Ҳар доим қарз сўрайдиган одам ростдан ҳам камбағалми?
Савол: Бир қўшнимиз бор, нуқул ҳаммадан қарз олиб юради. Сира пулга ёлчимайди. Муаммоларга ўралашиб юргани-юрган. Гапирса, доим ҳасрат қилаверади. Маоши яхши бўлсаям бир ойдан иккинчи ойга етказолмайди. Бундайлар кўп топилади. Нима қилиш керак?
Ойбек.
Жавоб: Ҳар доим қарз сўраб, нолиб яшаш ўз ҳаёти учун жавобгарликни зиммасига олишни хоҳламаган инсонларга хосдир. Улар қанча кўп топсаям етмаслигини айтиб баҳона қилишади, пули бўлса-да, маънавий қашшоқликда яшашади, шунинг учун нуқул қарз сўраб ўзларини бечора қилиб кўрсатишади. Бундай яшаш ўзлари учун мақбул ва қулай, чунки атрофидаги одамлар меҳрибончиликдан кўра кўпроқ ачиниб яшашлари аён.
Қарз олиш учун бечора ролини ўйнаш яхши натижа беради. Одамлар ачинганларидан ҳам қарз берадилар. Ваҳоланки, биз кимгадир меҳрибонлик билан чин кўнгилдан кўмаклашганимизда мақсадга мувофиқ бўлади. Доимий қарз олувчилар борига шукр қилишмайди. Худди шу туфайли топганларининг баракаси ҳам бўлмайди.
Тўғри, ҳаётда кутилмаган вазиятлар рўй бериб туради. Фавқулодда харажатлар учун кимдандир пул сўрашга мажбур бўлади, киши. Умри мобайнида қарз олмаган инсон бўлмаса ҳам керак. Аммо кўпчилик буни пинҳон тутади, борига шукр қилади, мавжуд ҳолатини сабр-қаноат билан яхшилашга интилиб, натижага эришади. Бироқ доимий қарз оладиганлар ҳолати эса сурункали касалликка ўхшайди. Улар ўз вақтида фикрини ижобий томонга ўзгартирса, ҳаётидан нолиш ўрнига чора, тадбир изласа, ҳолати яхшиланади.
Вазиятни ўнглаш йўлларини қидириш, борига шукр қилиб, берганнинг баракасини сўраш, фикрларни етишмовчиликка эмас, ҳар доим қўйилган мақсад сари қаратиш муваффақиятни таъминлайди. Бунинг учун ҳар бир инсоннинг эътиқоди, ихлоси, иродаси етади! Фақат хоҳиш-истак, ҳаракат керак, холос!
Шундай экан, келинг, ҳар бир дақиқамиз, ҳар бир берган инъомлар учун миннатдорчилик руҳида яшайлик.
Бахтинисо Азимбоева,
руҳшунос-шифокор.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter