Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Кимлигимни биласанми, мен ҳокимман!»

«Кимлигимни биласанми, мен ҳокимман!»

Фото: «Pngtree»

«Xabar.uz» сайтида «127 йиллик кутубхонани ким қутқаради?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Фарғонадаги илмий-тиббий кутубхона биноси майдони шаҳар ҳокимлигининг қарори билан хусусий корхонага ажратилгани сабабли йўқ бўлиб кетиш хавфи остида тургани ачиниш билан тилга олинган ва мутассаддилар бу масалага жиддий қарашидан умид қилинганди.

Бизга маълум қилинишича, афсуски, ҳеч ким кутубхона фидойиларининг куйинишларига эътибор ҳам бермаган. Аксинча, бир асрдан зиёд даврдан буён вилоят шифокорлари билимларини оширишга ва мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаётган хазина асраб-авайланиш ўрнига ҳар ерга улоқтирилган.

Кутубхонанинг кўчирилиш жараёни. Фото: «Xabar.uz»

Кутубхона директори Элмира Доброва қўнғироқ қилиб, қуйидагиларни гапириб берди:

— Таассуфларким, бизнинг илмий-тиббий кутубхонамиз биносини аллақачон бузиб бўлишди. 11 март, якшанба куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан навбатчи қўнғироқ қилиб, кутубхона биноси бузилаётганини айтди. Ҳанг-манг бўлганча етиб борсам юк машиналари, ободонлаштириш хўжалиги ишчилари, вилоят, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, бошқармамиз бошлиғи ўринбосарлари, ички ишлар ходимлари жам бўлишибди.

«Ёмғир ёғяпти. Эртага қолдирайлик. Китоблар нам тортади», дедим зорланиб. Улар тушунгандай бўлиб туришганди, бир бир киши ғазаб билан келиб, «Кимлигимни биласанларми, мен шаҳар ҳокимиман!» деганича эшикни бузишга киришди. Ички ишлар ходимлари мени унинг олдига йўлатишмади. «Ахир ёмғир...» деганимча қолавердим. Бу нописандлик дилимни вайрон қилаётган бўлса-да, ўзимни қўлга олганча, кузатиб туришга мажбур бўлдим.

Китобини ўғирлатган инсоннинг ҳоли тушунарли. Бироқ давлатнинг, элу юртининг китобларини ўғирлатган кутубхоначининг, кутубхона директорининг аҳволини тасаввур эта оласизми?!

Кутубхонани кўчириш азал-азалдан фожиали ҳол саналади. Эзилади, титилади, тузатиб бўлмас шикастланишлар китобларимизни адойи тамом қилади. Алақанчаси ўғирланиши, ноёб китобларнинг йўқликка юз тутиши... қайси бирини айтай. Китобини ўғирлатган инсоннинг ҳоли тушунарли. Бироқ давлатнинг, элу юртининг китобларини ўғирлатган кутубхоначининг, кутубхона директорининг аҳволини тасаввур эта оласизми?!

Китобларни ғиштни ирғитгандай юк машинасига улоқтиришаётганини кўриш ва бунга дош бериш... Қайси кутубхоначи ва маърифатпарвар бунга дош бера олади?

Китоблар, мен учун жон қадар қадрли китоблар қаерларга олиб кетилаётганини ҳам билмай қолавердим. Бирор ҳужжат тақдим этишни ҳам лозим кўришмади. Эртасига маълум бўлдики, бир қисм китоблар вилоят АКМга вақтинча сақлаш учун (ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмай), қолгани кўптармоқли болалар шифохонасининг ҳарбий хизматга чақирилувчилар тиббий кўриги бўлимига етказилибди. У ерда 7та кичкина-кичкина хоналар бўлиб, бизнинг китобларимиз жой бўлиши амримаҳол. Аввалгисидан тенг ярмига кичик. Қолаверса, мукаммал таъмирга муҳтож. Чакка ўтиб ётибди.

Қаттиқ инвентарларимиз «Экстренный»нинг бир хонасида турибди. Қачон муқим жой беришгунча тураверади, деб калитини менга топширишди. Ҳозир тиббиёт ходимлари, тиббиёт олийгоҳлари, коллежлари талабалари ва ўқитувчи-олимларига беминнат хизмат қилиб келган илмий-тиббий кутубхонамиз тақдири раҳбарларни мутлақо қизиқтирмаяпти.

Ушбу масалада шифокор Музаффар Абдуллаев ҳам ўзи фикрини билдирди:

— Мен бу кутубхонадан фойдаланиб келаётганимга ўттиз йиллардан ошди. Дарҳақиқат, кўзларга сургулик ноёб китоблари ниҳоятда кўп. Шифокор тиббиёт тарихи, буюк шифокорлар тажрибаларидан воқиф бўлиб туриши фарз. Мен фаолиятимда қанча ютуқларга эришган бўлсам шу кутубхона туфайли. Тинимсиз ўқиб ўрганганим шарофатидир.

2000 йилгача мазкур кутубхонага янги тиббий илмий адабиётлар, бадиий адабиётлар (40 фоизи бадиий адабиётлар бўлиб, барча улуғ ўзбек адиблари ва шоирлари, чет эл адабиёти намояндалари асарлари бор), даврий нашрлар билан таъминланиши зўр бўлган. Хориж тиббиёт мактабларининг журналлари ҳам келарди. Монографияларни айтмайсизми! Биз улардан ўрганардик, ишимизда ижобий ўзгаришлар ҳам салмоқли бўларди. Энди бундай нашрлар орзу бўлиб қолмоқда.

Кутубхона биносини бузишдан олдин кутубхоначиларга мана бунга кўчинг, деб муносиб бино тақдим этилса бўлардику.

Ҳозир ўзимизда нашр этилаётган газета ва журналлар асосан ўқувчилар тиббий саводхонлигини оширишга мўлжалланган, ўрни бор, бироқ врачларга кўп нарса бермайди. Етук шифокорларга ҳуқуқий асосга эга бўлмаган интернет материалларидан ҳам наф кам. Кутубхона биносини бузишдан олдин кутубхоначиларга мана бунга кўчинг, деб муносиб бино тақдим этилса бўлардику.

Республика шошилинч тиббий-илмий маркази вилоят филиалининг илмий ишлар билан шуғулланувчи шифокор-олимлари, амалиётчилари, тиббиёт академияси Фарғона филиали талабалари, тиббиёт коллежлари ўқувчиларининг кутубхонаси учун янги бино қуриб берилиши ўрнига бундайин кечириб бўлмас муносабатда бўлинаётгани беҳад таажжубланарли, ажабланарли ҳол.

Президентимиз китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини юксалтиришга катта аҳамият бераётган пайтда-я? Бизнинг бу муаммомиз ижобий якун топади, деган умиддамиз.


Тиббиёт ходимларининг куюнганларича бор. Китобга бўлган бундай муносабатни нима деб аташ мумкин? Ёқимсиз, даҳшатли сўзни айтмоққа тил бормайди. Китобни бундай хор қилиб бўлмаслик, унинг уволидан қўрқиш ҳисси валломат раҳбарларнинг қалбида бормикин асти...

Ҳафиза Саляҳова, «Xabar» мухбири

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг