Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Калий заводи атрофидаги можаролар ҳал бўлмоқда: ишчилар маоши учун 70 минг доллар ажратилди

Калий заводи атрофидаги можаролар ҳал бўлмоқда: ишчилар маоши учун 70 минг доллар ажратилди

Фото: ЎзА

Ёдингизда бўлса, бундан бир неча кун олдин «Калий заводидаги йирик можаро: ким айбдор — рус компаниясими, МИБми ёки 3 йилдан бери маош олмаётган оддий ишчилар?» номли мақола эълон қилган эдик.

Мақолада Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи пудратчиси — Россиянинг «ЗУМК инжиниринг» компанияси беш юздан зиёд ишчининг уч йиллик маошини бермай, икки йилдан буён сарсон қилаётгани айтилган, завод директори Ҳамидулло Шерматов ушбу муаммони ижобий ҳал этиш учун ёрдам беришни ваъда қилган эди.

«Xabar.uz»га маълум қилинишича, куни кеча «ЗУМК инжиниринг» ишчиларнинг ойлик маоши учун Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳисоб рақамига 70 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказган. Ушбу маблағ ҳозир конвертация қилинган ва шу ҳафта ичида ишчиларга тарқатилади.

Бу жараёнда завод раҳбарияти, хусусан, директор Ҳамидулло Шерматовнинг жонбозлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Чунки завод раҳбарияти ўз пудратчиси — «ЗУМК инжиниринг» компаниясига ишчилар ойлигини тўлаш шартини қўйган ва натижада юқорида айтилган пул ўтказилган.  Тўғри, «ЗУМК инжиниринг» компанияси ажратган пул жами қарздорликни қоплаш учун етарли бўлмаса-да, ҳар ҳолда муаммони ҳал қилиш учун илк қадам қўйилди.

Умид қиламизки, қарзнинг қолган қисми ҳам ундирилади. Ҳар ҳолда завод вакиллари бизни шунга ишонтирмоқда. Уларнинг айтишича, бундан кейин ҳам ушбу масала эътибордан четда қолмайди, вазият назорат қилиб борилади.

Шу ўринда ўқувчиларимизга яна бир маълумотни келтиришни лозим топдик. Шу кунларда Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ва «ЗУМК инжиниринг» компанияси ўртасида суд жараёнлари давом этмоқда.

Гап шундаки, завод ва рус компанияси ўртасида 2010, 2011 ва 2013 йилларда саноат-тажриба иши бўйича тузилган пудрат шартномаси 2015 йилнинг 10 сентябрида Тошкент шаҳар хўжалик суди апелляция инстанцияси қарори асосида ҳақиқий эмас дея топилган эди (бунга бажарилган иш кўлами асоссиз равишда ошириб кўрсатилгани сабаб бўлиб, бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди қарори ҳам чиққан).

Аммо шу йилнинг 27 февраль куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди «ЗУМК инжиниринг» фойдасига 6,2 миллион АҚШ доллари ундириш ҳақида ажрим чиқарган.

Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи вакилларининг айтишича, заводнинг хўжалик суди томонидан тан олинган 2010–2011-йилларда қилган 8,2 миллион долларлик харажати Тошкент туманлараро иқтисодий суди эътиборидан четда қолган.

Эртага, 17 апрель куни ушбу иш Тошкент туманлараро иқтисодий судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилади. Завод мутасаддиларининг маълум қилишича, агар суд қарори кучида қолса, бу Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи иқтисодий фаолиятига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Чунки даъво қилинаётган сумма завод экспортининг деярли уч ойлик ҳажмига тенг бўлиб, минглаб одамлар меҳнат қилаётган завод ишлаб чиқаришини сўроқ остига қўяди.

Ушбу суд мажлисида «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг