Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент виртуал қабулхонаси: энди онлайн режимда саволларга жавоб олиш мумкин

Президент виртуал қабулхонаси: энди онлайн режимда саволларга жавоб олиш мумкин

Фото: Президент виртуал қабулхонаси

Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишга туширилди. Мурожаатчиларга янада кенг қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида мазкур тизим такомиллаштириб борилмоқда.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган норма ва вазифалар ижроси доирасида бугун, 15 февраль куни соат 16:00 да «Онлайн маслаҳатчи» модули тест режимида ишга туширилди. Бу модул порталнинг «Кўп бериладиган саволлар» бўлими билан ҳамоҳангликда ишлайди.

Мурожаатчилар Президент виртуал қабулхонаси — pm.gov.uz сайтига кириб, «Онлайн маслаҳатчи» модули орқали керакли соҳа ва тармоқ мутахассислари билан боғланиши ҳамда ўз саволларига жавоб олиши мумкин. Бунда pm.gov.uz сайтининг «Онлайн маслаҳатчи» модули орқали келиб тушган саволлар тегишли ташкилот ва идоралардаги маслаҳатчиларга йўналтирилади. Кўрсатилаётган маслаҳат хизмати ҳажми ва унга мурожаатчиларнинг талабини (иш юкламасини) инобатга олиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин. Бунда ишчи гуруҳ аъзоларидан бири маслаҳатчи-координатор этиб тайинланади. Ишчи гуруҳ фақат маслаҳатчилардан иборат бўлмаслиги мумкин.

Айни пайтда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар — жами 94 ташкилот ва идораларнинг юқори малакали, профессионал мутахассислари мазкур модулда бирлаштирилмоқда. Уларнинг аксарияти 15 февраль куни pm.gov.uz сайти орқали иш фаолиятини бошлади.

Порталга келаётган мурожаатларнинг салмоқли қисмини ҳуқуқий ахборот ёки маълумот олиш мақсадида юборилган мурожаатлар ташкил этаётгани айнан мазкур модулни яратиб, ишга туширишга сабаб бўлди. Чунки фуқаролар ҳаётда учрайдиган турли-туман масалаларда ҳуқуқий маслаҳат олиш учун ҳам Виртуал қабулхонага мурожаат қилар ва мурожаат кўриб чиқилиб, жавоби мурожаатчига етиб боргунича анчагина вақт талаб қилинар эди. Энди у ёки бу масала бўйича ҳуқуқий ахборот олиш учун бир неча кун жавоб хати келишини кутишга ҳожат йўқ. «Онлайн маслаҳатчи» хизмати Президент виртуал қабулхонаси орқали савол юбориб, онлайн режимда юридик маълумотга эга бўлган мутахассислардан тезкор ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини тақдим этмоқда. Савол юбориш учун шахсий кабинет очиш талаб этилмайди.

Маслаҳатчилар онлайн режимда ўз ваколатлари доирасида душанбадан жумага қадар соат 9:00 дан 18:00 гача танаффуссиз фаолият олиб бормоқда. Бунда улар асосий иш жойидан туриб, масофадан онлайн маслаҳатлар бермоқда.

Маслаҳат хизмати учун ҳақ олинмайди.

Шу боис ҳам «Онлайн маслаҳат» хизмати давомида маслаҳатчи мурожаатда кўрсатилган масалалар бўйича малакали, тезкор ва самарали маслаҳатлар беради. Мурожаат мазмунида ноаниқликлар мавжуд бўлган тақдирда аниқлаштирувчи саволлар берилади. Жавоб матни тўғри, қисқа ва лўнда, тушунарли тилда ва суҳбат юритиш услубида тузилиши лозим. Савол матнидаги ҳар бир важга муносабат билдирилади.

Агар маслаҳат бериш учун қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қилинса, маслаҳатчи мурожаатчини хабардор қилган ҳолда қўшимча муддат олиши мумкин. Бунда мурожаатчи билан кейинчалик боғланиш учун унинг контакт маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқалар) ёзиб олиниши лозим. Модуль орқали келиб тушган, қонунга мувофиқ ўрганилиши талаб этиладиган ариза, шикоят ва таклифлар юзасидан мурожаатчига белгиланган тартибда мурожаат қилиш тартиби тушунтирилади. Маслаҳатчи мурожаатчиларга тақдим этган ахборотнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги учун қонунга мувофиқ жавобгардир.

Маслаҳатчи мурожаатлар ва уларда кўтарилган масалалар юзасидан ҳафталик таҳлил юритади. Мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган тизимли қоида бузилишларига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни баратараф этишга қаратилган, кейинчалик ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда фойдаланиш учун таҳлилий ҳисоботлар тайёрлайди.

Бир сўз билан айтганда, Президент виртуал қабулхонасида ишга туширилган «Онлайн маслаҳатчи» модули жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий маълумот олишга бўлган эҳтиёжларини тезкор ва самарали таъминлашга хизмат қилади.

Изоҳлар 23

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг