Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

127 йиллик кутубхонани ким қутқаради?

127 йиллик кутубхонани ким қутқаради?

Фото: «Xabar.uz»

Элмира Доброва вилоятда кўзга кўринган библиограф, қирқ йиллик стажга эга кутубхоначи бўлиб танилган. Кўпдан буён у ҳақда ёзиш, тажрибасини ёритиш иштиёқида юрардим. Яқинда унинг ўзи қўнғироқ қилиб қолди. Овозидан қаттиқ ташвишда эканлиги, ич-ичидан эзилаётгани сезилиб турарди. Ташвиш-хавотири бежиз эмас экан.

Яхшиси, унинг изтиробларини қандай ҳикоя қилган бўлса, шундай эътиборингизга ҳавола эта қолай:

— «МДМ» хусусий корхонаси ўзларига ажратилган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига қарашли бинони буздиришаётган кунларда, аниқроғи, 5 феврал куни шу корхона раҳбари Файзулло Юлдашев ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмай, зудлик билан кўчишимиз зарурлигини билдирди. Биз ҳам дарҳол бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одил Умаровга ёзма равишда мурожаат қилдик. Ҳеч қандай жавоб бўлмади.

Хуллас, ҳозирги вазиятдан англашиладики, 800 кв.м жойдаги илмий-тиббий кутубхона йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди.

Агар кутубхонамиз биноси ҳам шу корхонага берилса, бу корхона Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига қарашли бешинчи бинога ҳам эгалик ҳуқуқини қўлга киритган бўлади. Шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 123, 124-қарорларида қулоқ-томоқ касалликлари (лор) бўлими собиқ биноси хусусий корхонага фойдаланиш учун берилаётганлиги баён этилган бўлиб, мазкур ҳужжатда бизнинг илмий-тиббий кутубхона ҳақида ҳеч гап йўқ. Хуллас, ҳозирги вазиятдан англашиладики, 800 кв.м жойдаги илмий-тиббий кутубхона йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди.

Энди бўлса мутлақо бизни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олишмоқда.

Кутубхона директори сифатида мен ҳеч қандай ҳужжат билан, яъни бошқа жойга кўчиш, фалон бино ажратилгани билан таништирилмадим. Дилни оғритадиган муносабатлар бошланганига анча бўлган. 2002 йилдан буён уч марта кўчирилдик. Энди бўлса мутлақо бизни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олишмоқда.

Ўрни келганда айтишим жоиз, бу ҳудуддаги атроф-муҳитни ифлослантирувчи заводлар шаҳардан четга чиқарилди. Бироқ, ажабо, рентгенологик аппарат ишлаб чиқариш корхонаси эсон-омон қолаверди. Одамларнинг ҳаммаси ҳам бу нима эканлигини билавермайди. Бинобарин, бу ҳудудда вилоят ҳокимлиги, Ислом Каримов номидаги санъат саройи, иккита мактаб, «Мурувват» мактаб-интернати, «Сув спорти» саройи, тураржой бинолари ва шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали бор-ку! Лекин минг-минг таассуфлар бўлсинким, Президентимиз кутубхонага, китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини оширишга, яъники маънавиятни юксалтиришга давлат даражасида аҳамият бераётганда бизнинг кутубхонамизга ортиқча бошоғриқдай қаралмоқда.

Ёнгинамизда фойдаланилмай келаётган иккита парник ўрнида 2 ёки 3 қаватли кутубхона қурилса, учинчи қаватида вилоят тиббиёти тарихи музейини ташкил этсак, тасаввур этинг, қанчалар улуғ иш бўларди. Бу ҳам бир орзу-да. Орзуга эса айб йўқ, дейдилар. Индамай, менга нима, нима бўлса шу бўлар, деб юраверишга виждонимиз йўл қўймаяпти.

Халқимиз ноёб, бебаҳо бойлик — китобларга тўла кутубхонасидан жудо бўлмаслиги керак.

Додимиз битилган хатларга Фарғона вилоят ҳокими, Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика илмий-тиббий кутубхона директоридан жавоб кутавериб чарчадик. Сўнгги умидимиз тўртинчи ҳокимиятдан. Оҳимиз журналистлар орқали Президентимизга етиб боришига, муаммо қисқа фурсатларда ҳал этилишига ишонамиз. Халқимиз ноёб, бебаҳо бойлик — китобларга тўла кутубхонасидан жудо бўлмаслиги керак.       

Энди мазкур кутубхона ҳақида қисқача: аввало шуни таъкидлашим керакки, директорнинг ғайрати, фидойилиги натижаси — йиғилган архив ҳужжатларининг кўплиги ва ранг-баранглигини кўриб лол қолдим. Тиббиёт фани, соғлиқни сақлаш тизимининг тарихига, ҳужжатларига бу даражада қизиқиш, уларни беҳад қадрлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Буларнинг ҳаммаси ким учун, нима учун? Албатта, элу юрт манфаатлари учун-да.

Бундан ташқари, шуни ҳам айтиш керакки, кутубхона жамоаси соғлиқни сақлаш тизими изланувчан шифокорларига яқин кўмакчи. Зарур ҳолларда сўралган китобларни, янги эълон қилинган фармонларни, ҳужжатларни шифокорларга олиб бориб, фойдаланиб бўлишгач, қайтариб олиб келишади. «Нима қипти. Бу бизнинг бурчимиз» дейишади улар.

Тиббиёт кутубхонаси 1891 йилда вилоят тиббиёт жамияти томонидан ташкил этилиб, шифокорлар ўз ёнларидан китоб сотиб олиб, кутубхонани  бойитиб боришган.

Шифокорлар сулолаларидан иборат оилавий китобхонлар, айниқса, кўпчиликни ташкил этади. Кутубхона соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга хизмат қилувчи ахборот ресурсларини яратиши билан, шаҳар ва туманлардаги тиббиёт кутубхоналарига методик ёрдам бериши билан ҳам ўз ўрни, нуфузига эга. Бу илм масканининг шифокорлар учун, демакки, вилоят аҳолиси учун нақадар муҳимлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Энди яна ҳайратланарлиси — кутубхонанинг ёши 127да!

Тиббиёт кутубхонаси 1891 йилда вилоят тиббиёт жамияти томонидан ташкил этилиб, шифокорлар ўз ёнларидан китоб сотиб олиб, кутубхонани  бойитиб боришган. Ушбу жамият аъзолари бўлган шифокорлар шахсий кутубхонасидаги китобларни ҳам ушбу кутубхонага васият қилганлар. Ташқаридан ярим вайрона кўринишидаги кутубхонага келганимда Элмира Ибрагимовна ана шу китобларнинг бир нечтасини авайлабгина олиб кўрсатди.

«Кутубхонамизга. Китобларим ёш шифокорлар илму тажрибасини юксалтиришга, беморларга шифо бахш этишга, фаол ҳаётга қайтаришга бел боғлаганларга» каби дил сўзларини ёзиб қолдирганлар. 1891 йилдан бошлаб, Иккинчи жаҳон уруши даврида Москвадан Фарғонага эвакуация қилинган стоматология институтида хизмат қилган шифокор Муҳаммад Алиев, бош шифокор Смирнов сингари жуда кўп шифокорлар ҳақида маълумотлар катта-катта жилдларга жойланган.

Айни кунларда кутубхонада 35283 ахборот манбаи, 76000 китоб фонди, 3000та журнал, 85655 картотека мавжуд. Бир асрдан зиёд даврдан буён шифокорлар билимларини оширишга ва мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаётган кутубхона хазинасини – тиббиёт соҳасидаги маданий меросни асраб-авайлаш ўрнига кутубхонага бу зайл муносабат кишини ранжитади.

Фарғоналик шифокорлар ўзлари бунёд этган кутубхонадан айрилсалар, бу маънавий йўқотишнинг зарарини ҳисоблаб охирига етоламизми? Нафақат водий, балки республика тиббиёт кутубхоналари ўртасидаги алоқаларнинг узилиб кетишининг оқибатларини-чи, қайси рақамларга жойлай оламиз?!

Ҳафиза Саляҳова, «Xabar» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг