Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўсаман десанг, айтганимни қил!»

«Ўсаман десанг, айтганимни қил!»

Фото: «Частная цензура»

Яқинда бир жойда шундай воқеанинг гувоҳи бўлдим.

— Сен шундай мақола ёзгинки, уни ҳамма севиб ўқисин, — деди бир ҳамкасбим ёш йигитга.

— Унда мана бу мавзуларда мақолалар ёзсам, ўқиб кўрасизми? Одамларни қийнаб келаётган муаммолар ҳақида, — деди йигит. 

— Яъни?

— Мана, масалан, уй-жой олиш мақсадида йиллар давомида ҳокимият эшиги олдида сарғайиб турган ногирон киши, институтни тугатиб ишга киролмаётган собиқ талаба, газ ва электрнинг йўқлигига неча йиллардан бери кўникиб кетган қишлоқ, шўролар давридан бери асфальт нималигини билмай келаётган кўча, маошини етказа олмаётган ўқитувчи, пули йўқлигидан тушликка чиқолмасдан кўча кезиб ўзини чалғитаётган журналист, дорихонага бориб керакли дориларни олишга пули етмаётган жувоннинг ноласи, отаси тўлаган алименти битта янги кийимга етмаган бола, бозорнинг растаси йўқ жойида чекчидан яшириниб хўрозқанд сотаётган чол, худди шу бозорда арава тортиб ивиб кетган ўспирин, Россияда ишлаб келган пулидан одамларга фоизга бериб кун кўраётган судхўр, изғирин совуқда товуқ сотиб ўтирган кампир, бақириб одам чақирганидан ўткинчиларнинг жонига теккан автобус паттачиси, ҳар йили ўқишга бораман деб ният қилса-да, укаларини боқиш илинжида бировларнинг шолипоясини ўтоқ қилиш билан ёзни ўтказадиган қиз, тирикчилик важида...

— Тўхта, сен бунақа мавзуларда ёзма. Энди-и... ижтимоий мавзулар тўлиб ётибди, — деди танишим ва давом этди. — Яхшиси, ўзгаришлар ҳақида ёз. Масалан, фалон заводнинг очилгани ҳақида ёз.

— Қишлоғимда ҳеч бир янгилик йўқ-ку, — деди йигитча соддаларча.

— Эй бола, қишлоғингнинг бунга алоқаси йўқ. Ўсишни истасанг, яхши нарсаларни ёзгин.

— Биласизми, журналист амаки, мен санаган муаммоси бор одамлар жуда кўп.

— Бола, ўсаман десанг, менинг айтганимни қил...

Акбаржон Абдураимов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг