Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мудофаа вазирлиги президент топшириғини бажаришга жиддий киришди

Мудофаа вазирлиги президент топшириғини бажаришга жиддий киришди

Фото:Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати

Бугун, 4 декабрь куни Хавфсизлик кенгашининг 28 ноябрдаги кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш йўлида қўйилган вазифаларнинг ижросига қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати.

Унда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, бастакорлар, кино, маданият ва санъат намоёндалари, рассомлар ҳамда ижодкорлар иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти ушбу йиғилишда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбийларга мамлакатимизнинг буюк тарихини ўргатиш, улар билан фахрланиш туйғусини шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда ишларни кучайтириш орқали миллий армиямиз сафларини мустаҳкам ирода, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ёшлар билан тўлдириб бориш бўйича кенг кўламли топшириқларни берганди.

Ўзбекистон мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов раислигида ўтган бугунги учрашувда ушбу вазифалар ижроси ва ёш-авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида келгусида амалга ошириладиган ишлар режалаштириб олинди.

“Биз биринчи навбатда ҳарбий хизматчиларимизнинг маънавий савиясини оширишимиз керак. Президентимиз ҳам бекорга «Темур тузуклари»ни чуқурроқ ўрганишга эътибор қаратишимиз лозимлигини таъкидламадилар. Ҳар бир ҳарбий хизматчи бу китобга ёзилган тарихимиз, ҳарбий санъат ва стратегия ҳақида маълумотларни билиши лозим. Биз эса бунинг учун ҳамкорликда ишлашимиз керак. Эндиликда барча ишлар қоғозда қолиб кетмайди.  Мудофаа вазирлиги томондан нимаики ёрдам керак бўлса, доим тайёрмиз”, — деди Азизбек Икрамов.

Шунингдек, йиғилиш давомида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги фильмлар, мултфильмлар, саф қўшиқлари, маршларни яратиш лозимлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Ватанпарварлик мавзусидаги республика қўшиқлар танловини ўтказиш, кейинчалик ушбу қўшиқлар тўпламини чоп этиб, барча ҳарбий қисмларга етказиш таклифи билдирилди.

«Саф қўшиқларимиз жуда эскириб кетган. Неча йиллардан буён ўзгармай келади. Биз Мудофаа вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда уларни янгилаш, керак бўлса аскарларимизнинг жанговарлигини оширишга хизмат қиладиган куйларни яратишимиз керак», — дейди Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев.

Йиғилиш якунида ҳамкорликдаги ишларни янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва уни такомиллаштириш тўғрисида барча томонлар ўз таклифларини билдириши ҳақида келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг