Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент кластер фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммони айтди

Президент кластер фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммони айтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида видеоселектор ўтказмоқда. Давлат раҳбари кластерларни молиялаштириш тизимини кескин танқид қилди.

Соҳадаги энг асосий муаммо – амалдаги эскича молиялаштириш тартиби, айни пайтда кластер тизимини ривожлантириш бўйича қўйилган талабларга мутлақо жавоб бермаяпти.

Айниқса, пахта-тўқимачилик кластерлари, кредит муддатларини узайтириш ва миқдорини кўпайтиришни сўрамоқдалар.

Муаммо шундаки, ҳозирда кластерларга кредит 11 ой муддатга ажратилади. Пахта хом ашёсини етиштириб, уни қайта ишлашга эса, камида 24 ой керак.

Ерни экишга тайёрлаш ишлари октябрда бошланса-да, кредит 3-4 ой кечиктирилиб, январь-февраль ойларидан ажратилади.

Бу эскирган тизим, энди тўлиқ ўзгаради, — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, агротехник тадбирлардан келиб чиқиб, пахта ҳосилини молиялаштириш, шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Бундан буён, кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади.

Давлат раҳбари томонидан пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар, фақат кластерлар орқали молиялаштирилиши таъкидланди.

— Энди, Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ажратиладиган маблағ, ҳосил етиштиришнинг амалдаги 60 фоизидан 80 фоизигача оширилади.

Шунингдек, якуний ҳисоб-китоб учун, кластер оладиган кредит фоизининг Марказий банк ставкасидан ошадиган қисмига бюджетдан компенсация ажратилади.

Лўнда қилиб айтганда, кластер олган кредитини, хом ашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтаради, — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг