Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Контент марказида «Юрт қайғусида 365 кун» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Контент марказида «Юрт қайғусида 365 кун» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 18 май куни Контент маркази биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2025 йилдаги фаолиятига бағишланган «Юрт қайғусида 365 кун» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда ижодкор зиёлилар, жамоат арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

«Юрт қайғусида 365 кун» китоби «Янги Ўзбекистон» газетаси таҳририяти ижодий гуруҳи томонидан нашрга тайёрланган бўлиб, у Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил давомида серқирра фаолияти, давлат бошқаруви, халқаро дипломатия, иқтисодий ислоҳотлар, экологик барқарорлик, ижтимоий ҳимоя, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида амалга оширган ишларини ҳужжатли манбалар, таҳлилий шарҳлар ва фотолавҳалар асосида жамлаган кенг қамровли тўплам ҳисобланади.

«Юрт қайғусида 365 кун» номли китоб саҳифаларида давлатимиз раҳбарининг халқ дарди, ислоҳотлар суръати, халқаро майдондаги фаол дипломатик ташаббуслари, ёшлар, таълим, маънавият ва тараққиёт йўлидаги изчил ҳаракатлари кенг ёритилган.

Мазкур китоб ватан қайғуси билан яшаган, халқ ишончи ва масъулиятини ҳар кун юракдан ҳис этган раҳбар фаолиятининг бадиий публицистик ифодасидир. Асар орқали китобхон нафақат сиёсий жараёнларни, балки мамлакат тараққиёти ортида турган улкан меҳнат, матонат ва фидоийликни ҳам ҳис этади», – деди Журналистлар уюшмаси раҳбари Шуҳрат Орипов.

Тақдимотда сўзга чиққанлар китоб мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат раҳбарининг халқ билан мулоқоти ва Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим босқичларини ўзида акс эттирганини ҳам таъкидлади.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёровнинг қайдича, китобни яратиш ғояси жамоатчилик мурожаатлари асосида шаклланган.

«Бу ғоя кенг жамоатчилик ғояси десак тўғри бўлади. Ўқувчиларимиз ва муштарийларимизнинг доимий мурожаатлари орқасида биз бундай китобларни албатта жамлашимиз кераклигини англадик», – деди С.Дониёров.

Шунингдек, тақдимотда 2025 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи босқич бўлгани қайд этилди. Жумладан, ўтган йили тарихда биринчи марта Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошган. Олтин-валюта захиралари эса 60 миллиард доллардан ортган.

Тақдимот иштирокчилари китобда нафақат рақамлар, балки улар ортида турган улкан меҳнат, давлат раҳбарининг тизимли ёндашуви ва жойлардаги муаммоларни ҳал этиш жараёнлари ҳам таҳлилий асосда ёритилганини айтиб ўтишди.

Шунингдек, «Юрт қайғусида 365 кун» кенг китобхонлар оммаси билан бир қаторда сиёсатшунослар, тарихчилар, тадқиқотчилар, халқаро муносабатлар мутахассислари, журналистлар, талаба ёшлар ҳамда Янги ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини чуқур ўрганишга қизиқувчи мутахассислар учун ҳам муҳим манба вазифасини ўтайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг