Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Генерал қайтмоқда! (фоторепортаж)

Генерал қайтмоқда! (фоторепортаж)

Фото: «Xabar.uz»

Генерал Собир Раҳимов номини кўплаб юртдошларимиз фахр билан ёдга олишади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши мардонавор курашиб, генерал ҳарбий унвонига сазовор бўлган илк ўзбек ўғлони у. 

1902 йилнинг январида Тошкентда туғилган бўлғуси генерал Меҳрибонлик уйида вояга етган. 1925 йили Бокудаги ҳарбий мактабни битирган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида у мотоўқчи полки қўмондони ўринбосари, ўқчи дивизия қўмондони бўлган. 1941 йил июлида яраланиб, госпиталда даволанган. Ўша йил ноябрида фронтга қайтган. 1943 йили унга генерал-майор унвони берилган. 1945 йилнинг 26 март куни у бошидан яраланган ва 8 соатдан сўнг госпиталда вафот этган. Собир Раҳимовнинг қабри Тошкентда жойлашган. 1965 йили унга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган.

Унинг хизматлари Ўзбекистонда ҳам муносиб эътироф этилиб, 1970 йили Тошкент шаҳрида  янги ташкил этилган туманлардан бирига, кейинчалик, Тошкент метросининг бекатларидан бирига биринчи ўзбек генерали номи берилган эди. Шунингдек, 1981 йили Собир Раҳимов номи билан аталувчи туман ҳокимлиги биноси олдида унинг ҳайкали бунёд этилган эди.

Бироқ 2010 йили туман номи ўзгартирилгач, 2011 йилнинг қишида ушбу ҳайкал Ғофур Ғулом боғига кўчирилган эди. Бундан ташқари, метро бекатининг номи ҳам ўзгартирилиб, «Олмазор» номи берилган эди. Туман номини ўзгартиришга матбуотда чоп этилган бир неча мақолалар сабаб бўлгани айтилади. Туман мутасаддилари ва олимлар жамоатчилик фикрига асосланиб, туманга тарихий номини қайтаришни ёқлаб чиқишган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Норин туманида ўтказилган видеоселектор йиғилишида генерал Собир Раҳимов ҳайкали аввалги жойига қайтарилишини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик.

— Мана, 9 май яқинлашиб келяпти. Мени қийнаб келаётган яна битта масала бор. Шафқатсиз фашизм билан курашда уруш майдонларида қолиб кетган буюк боболаримиз бор. Шуларни ичида биргина бўлган генерал Собир Раҳимовнинг номини эсламай ҳам қўйдик. Мана шу қаҳрамон генералимизнинг ҳайкалини тарих ва адолат учун тиклаб қўйсак. Бу иш 9 майгача амалга оширилса яхши бўларди, — деб айтган давлат раҳбари.

Мухбиримиз Фаррух Алиев бугун, 4 май куни Олмазор тумани ҳокимлигига бориб, генерал Собир Раҳимов ҳайкалини аввалги ўрнига қайтариш учун кўрилаётган ҳозирлик жараёни билан танишиб, фоторепортаж тайёрлади. Суратларни кўздан кечириб, жараён қандай кечаётганига ўзингиз баҳо беришингиз мумкин.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг