Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Наврўз оддий эмас, халқаро байрам... 2009 йилда ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган

Наврўз оддий эмас, халқаро байрам...  2009 йилда ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган

Фото: «Twitter.com»

Шарқ халқлари орзиқиб кутадиган, инсониятнинг орзу-истаклари мужассамлашган, баҳор фасли бошланиши ва табиат янгиланиши билан боғлиқ Наврўз айёми қарийб уч минг йилдирки, Марказий ва Жанубий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ва Болқон минтақаси, Қора денгиз ҳавзаси халқларида кенг нишонланиб келмоқда.

Бугунги кунда, Наврўз 500 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олган Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Туркия каби давлатларда, шунингдек, Россиянинг Бошқирдистон, Доғистон ва Татаристон ҳудудларида кенг миқёсида нишонлаб келинмоқда. Бундан ташқари, Албания, Македония, Босния ва Герцеговина, Грузия Ҳиндистон ва Покистон, Хитойнинг бир қисмида ҳам ушбу кунни байрам сифатида нишонлаш анъана тусини олган.

Бу байрам нафақат инсонлар, оилалар ва жамият учун, балки элу элатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, тинчлик ва аҳиллик ғояларини улуғлаб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаши билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир.

Унинг бетакрор удум ва фалсафаси Шарқ ва Ғарб цивилизациялари қадимий урф-одатларини ўзида яққол акс эттириб, умумбашарий қадриятга айланди. Наврўз тантаналари ҳаётнинг табиат ила бевосита уйғунлигини, яратувчанлик руҳиятини ифодалаб, ҳар бир инсонни ҳаётнинг илк манбаи бўлган она табиатни кўз қорачиғидай асраб-авайлашга, у билан яхлит ва ҳамоҳанг бўлишга ундайди.

Наврўз турли элат вакиллари орасида турлича нишонланиши, ноёб анъаналари билан ҳам маълум ва машҳурдир. Ушбу кунда ҳар бир миллат фаровонлик тимсоли бўлган ўз дастурхонини ўзгача кўриниш, ранг-баранг ва ажиб миллийликни безатишга интилади.

Ўзбек дастурхони ҳалим, ош, сумалак сингари миллий таомлар билан ясатилса, Тожикистон, Афғонистон, Покистонда кумоч (катта нон) пишириш одат тусини олган. Шунингдек тожик халқи «С» ҳарфи билан боғлиқ, афғонлар эса «Ш» ҳарфи билан бошланувчи еттита маҳаллий неъматларни дастурхонга тортиқ этишади.

Рангларга бўялган тухумлар Наврўзнинг энг сирли урф-одатларидан бири саналади. Мусулмонлар яшил рангга бўяш-безатиш орқали улуғвор тоғларни, янги унган кўклам майсаларини, бепаён дала ва қирларда баҳорий уйғониш рамзини ифода этишган.

Байрам кунлари нуроний отахонлар ва мўътабар онахонлар болаларга бир ҳовуч буғдой, ёнғоқ ва қуритилган ўрик беришади, бу эса юртда бу йил тўкин-сочинлик ва рисқи бутунликка ўзига хос ишорадир.

Россиянинг Чечен ва Ингушетия ўлкаларида палов тайёрланиб, одамлар бир-бирининг уйига меҳмонга боради, деҳқонлар ўртасида ерни ҳайдаш бўйича ўзаро мусобақалашувлар ўтказилади.

Кўп миллатли Россия заминида Наврўз байрами муносабати билан Москва шаҳрида турли халқлар миллий санъати кўргазмаси ташкил этилиб, катта миқдорда ош дамланиши ҳам йилдан-йилга яхши урфга кирмоқда. Волга минтақаларида эса спорт ўйинлари ва миллий таомларни татиб кўриш орқали нишонланади.

Туркия ва Кавказнинг бошқа халқларида ҳам Наврўзи олам кўтаринки кайфият, юксак маънавий байрам руҳида кутиб олинади.

Бу барҳаёт ва ўлмас мезонлар жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция (2003 йил) талабларига мувофиқ, Наврўз кўплаб халқларнинг маданий ранг-баранглиги ва анъаналарини ўзида акс эттирган улуғ қадрият сифатида 2009 йил 30 сентябрда ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.

Бундан ташқари, ташаббускор давлатлар томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида «Наврўз халқаро куни»ни нишонлаш бўйича таклиф киритилди. 2010 йил 23 февралда Бош Ассамблея 21 мартни «Наврўз халқаро куни» сифатида тан олди ва A/RES/64/253 сони махсус резолюция қабул қилинди. Ушбу йиғилишда ЮНЕСКОнинг бир йил муқаддам эълон қилинган қарори ҳам қўллаб-қувватланди ва тўлиқ маъқулланди.

Бош Ассамблея манфаатдор аъзо давлатлар, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари ва жамғармалари, дастурлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, нодавлат муассасаларига Наврўзни нишонлайдиган давлатлар тадбирида муносиб иштирок этишга тавсия берди. Шу билан бирга, аъзо давлатлар ҳудудларида Наврўз ҳақида аҳолининг маълумотдорликни ошириш, бу байрам кунларида тантана ва тадбирлар ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилган.

Бир сўз билан айтганда, Наврўз нафақат минтақавий ҳамкорлик, қардошлик, яхши қўшничилик ва ўзаро бирдамлик руҳини мустаҳкамлайди, балки дунё элларини фаровон ҳаёт, умумий манфаатлар йўлида жипсликка чорлайди.

Дилафрўз Худойбердиева,

Марказий Осиё халқаро институти

етакчи мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг