Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ОАВ ҳақидаги қонун янги таҳрирда: оммавий ахборот воситаларига нисбатан ҳар қандай тўсиқ бекор қилинмоқда

ОАВ ҳақидаги қонун янги таҳрирда: оммавий ахборот воситаларига нисбатан ҳар қандай тўсиқ бекор қилинмоқда

Фото: «segodnya.ua»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайтида «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач, аввалги қонун билан янги таҳрирдагисини таққослаб чиққан эдик.

Бугун эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг асосий қисмларини солиштириб чиқамиз.

Аввалги қонуннинг 5-моддаси: «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркин бўлиб, ўз фаолиятини ушбу қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига биноан ахборотни излаш, олиш, тарқатиш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади».

Янги таҳрирда қуйидагича ўзгартирилади: биринчи қисмидан «бўлиб, ўз фаолиятини ушбу қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади» сўзлари чиқариб ташланади.

Қуйидаги таҳрирда учинчи қисм билан қўшимча киритилади: «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, ахборотдан эркин фойдаланиш, мулкий ҳуқуқ, давлат органларининг ноқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланади. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади».

Учинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисобланади.

Тўртинчи қисмга «олиш» сўзидан кейин «тадқиқ этиш, узатиш, фойдаланиш, сақлаш ва» сўзлари қўшимча қилинади.

Қуйидаги таҳрирда 51-моддаси қўшимча қилинади:

«51-модда. Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Оммавий ахборот воситалари давлат томонидан қуйидаги йўллар орқали қўллаб-қувватланиши мумкин:

— оммавий ахборот воситалари томонидан ўзининг маҳсулотини ишлаб чиқариш ва тарқатиш чоғида тўланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда тарифлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар бериш;

— давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалар тизими орқали молиявий ёрдам кўрсатиш;

— моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

— таҳририят ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

— оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамғармалар фаолиятини ташкил этиш;

— таҳририят ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш оммавий ахборот воситаларининг ижодий мустақиллигини бузиш учун ишлатилиши мумкин эмас».

Аввалги қонуннинг 20-моддаси: «Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

— муассис тўғрисидаги маълумотлар;

— оммавий ахборот воситасининг номи, тили ва тури;

— мақсад ва вазифалари;

— ихтисослашуви;

— тарқатилиш ҳудуди;

— даврийлиги;

— молиялаштириш манбалари;

— таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили) ва таҳририят тўғрисидаги бошқа маълумотлар;

— ҳажми;

— муассис ва таҳририят бошқа қайси оммавий ахборот воситаларига нисбатан муассис, ишончли бошқарувчи, ношир, тарқатувчи эканлиги ҳақидаги (барча аффилланган шахсларнинг ва улардан ҳар бирининг таҳририят устав фондидаги улуши миқдорлари кўрсатилган) маълумотлар.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари илова қилинади.

Агар муассис битта шахсдан иборат бўлса, рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиладиган оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага фақат таҳририят устави (низоми) илова қилинади.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишда ушбу моддада назарда тутилганидан бошқа талаблар қўйиш тақиқланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи-бешинчи хатбошиларида, шунингдек, иккинчи қисмида кўрсатилган маълумотлар ва ҳужжатларга оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ўзгартишлар киритилган тақдирда, у белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтиши шарт. Қолган ҳолларда муассис ёки таҳририят киритилган ўзгартишлар тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни бир ой муддатда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт».

Янги таҳрирда тўртинчи қисм билан қўшимча киритилади: «Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган тақдирда веб-сайтнинг домен номи кўрсатилади, бунда мазкур модданинг биринчи қисми 6 ва 10-хатбошларида назарда тутилган маълумотларни тақдим этиш талаб этилмайди».

Аввалги қонунниннг 22-моддаси: «Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

— оммавий ахборот воситасининг мақсад ва вазифалари қонун ҳужжатларига зид бўлса;

— оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза ушбу қонунга мувофиқ оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахс номидан берилган бўлса;

— оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса;

— бундан аввал айнан бир хил ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш номдаги оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилган бўлса.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, рад этиш асослари кўрсатилган ёзма хабарнома қарор чиқарилгандан кейин ўн кун ичида аризачига юборилади.

Муассис рўйхатдан ўтказувчи органнинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиши мумкин».

Янги таҳрирда иккинчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилади: «Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, рад этиш асослари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган хабарнома ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизимлари орқали электрон шаклда қарор чиқарилгандан кейин бир кун ичида аризачига юборилади (топширилади)».

Аввалги қонуннинг 27-моддаси: «Даврий босма нашрнинг электрон шакли даврий босма нашрни тарқатиш усулларидан биридир.

Тегишли даврий босма нашрнинг босма ва электрон шаклларининг мазмуни айнан бир хил бўлган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган тақдирда, даврий босма нашр таҳририяти даврий босма нашрнинг электрон шаклини мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказмасдан тарқатишга ҳақлидир.

Даврий босма нашрнинг босма шаклида мавжуд бўлган реклама хабарларининг электрон шаклдан олиб ташланиши ва (ёки) бутунлай ёки қисман алмаштирилиши, шунингдек, электрон шаклда ифодаланган материаллар ҳажмининг босма шаклидагига нисбатан қисқартирилиши мазмуннинг айнан бир хиллиги бузилиши деб қаралмайди.

Даврий босма нашр таҳририяти даврий босма нашрнинг электрон шакли тарқатилиши тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма шаклда хабардор қилиши шарт».

Янги таҳрирда биринчи қисм билан қўшимча қилинади: «Ахборот ташувчи қурилмаларга ёзилган, шунингдек, электрон техник қурилмалар ёрдамида фойдаланишни инобатга олувчи Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган рўзномалар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар, чиқиш маълумотлари бўлган, ўзгармас тарзда тарқатишга мўлжалланган, таҳририй қайта ишлашдан ўтказилган электрон шаклдаги ҳужжатлар даврий босма нашрнинг электрон шаклидир».

биринчи-тўртинчи қисмлар ўз навбатида иккинчи-бешинчи қисмлар деб ҳисобланади.

Қуйидаги таҳрирда 271-модда билан қўшимча қилинади: «Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситасининг бош саҳифасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

— даврий нашрнинг номи;

— давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва рақами;

— муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

— бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

— таҳририятнинг индекси, жойлашган ери (почта ва электрон манзили)».


Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун ҳали лойиҳа бўлиб, у тасдиқланиши ёки рад этилиши мумкин. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг