Ёш рассом ва сунъий интеллект “беллашуви” катта резонанс уйғотди
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ўтказилган контент танлови ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижодий беллашув ёшлар қизиқишни ошириб, инсон тафаккури ва сунъий интеллект имкониятлари ўртасидаги ўзига хос таққосни ҳам намоён этди.
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази томонидан ташкил этилган мазкур танлов ёшларни ижодга ундаш, ижтимоий тармоқлар учун юзаки эмас, балки мазмунли ва эстетик қийматга эга материаллар яратиш маданиятини шакллантиришга қаратилди. Шунингдек, у бадиий тафаккурни замонавий талаблар асосида ривожлантиришга хизмат қилди.
Танлов иштирокчиси, ёш истеъдод эгаси Жавоҳир Ҳасанов буюк мутафаккир портретини 50 соат давомида қўлда чизиб, уни сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвир билан ижодий “беллашув”га олиб чиқди. Натижада AI техник жиҳатдан юқори аниқлик ва деталлаштиришни намоён этган бўлса-да, инсон қўли билан яратилган асар Навоий сиймосининг руҳий қиёфаси, ички олами ва бадиий теранлигини таъсирчан ифода этди.
Жавоҳир ушбу ижодий жараённи видеога олиб, уни Instagram’даги саҳифасига жойлаштирди. Қисқа вақт ичида видео 2,3 миллиондан ортиқ кўришлар ва 220 мингдан зиёд “like” тўплади. Минглаб кузатувчилар ёш рассомнинг меҳнатини эътироф этиб, илиқ фикр ёзиб қолдиришди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Жавоҳир Ҳасанов 1-ўринга лойиқ деб топилди ва у iPhone 17 телефони билан тақдирланди. Шунингдек, танловда жами 402 та видеоконтент тақдим этилди. Якуний натижаларга кўра, 2-ўрин Рустамбек Насриддиновга, 3-ўрин эса Нусратбек Эркинов ҳамда Равшан Мирзабековга насиб этди. Ғолибларга DJI Pocket 3 ва DJI Mic Mini (2TX+1RX) совғалари топширилди.

Қайд этилишича, мазкур ташаббус ижтимоий тармоқлар учун сифатли, мазмунли ва замон талаблари даражасидаги контент ишлаб чиқарадиган ёшлар билан тизимли ишлашга хизмат қилмоқда. Бундай танловлар орқали ёшлар оддий ахборот истеъмолчиси эмас, балки профессионал контент яратувчи субъект сифатида шаклланмоқда.
Маълум қилинишича, бундай ижодий беллашувлар Контент маркази фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Йил давомида 20 дан ортиқ танлов ўтказиш режалаштирилган бўлиб, 1-ўрин соҳиблари iPhone 17, 2- ва 3-ўрин эгалари эса мос равишда DJI Pocket 3 ҳамда DJI Mic Mini (2TX+1RX) совғалари билан тақдирланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter