларидан ўтказилаётган ходимларни Тошкент шаҳри профилактика инспекторлари лавозимларига тайинлашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри профилактика инспекторлари лавозим бўйича бириктирилган ҳудуддаги фуқаролар йиғини кенгашлари таркибига киради ва янги тайинланган Тошкент шаҳри профилактика инспекторларини маҳалла фуқаролар йиғини олдида таништириш мажбурий тартибда туман ҳокими ва прокурори, мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри профилактика инспекторларининг ҳудудлараро ротацияси фақатгина Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари — Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Энг муҳим янгилик, Бош бошқармага хизматга, истисно тариқасида, Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар орасидан ҳам номзодларни танлаш ва қабул қилишга рухсат берилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг