Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Митти ҳикоялар: қуюқ тутун қаъридаги аёл

Митти ҳикоялар: қуюқ тутун қаъридаги аёл

Оқибат

Шаҳарнинг энг малакали уқаловчи ҳамширасига илтимос тушди: етти ёшга тўлган бўлса-да, ҳалиям юролмаётган болакайни муолажа қилиш керак.

Маълум бўлишича, ота-она болани тинимсиз даволатган, бундай муолажаларни жуда кўп қўллашган, афсуски, натижаси бўлмаган экан.

Ҳамшира коғозда ёзилган манзилга келди ва у ерда бири вайрона, иккинчиси кошона уйларга кўзи тушди. Аёл ўйланиб туриб, харобага айланаёзган уй эшигини тақиллатди. Эшикни мункайиб қолган кўримсизгина кампир очди. Ҳамшира ундан фалончи аканинг хонадони қайси эканини сўради. Кампир саройдек кошонани кўрсатиб, бу уйда ўзининг ўғли яшашини айтди...

Ҳамшира бироз турди-да, индамай ортига қайтиб кетди.

Чекиш

Аёл борки, алам чекди... Дарду ситамлардан фиғони фалаккача етди. Лекин ичига ютди. Йиғлади, сиқтади. Ичидагини чиқариб юборди. Бунда унга имони, сабру саботи, ички ишончи кўмакка қўл чўзди.

Аёл борки, бахтни қучди... Иқболидан сармаст бўлди. Йиғлади, кулди. Ичидагини чиқариб юборди. Бунда унга келажакка бўлган умиди, ишончи ва шукроналик ҳисси кўмакка келди.

Аёл борки, дард чекди... Тўлғоқ азобидан дунёлар ларзага келди. Лекин чидади. Йиғлади, сиқтади. Бир куни минг кундек туюлиб, бутун умрини кўз ўнгидан ўтказди. Чақалоқ йиғиси билан барча оғриқлар босилди. Бунда унга чидам, бардош ва фарзанд ёрдам берди.

Аёл борки... тамаки чекди... Чекаётиб бор дунёни унутди. Кўкка ўрлаётган тамаки тутунлари ўзини ҳар ёққа урмасин, аёлга аёллигини уқтиролмасди. Оиласининг борлиги, фарзандлари учун соғлом ҳолда кераклигини англатолмасди. Аёл берилиб чекди. Гоҳида пинҳона, гоҳида ошкора чекди. Уни кўриб, дунё алам чекди. Ахир у ҳомиладор эди. Мурғак ҳомила аввал қоринда тутун ютди, кейин ёруғ дунёда дардларга кўмилиб кетди...

Аёл тамаки чекди. Йиллар ҳам унга ҳукмини ўтказа олмади. Соғлиқ кетди, куч кетди, ўпка кетди. Шунча заҳарни ичига ютди. Йиғлади, ўртанди. Ўзини ҳар жойга урди. Аммо ичидагини чиқариб юбора олмади. Энди қандай куч ёрдам берар экан? Касалманд боласими ё тутунларга қўшилиб туманга айланган имон, ишончими?

Кўзгу

Бир китобда қалб ойнаси ҳақида ўқиб қолдим. Ҳаловатим йўқолди. Қалб ойнаси! Уни қаердан ахтарай? Ўзимдан изладим ва топдим! Аммо...

Унга термилиш у ёқда турсин, бир боқишнинг ўзи мушкул экан. Оддий шиша қаршисида соатлаб вақт ўтказиш мумкин. Бу бизга чўт эмас. Аммо қалб ойнасига бир қараш учун ўзингда катта куч топишинг керак экан. Мен қарадим ва унинг сал хиралашганини кўрдим...

Орадан маълум вақт ўтди. Мен виждон амрига бўйсуниб, қалб ойнамни ярқиратиб юравердим. Кунлардан бир куни волидамнинг дилини оғритиб қўйдим. Нимадир бўлди-ю, ўзимга қарши гапириб юбордим. Онаизоримнинг кўнгли озорланди. Мен югура солиб, қалб ойнамга разм солдим: анчагина хира тортибди. Қанча жилмайишга уринмай, хўмрайиб тураверди. Мени кечирмади...

Онаизорим бўлган дилхираликни аллақачон унутиб юборгандир. Аммо менинг кўнглимдан кетгани йўқ. Қалб ойнамда доғ бўлиб, ҳар гал боққанимда бот-бот эсга тушираверади энди...

Ҳайит байрамида

Лайло хорижий фирмалардан бирида ишлайди. Қўлида сўнгги русумдаги телефон. Ижтимоий тармоқлардан бирига кириб, бошқасидан чиқади. Замондан орқада қолмайин, дейди. Ақлли, ҳушли, ҳаракатчан, серғайрат қиз. Дўстлари Леди деб мурожаат қилишади.

Унинг яна бир хислати: барчага эътиборли. Лайло дўстлари, яқинлари ва ҳамкасбларидан бирортасининг туғилган кунини эсидан чиқармайди. Бир оғиз табрик билан бўлса ҳам, ҳаммадан олдин йўқлашга уринади. Байрамларни айтмайсизми, қўл телефонингизга биринчи бўлиб шу қиздан байрам табриги ёзилган нома келади. Нақадар чаққон ва эътиборли.

Яқинда ҳайит байрамини нишонладик. Бу кунни ҳам қаҳрамонимиз эътибордан четда қолдирмади. Бир кун олдин СМС матнларини тайёрлаб қўйди. Қуёш ҳали кўзини очмасидан Лайлохон уларни жўнатишга киришди. Аввал бошлиқлардан бошлади. Кейин ҳамкасблари, ундан сўнг энг яқин дугоналари... Албатта қишлоғида уни соғиниб ўтирган яқинларини ҳам эсдан чиқармайди. Синглисининг қўл телефонига чиройли қилиб табрикнома жўнатди. Нома охирида, ҳаммани менинг номимдан қутлаб қўй, деди. Кейин ижтимоий тармоққа кириб, «друзья»ларини ҳам чиройли тарзда табриклади.

Ишда ҳамма уни уддабурон ва зийраклигини айтиб мақтади. Кун бўйи раҳматлар эшитиб, мамнун бўлганча уйига қайтди. Остона ҳатлаб кираётганди ҳамки, қўл телефони жиринглаб қолди: «Қизгинам, байраминг билан!»

Лайло бўшашиб қолди. Бугун ҳаммани табриклабди-ю, онаизорини бир оғиз қутлаб қўйиш эсидан чиқибди...

Алдамчи таскин

Икки норасидасини қайнонасига ташлаб, бегона юртда хорлик-зорликларга чидаб ишлаётганига етти йил бўлибди. Шу ҳақда ўйлар экан, аёл чуқур хўрсинди, болаларига ичикди. Сўнг яна ўша – «нимадандир кечмасанг, нимагадир эришолмайсан», деган сўзлар билан ўзига таскин берди-ю, ҳашаматли уй қуриш орзусида ҳожатхонани тозалашга астойдил киришиб кетди.

Чорасизлик

Ўғил отасини йўқлагани бугун ҳар кунгидан эрта келди. Саломлашди, юз-қўлларини нам сочиқ билан артди. Кейин хотини тайёрлаб бериб юборган нонуштани оғзига тутди. Ота емади, у томонга ҳатто қайрилиб ҳам қарамади. Уч ойдирки, ич-этини тирнаётган ўғил отасининг жонсарак қўлларини ушлаб икки жумлани йиғи аралаш такрорлай бошлади: «Нима қилай, ота, нима?»

Унинг аламли ноласини шифокорнинг бўғиқ овози бузди: «Аппаратни ўчириш ҳақидаги тилхатга имзо чекасизми?»

Соҳиба Муллаева.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг