«Kabar» агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Тўланбой Қурбонов вафот этди
Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби саҳифасида Қирғиз Республикасининг «Kabar» миллий ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги кўп йиллик мухбири, тажрибали журналист Тўланбой Қурбонов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирилди.
Тўланбой Қурбонов 1952 йилда Андижон вилоятида туғилган. У фаолияти давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатларни ёритишга муносиб ҳисса қўшган. Узоқ йиллар республика радиосининг қирғиз бўлимида фаолият олиб борган.
У 2003 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида доимий аккредитациядан ўтган хорижий журналист сифатида мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларни холис ва тезкор ёритиб келган.
Шунингдек, Тўланбой Қурбонов қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги маданий яқинликни мустаҳкамлашга қаратилган таржима ишларида ҳам фаол иштирок этган. Жумладан, у қирғиз халқининг буюк адиби Чингиз Айтматов асарларини таржима қилиш орқали маънавий мерос тарғиботига ҳисса қўшган.
«Xabar.uz» марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter