Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ипотекабанк» мижозлари ўгайми?

«Ипотекабанк» мижозлари ўгайми?

Фото: «UzReport.uz»

Бугун республикамиз тижорат банкларидан кредит олиш анча осонлашди. Мен ҳам яқинда «Ипотекабанк» филиалидан истеъмол кредити олдим. Бунинг учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ҳам камайтирилган. Доимий яшаш жойидан ҳамда ишхонангиздан йиллик даромадингиз тўғрисида маълумотнома олиб борсангиз кифоя. Банк ходимлари узоғи билан 45 дақиқада номингизга кредит расмийлаштиришади. Асосийси, илгаригидек маблағ йўқлигини баҳона қилиб сизни қуруқ қўл билан қайтаришмайди. Кредитга ажратилган лимит тугамаган бўлса сизга кўпроқ маблағ олишни таклиф қилишади.

Хуллас, банкнинг кредит бўлими хизмати мени қониқтирди. Шунга қарамай, «Ипотекабанк» тизимидаги айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Банк ва мижоз ўртасидаги кредит шартномаси талабларига мувофиқ ойлик қарз миқдорини масофадан туриб яъни интернет банкинг хизмати ёрдамида тўламоқчи бўлдим. Аммо «Click.uz», «Payme» сингари мобил иловалар рўйхатида «Ипотекабанк» йўқ экан. Банк ходимлари билан гаплашганимда ҳозирча улардан фойдаланишнинг иложи йўқлигини айтишди. Аммо банкнинг ўз мобил иловаси мавжуд бўлиб ундан фақат «Ипотекабанк»да пластик карта очтирган мижозларгина фойдаланиши мумкин экан.

Бу эса банк мижозларига, айниқса корхона ва ташкилотларда ишловчиларга ноқулайлик туғдирмоқда. Улар пул тўлаш учун овора бўлиб банк филиалига боришга, вақт йўқотишига сабаб бўляпти. Кассалар олди ҳар доимгидек тиқилинч, узундан-узоқ навбат ҳосил бўлган. Яна бир таъбни хира қиладиган жиҳат - кассада ўтирган ходимлар тўлов квитанциясини мижозларнинг ўзлари тўлдириши зарурлигини талаб қилмоқда. Бундай малакага эга бўлмаган оддий одамлар (гарчи квитанциянинг намуна нусхаси бўлса-да) ноқулай аҳволга тушиб нима қилишини билмай қоляпти.

Банк раҳбарияти ана шу каби нуқсонларга эътибор қаратса мақсадга мувофиқ бўларди. Бунда интернет банкинг хизматларини янада такомиллаштириш, масофадан туриб пул ўтказишдаги тўсиқларни бартараф этиш мижозлар ишончининг янада ортишига хизмат қилади.

Шоҳжаҳон Саиднабиев


Мақола «Жамият» газетасининг 6 апрел сонида эълон қилинган

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг