Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Митти ҳикоялар: «Инсоф-инсоф» қандай ўйин?

Митти ҳикоялар:  «Инсоф-инсоф» қандай ўйин?

 Рассом

Жуда кўп ўйландим. Ё илҳомим келмаяпти, ё ғоя тополмаяпман... Бир мўъжиза рўй берса-ю шоҳ асар яратсам! Унда дунёнинг энг нозик ва нафис гўзаллиги намоён бўлса... Руҳим енгиллашиб ижод чарчоғидан креслога чўксаму хаёллардан ранг олган гўзалликка маҳлиё бўлсам!

Барибир ожизлик қилдим, тўғрироғи, қоғоздаги мусаффоликни бузолмадим.

Фасл

Она ёз жазирамасида нон ёпяпти. У бутун дунёга етгулик нон пиширди. Орқасида нонга навбат кутаётган оломонга бир разм солди ва пешонасидаги терни артиб сўз қотди:

− Мен эртага нон ёпмайман!

− Нега?! – хавотирланган оломондан овоз келди. – Сен кетсанг дунё оч қолади-ку?!

− Ўғлимни соғиндим... – у тандирга ҳолсиз суянди. – Кўришга бормоқчиман.

− Ахир ўғлинг қишда яшайди-ку! – дарғазаб бўлди кимдир. – Сен ёзда бўлсанг... Оралиқда куз бор. Қанча чиранганинг билан барибир куздан ўтолмайсан.

− Ҳаёт билан диллашдим. – юзидаги табассумни яширмай қўлидаги охирги нонни оломонга узатди она. – У мени қишга олиб борадиган бўлди.

Она ўғлини кўришга кетди. Эртаси куни эса Қиш келди.

Ўйин

− «Инсоф-инсоф» ўйнаймизми?

− У қандай ўйналади?

− Сен инсоф сотасан, мен харид қиламан.

− Унда мен инсофсиз бўлиб қолар эканман-да?

− Инсофи борлигини билмаган йўқлигини ҳам барибир билмайди.

− Мендан инсоф олгач, сен инсофли бўласанми?!

− Эҳтимол.

− Унда яшашинг қийинлашар экан...

− Нега?

− Инсофни асраш қийин. Қалбакилашиб қолиши мумкин.

− Демак, сенга ўхшаб қоламан.

− Ҳозир кимга ўхшаяпсан...

− Бу билан нима демоқчисан?

− Ҳеч нима.

Невара

− Бобо, ёшингиз нечада?

− Етмиш учга кирдим.

− Бу қандай ёзилади?

− Етти билан уч ёнма-ён ёзилади.

− Унда ҳали ёш экансиз.

− Хўш, қанчалик ёш эканман?

− Мен ва синглим билан тенг экансиз.

Эслатма

«Ўғлим, сени жудаям соғиндим... Отангнинг ҳам уйқуси қочган, доим сени сўрайди. Менга билдирмай йиғлаяпти. Биламан, сен қайтасан. Айтганча, эсингда бўлсин: ўғлингнинг исми Зафар».

Шифокор хўрсинди ва беморнинг ёнидаги эслатмалардан тўлиб кетган қоғозлар ёнига ёпиштириб қўйди.

Тонг

У туғилди.

− Уйғон, ўғлим. Тонг отди.

− Сиз кимсиз?

− Онангман.

Йиллар ўтди.

− Уйғон, ўғлим! Тонг отди.

− Сиз кимсиз?

− Вақтман.

Яна йиллар ўтди.

− Уйғон, ўғлим... Тонг отди.

− Кимсиз?

− Иймонман.

Йиллар якунланиб қолди.

− Уйғон, ўғлим... Энди тонг отмайди.

− Сиз кимсиз?

− Сенман.

Улғайиш

– Улғайишни истамайман!

– Нега?

– Чунки... Отам қариб боряпти.

Маъруф Менгли

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг