Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Нечун чақалоқлар кўчага ташлаб кетилаяпти?

Нечун чақалоқлар кўчага ташлаб кетилаяпти?

Бир гўдакнинг бу ҳолда ҳаётдан кўз юмишига бефарқ қараб бўлмайди!

Фото: «novosti-n.org»

Бир вақтлар дунё хабарларини кузатар эканмиз, янги туғилган чақалоқларнинг кўчага, чиқиндихонага ёки ҳожатхонага ташлаб кетилгани тўғрисидаги янгиликларни туйғуларимиз жунбушга келиб қабул қилганмиз. Бу ноинсоний ишга қўл урганларни лаънатлаган, айблаган эдик. Бироқ, минг афсуски, ўз юртимизда ҳам шу каби ҳолатлар тез-тез содир бўлмоқда.

Яқинда ана шундай хабарлардан бири Ўзбекистон аҳлини қалқитиб юборган бўлса ажаб эмас. Бу сафар 1 апрель куни тунги 22:00 лар атрофида Тошкентнинг Чилонзор тумани 17-мавзесида дунёга келганига эндигина 7-10 кун бўлган қизалоқ кўчага ташлаб кетилгани хабар қилинди. Бу йил бошидан бери Тошкентда чақалоқларнинг ташлаб кетилиши билан боғлиқ ОАВга маълум тўртинчи, Ўзбекистондаги бешинчи ҳодиса бўлди. Ундан аввалроқ, аниқроғи 13 мартда Сергелида, 5 март куни Наманганда ва Сергелида, 30 январь куни яна Сергелида мурғак гўдаклар ташлаб кетилган эди.

Нима учун бу каби ҳодисалар сони ортиб бормоқда? Чақалоқларни кўчага ташлаб кетишга ҳадди сиғаётганлар кимлар? Уларнинг ёши нечида, оилавий аҳволи, шароити қандай? Болани боқа олмасликдан қўрқиб кўчага ташлаб кетаяптими ёки бир вақтлар қўл урган гуноҳининг аччиқ мевасини татишга юзи чидамай, қилмишларини яшириш учун жигарбандидан воз кечаяптими?

Аслида бу каби ҳодисаларнинг сабаблари инсонларнинг иймон-эътиқоддан узоқлашиши ёки узоқлаштирилиши, таълим-тарбия ва одоб-ахлоқдаги бўшлиқлар ва узилишлар билан боғлиқ. Аммо бу ҳақда гапирсангиз, «биз дунёвий давлатда яшаяпмиз. Ҳар ким истаганича яшаши, хоҳлаган ишини қилиши мумкин, энг муҳими — ўзгаларнинг ҳуқуқлари, қонун меъёрлари бузилмасин», — дейдиганлар топилади. Нима ҳам дердик. Бу ҳаётда нима эксанг шуни ўрасан. Аммо мени кўчаларга ташлаб кетилаётган бегуноҳ гўдакларнинг қисмати кўпроқ ташвишга солаяпти. Афсуски, улар ҳар доим ҳам соғ-саломат ҳолда топилиб, давлат ёки яхши одамлар қарамоғига топширилаётгани йўқ. Бир гўдакнинг бу ҳолда ҳаётдан кўз юмишига бефарқ қараб бўлмайди ахир.

Майли, Ўзбекистон дунёвий давлат. Аммо дунёвий давлатларда барчанинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланишини ҳам инобатга олайлик. Ёшлар жинсий алоқага киришишга тайёр бўлса ҳам «қонуний никоҳ қуришга тайёр бўлмас экан», эрта никоҳ, эрта ҳомиладорликнинг олдини олишга жиддий қаршилик бўлаётган экан, жинсий тарбия, исталмаган ҳомиладорликдан сақланиш усуллари ва воситалари ҳам кенг тарғиб қилинсин. Зино уят бўлмас экан, контрацептик воситаларни сотиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳам уят иш ҳисобланмасин. Бу бўйича маълумот, маслаҳат, моддий ва маънавий ёрдам олиш йўллари осон, бепул ва мутлақо аноним бўлсин. Бир ҳудуддаги шифохонага боришдан уялувчиларга бошқа ҳудудлар мутахассислари консультация бериши йўлга қўйилсин.

Яқинда Канаданинг Калгари шаҳрида истиқомат қилаётган ҳамюртимиз Фарҳод Файзуллаев Ўзбекистонда чақалоқларнинг кўчаларга ташлаб кетилаётганига муносабатини билдириб, у ердаги ҳолатни намуна қилиб келтирган эди. Ўз фарзандини шифохонага олиб борган юртдошимиз шундай ёзади:

«Поликлиника ҳомиладорлик тестидан бепул ўтиш, тери-таносил касалликлари учун анализ топшириш, «авариявий» контрацептик воситаларни олишни таклиф қилмоқда. Буларнинг барчаси конфеденциал (мурожаат қилувчининг шахси сир сақланади – блогер изоҳи)».

«Кеча «Дарё»да Сергелида сўнгги уч ой ичида ташлаб кетилган учта кўдак ҳақидаги мақолани ўқидим. Ўйлайманки, бу муаммони «маънавият», гинекологларнинг қизларнинг бокиралигини текшириш учун коллежларга бориши, оммавий сўкиш, стигмация (тамға босиш – блогер изоҳи) билан ҳал қилиб бўлмайди», — дея давом эттиради у.

Мактаб ҳамда коллежларда эркак ва аёлнинг нозик муносабатлари, саломатлик дарсларини киритиш лозим. Эрта жинсий алоқаларнинг қандай хатарлари борлиги, қандай касалликларни юқтириб олиш мумкинлиги айтилиши керак. Презервативлар нима эканини ва қандай ҳимояланишни кўрсатиш керак. Ҳимояланган ёки ҳимояланмаган ҳолда жинсий алоқа содир бўлган бўлса, маслаҳат, контрацептивлар учун қаерга бориш, умуман нима қилиш кераклигини тушунтириб бериш зарур.

Оқибатлари ҳақида ўйламасдан ҳимояланмаган жинсий алоқа билан шуғулланаётган қизлар эса бу ҳақда айтишдан қўрқиб (ота-оналарга айтиб бўлармиди, ўлдиришади), туғишади ва кейин, мана чақалоқни ташлаб кетишмоқда».

Мен ҳам Фарҳод Файзуллаевнинг таклифларини қўллаб-қувватлайман (гарчи «маънавият» ҳақидаги гапларига қўшилмасам ҳам). Айтиш керакки, бу борада жуда кўп иш қилинаяпти. Интернетда қидирувга берсангиз, минглаб тадбирлар, тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳақидаги хабарларни ўқийсиз. Аммо содир бўлаётган воқеалар бу каби ишлар самарали йўлга қўйилмагани, гап эгасига етиб бормаётгани, жуда кўп камчиликларга йўл қўйилаётганидан далолат беради. Назаримда жинсий тарбия, зинонинг ҳаромлиги борасида тушунарлироқ ва очиқроқ гапириш вақти келди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг