Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғаройиб мусобақа

Ғаройиб мусобақа

Фото: «Xabar.uz»

Қадимда ҳам тадбиркор боболаримиз ёшларни ибодатга, хусусан, жамоат намозига кўпроқ жалб қилиш учун уларни рағбатлантирувчи мусобақалар, мукофотлар ташкил қилишган. Ана шундай тадбирларнинг замонавийси Самарқандда ҳам ташкил этилди. Тадбиркор Салим Ғойибов ташаббуси билан Имом Аъзам номидаги масжидда ғаройиб мусобақа уюштирилди.

Мусобақа шарти жуда оддий, аммо осон ҳам эмас: 40 кун давомида бомдод ва хуфтон намозини жамоат билан узлуксиз ўқиган 18 ёшгача бўлган болаларга велосипед совға қилинадиган бўлди.

Уйқунинг зўридан воз кечиб, тонгги уч-тўртда уйғониб, таҳорат олиб, масжидга бориш ҳатто катталар учун ҳам унчалик енгил иш эмас. Аммо апрелнинг аввалида бошланган тадбирда қирқдан ортиқ бола иштиёқ билан қатнаша бошлади. 10 май куни айтилган муҳлат битди ва ғалвир сувдан кўтарилди. Ҳакамлар жуда қаттиққўллик билан сарҳисоб қилишди, ҳатто бир мартагина саҳарда ухлаб қолган болалар ҳам кечирилмади.

40 кун давомида узлуксиз жамоат билан намоз ўқиган 14 бола ғолиб деб топилди ва хуфтон намозидан сўнг уларга совринлари – замонавий велосипедлар топширилди.

18 пора Қуръон ёдлаган 12 ёшли Муҳаммад Амин ва 10 ёшли Муҳаммад Айюб Раҳматуллоҳ ўғиллари, 3 пора Қуръон ёдлаган Муҳаммад Файз ва Акбаржон Анвар ўғиллари, 2 пора Қуръон ёдлаган 11 ёшли Убайдуллоҳ Умиджон ўғли,  Хайруллоҳ ва Абдураҳмон Фируз ўғиллари, Ихтиёржон Бахтиёр ўғли сингари 14 бола орасида энг ёш ғолиб ҳали беш ёшга ҳам тўлмаган, аммо ўндан ортиқ сурани тажвид билан ёдлаган Муҳаммад Юсуф Раҳматуллоҳ ўғли бўлди.

Фарзандларини Қуръонга муҳаббатли қилиб тарбиялаётган, уларни жамоат намозига ошуфта қилган Муҳаммад Амин, Муҳаммад Айюб, Муҳаммад Юсуф ва Муҳаммад Яҳёларнинг отаси Раҳматуллоҳ Қиёмиддиновга ҳам катталар велосипеди тақдим қилинди.

Прогул қилиб қўйган болалар ҳам ўксинмайдиган бўлишди, уларга совға-салом билан тўлдирилган сафархалта(рюкзак)лар топширилди. Уларнинг ичидаги энг керакли буюм эса уйқудан уйғотувчи соатлар бўлди.

Энг қизиғи, валломатликда болалар ҳам катталардан қолишмади: велосипеди бор бўлган болалар соврин сифатида қўлга киритган велосипедларини ғолиб бўлолмаган бошқа ўртоқларига совға қилишди.

Айтганча, масжидда хайрли мусобақалар шу билан тугаб қолмади, кейинги 40 кун учун янги танлов бошланди: энди 40 кун жамоат намозидан қолмаган болаларга янги ўқув йили учун мактаб кийим-кечаклари ва барча ўқув қуроллари ҳадя этилиши эълон қилинди.

Яна битта гап: жамоат билан намозни қолдирмай ўқиган катталарга ҳам сюрпризлар оз эмас! Ўқиган намозингиз учун мукофот ҳам олишни истасангиз, жамоат намози учун Имом Аъзам номидаги масжидга келаверинг!

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг