Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муносабат «шапалоқ»қача бормаслиги керак...

Муносабат «шапалоқ»қача бормаслиги керак...

Мактабдан қайтган қўшнимнинг боласи эшикдан кириши билан шоша-пиша гап бошлади:

- Онажон, синфимиздаги Султонбекни ўқитувчимиз урди...

Бир қарашда оддий гапдек. Аммо, шу бир оғиз жумланинг ортида бутун бир синф, бир ўқитувчи ва тарбия масаласидаги оғриқли саволлар турибди.

Қўшним, аввало, ўғлига “чақимчилик” қилгани учун танбеҳ берди. Сўнг вазиятни сўради. Маълум бўлишича, дарс пайтида тартибсизлик қилган Султонбекни ўқитувчиси: “Тўғри ўтир, тартиб бузма, билим олсанг, ўзингга яхши”, деб огоҳлантирган. Бунга жавобан ўқувчи: “Мен билан ишингиз бўлмасин, ундан кўра, семиз қоматингизни тўғрилаб олинг”, - дея уни изза қилган.

Синфхона жим бўлиб қолган. Кейин шапалоқ овози эшитилган.

Бу ерда икки оғир ҳолат бор: ўқитувчининг қўл кўтариши - қонун ва педагогик меъёрларга зид. Ўқувчининг ўқитувчини ҳақорат қилиши эса тарбия ва қадриятларга зид. Шапалоқдан кейин эса вазият янада чигаллашган: Султонбек ўқитувчини ҳақоратлаб, сўккан. Ўқитувчи синфдан йиғлаб чиқиб кетган.

- Сизлар индамай туравердингизларми?- деб сўради қўшним ўғлидан.

- Йўқ. Икки-учтамиз ўқитувчимизни овутиш учун залга чиқдик. Қолганларимиз эса Султонбекни яккалаб қўйишга келишиб олдик, - деди бола.

Қўшним боласининг тилидаги бу “ижтимоий жазо”дан чўчиб тушиб, унинг бу қарорини рад қилди:

- Йўқ, болам, бу нотўғри, хато. Яхшиси, сизлар ҳаммаларингиз бирлашиб, уни тарбиялаш йўлини қилинглар...

Шиддат билан ўзгараётган замонда болалар ахборот оқими, ижтимоий тармоқлар, эркин фикр муҳитида ўсмоқда. Лекин, эркинлик – ўз билганидан қолмаслик, дегани эмас. Бугун айрим ўқувчиларнинг ўқитувчини ҳақоратлашгача бориши жамиятдаги умумий муносабатларнинг инқирозига ўхшайди худди.

Тўғри, ўқитувчининг ўқувчига қўл кўтаришга ҳақи йўқ, бу қонун билан таъқиқланган. Лекин, жамиятда “қўл бекордан-бекорга кўтарилмайди”, деган қараш ҳам йўқ эмас. Муаммо, айнан, шу ерда: зўравонликни оқлашга уринишда, аслида.

8-синф ўқувчиси Эркин Жўраев ўз тажрибасини шундай эслайди:

- Мактабга боришдан асосий мақсад билим олиш. Лекин, менга спорт қизиқроқ. Билимим пастлигини тан оламан. Шунинг учун дакки эшитганман, ҳатто, тарсаки ҳам еганман. Аммо, ўқитувчимни ҳеч қачон беҳурмат қилмаганман. Бир сафар ўқитувчим тарсаки тушириб, мени шикоят қилади, деб ўйлабми, ўзи қўрқиб, узр сўради. Мен ўзимда айб эканини айтдим. Спортда натижа кўрсатиб, ишончини оқламоқчи бўлганимни айтдим. Шунда у киши мени бағрига босиб, омад тилади.

Бу ерда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат муҳим жиҳат. Шапалоқ эмас, кейинги самимий мулоқот хотирада қолган.

9-синф ўқувчиси Мадина Комилова эса қатъий фикрда:

- “Линейка”ларда билими паст болаларни ҳамма олдида мулзам қилишга, ўқитувчиларнинг қўл кўтаришига қаршиман.

Кўпчилик ўқувчиларнинг хулосаси эса ўртача нуқтада: “Ўқитувчи мажбур бўлмаса, қўл кўтармайди. Ўқувчи ҳам калтак билан билим ўрганмайди. Икки томон ҳам муносабатни уришгача олиб бормаслиги керак”

Бир синфдаги бир шапалоқ эса бу икки инсон ўртасидаги можаро эмас. Бу ота-она тарбияси, мактаб ва оила муҳити ва бошқа-бошқа ўзига хос занжирли муаммо.

Агар бола уйида катталарнинг ўқитувчи ҳақида паст баҳоларини эшитса, унинг қалбида ҳурмат туғиладими? Агар ўқитувчи ўзининг ижтимоий мақоми ва иқтисодий аҳволидан норози бўлиб, асабий ҳолатда дарсга кирса, сабр қанчага етади?

Таълим фақатгина билим бериш, дарсликлару баҳолар эмас, балки, икки ўртадаги илиқ маданий муносабатлардир.

Юқоридаги ҳолатга қайтадиган бўлсак, бола сўнгги ойларда дарсларга бефарқлашган, оиласидаги муаммолар сабаб руҳий босимда юрган экан. Бу унинг тажовузкор муомаласида намоён бўлади.

Ўқитувчи эса: “Ҳар қанча оғир бўлмасин, қўл кўтармаслигим керак эди”, - деди йиғилишда. Султонбек ҳам синфдошлари таъсирида синф олдида ўқитувчисидан узр сўраган. Ўзлари аввал келишиб олишганидек, уни яккалаб қўйишмаган, аксинча, унинг ёнида қолишиб, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида “кўприк” бўлишган.

- Ўғлим ўқийдиган ўша синфда муҳит анча ўзгарган. Султонбек ҳам спорт тўгарагига қатнашаётган экан. Ўқитувчиси ҳам: “Бир-биримизни эшитайлик”, деб дарс бошлайдиган бўлган экан,-дейди мийиғида кулиб қўшним.

Бир шапалоқ катта можарога айланиши мумкин эди. Аммо, вақтидаги мулоқот уни сабоққа айлантирди.

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг