Ота-онадан қолган беҳисоб бойлик
Шаҳарчилик-да, баъзан: «Ота-онангиздан нима мерос қолди?» деб сўраб қолишади. «Ота-онамдан менга беҳисоб бойлик қолди, ҳаётда нимага эришган бўлсам, шу мерос туфайли эришдим», деб жавоб қайтараман.
Бой-бадавлат кишилар тўплаган пулларини омонат кассаларида сақлаб, ойма-ойига даромад олишади. Мен эса ота-онамдан эшитганларим, қулоғимга қуйилган гапларни дилимга жойлаб олганман ва улардан ойма-ойига эмас, ҳар куни, ҳар соатда, ҳар бир ҳолатда нақд фойда топаман.
Дадам ҳар икки гапнинг бирида: «Кўча-кўйда беҳуда гап кўп. Қулоқ солмаслик керак. Мана мен, қулоғим оғирлашиб қолди, аммо хафа эмасман, ғийбат, фисқу фасод гапларни эшитмайман. Кўзим хиралашди, майли, шунисига ҳам шукур – кераксиз нарсаларни кўрмайман», дер эдилар. Биров ўринсиз лақиллай бошласа, «Жияним, бу гапингни қўй, бўладиган гапни гапир, оғзингни бекорга чарчатма», деб енгил танбеҳ берардилар.
Бир гал қариндошларимиздан бири дадамнинг олдига келиб, қишлоққа бош-қош бўлиб турган раҳбардан шикоят қилиб қолди. «Ҳаммаси ўзини ўйлайди, хирмонни ўпириб юборди, кўзига нима кўринса, уйига ташийди, бизга ўхшаганларга ариқдаги сувни ҳам раво кўрмайди», дея нолиди. Дадам унинг гапларини диққат билан эшитдилар, арзини айтиб бўлганидан кейин, қуюқ қошларини чимириб: «Жияним, тушундим, аммо... гапингнинг ушови йўқ, ҳаммаси бекорчи гаплар. Ундан кўра бир ишнинг этагидан тутсанг бўлмайдими, кап-катта одамсан-а», деб уришиб бердилар.
Дадамнинг насиҳатлари ҳар куни ёдимга тушиб туради. Энди мен уларни шаҳарда туғилиб улғайган фарзандларим, набираларим қулоғига қуяман. Мана, улардан айримлари:
«Элга қараб иш тутинглар, элга аралашиб, бир корига яраб юринглар. Элдан чиқиш – ўлимдан ёмон. Тўй-маърака қилмоқчи бўлсангиз, маҳалланинг олдидан ўтинг, қариндош-уруғнинг фикрини билинг. Болаларингизнинг ризқини қийманг, қарз кўтарманг. Жуда ошириб юборманг. Исрофдан ёмони йўқ. Эҳсон дастурхонингиз покиза бўлсин...»
«Ҳамиша шукур қилиб яшанглар. Ҳеч қачон нолиманглар. Нолиган одамнинг уйидан барака қочади. Қорнингиз оч бўлса ҳам, ўзингизни тўқдай тутинг. Уйда ётиб қолсангиз, биров сизни кўргани келса, «Тузукман, кечагидан кўра анча яхшиман» денг, ҳасрат қилманг, ўзиники ўзига етади...»
«Қариндошлардан узоқлашиб кетманглар, борди-келди қилинглар, йўқлаб туринглар. Болаларингиз бир-бирларини танишсин, кўча-кўйда бир-бирларига салом бериб ўтишса, қандоқ яхши».
«Баджаҳл, беҳуда гапни кўп гапирадиган, оғзи бепарда одамларнинг суҳбатидан қочинглар. Умрни исроф қилиш керак эмас».
«Эркакмисан, эркак мақомида тур. Майдалашиб, бўлар-бўлмас гапларга аралашиб кетган киши бебурд бўлиб қолади. Шундан ёмони йўқ...»
«Ёши улуғларнинг олдида одоб сақлаб, зийрак ўтириш керак. Катталардан олдин гап бошламанг. Бирор нарсани сўрашса, билсангиз – айтинг, билмасангиз ўзларидан сўраб билиб олинг. Издиҳомларда маҳмадоналик қилишдан ёмони йўқ. Улуғларнинг назарига тушиш осонмас – ё дуо оласиз, ё кўзикиб кетасиз».
«Баъзиларга ҳайрон қоламан, ўзи дуппа-дуруст одам, эс-ҳуши жойида, аммо биров «Баққа юр», деса, мазанг кампирнинг аравасига эргашган боладай зипиллаб кетаверади. Қаёққа бораяпти – ўйлаб ҳам ўтирмайди. Санқиб-санқиб, охири бир куни боши билан жарга қулаганида кўзи очилади...»
«Ёши улуғ кишилар билан ёнма-ён ўтириб, таом есангиз, ошнинг гўштини юпқа, оқсоқоллар бармоқлари орасига олиб эзғилаб, юмшатиб ейдиган қилиб тўғранг. Чойни оз-оздан қуйинг.
Қовун сўйсангиз, уч коса қилиб сўйинг, пичоқ уруққа тегмасин. Тарвуз сўйсангиз – икки паллага ажратинг. Анорни қонини оқизмай сўйинг, дастурхонни ифлос қилади».
«Таом ейишда одоб кўп. Баъзилар, ёмондан ёрти қошиқ дегандай, лаганда бир ошам – ярим ошам қолдиришади. Охирги ошам ош парвардигорга «Э, яратган эгам, ишқилиб мен ейилмай қолиб кетмайин-да, исроф бўлмайин-да», деб йиғлаб турар экан».
«Меҳмонга борганда у ёқ-бу ёққа алангламай, дастурхонга қараб ўтириш керак. Устозлар бизга шундай таълим беришган. Олдингизга қўйилган таомни мақтаб-мақтаб енг, камчилигини айтманг».
«Хотинларингизни бой-бадавлат кишиларникига меҳмонга камроқ олиб боринглар. Хотин киши-да, хаёлига: «Ўҳ-ҳў, роса зўр яшашар экан-да, бизда бўлса ҳеч вақо йўқ», деган фикр келиши мумкин».
«Қўни-қўшни тўй-маърака қилиб, сизлардан қозон-товоқ, кигиз, кўрпача сўраса, дарҳол беринглар. Уйга ортиқча нарсаларни йиғманглар, ҳашам қилиб, токчага териб қўйманглар. Ҳовлига дарахт эксанглар, сояси қўшнининг ҳовлисига тушмайдиган қилиб экинглар. Қўшнига кўриниб турган битта шохининг меваси – уларники. Жонлиқ сўйсанглар, озроқ насиба беринглар. Думбаёғ эритсанглар, жиззасидан узатинглар».
«Мадрайимбой, Тошвой билан олтмиш йилдан ортиқ қўшничилик қилдик, орамиздан бирор гап ўтмади. Мендан кейин ҳам аҳил-иноқ бўлинглар. Ариқ, сув талашманглар, бирор камчилигини юзига солманглар. Уйларида йўқ пайти мол-ҳолидан хабар олиб туринглар».
«Бозорга борсангиз, қўшнилардан: «Сизларга бирор нарса зарур эмасми?» деб сўранглар. Бозордан қўшнингиз ё қариндошингиз учун нарса олганингизда, савдолашиб олинглар».
«Икки киши жанжаллашиб қолиб, олдингизга келишса, қайсинисини аввал тингласангиз, ўша ҳаққа ўхшаб кетади. Иккаласини эшитиб бўлиб, кейин бир тўхтамга келинглар. Уришганларнинг орасига тушишни унча хуш кўрмайман, аммо уларни яраштириб қўйиш – улуғ савоб».
«Болаларингиз қўшни болалар билан жанжаллашиб қолишса, жаҳл отига минманг, айб балки сизнинг болангиздадир...»
«Тошканбой ўғлим (менга айтаяптилар), болаларингиз бутунлай шаҳарлик бўп кетишмасин, қишлоққа келиб туришсин. «Дом» одамни пўк қилиб қўяди, тўрт қадам жойга ҳам мошинда борадими, пўк бўлади-да. Ёзда қишлоқда юрса, мева-чева ейди, от, эшак миниб пишади, чиниқади, ҳадеб касал бўлавермайди. Болаларга қариндош-уруғларни танитиб қўйинг, узилишиб кетишмасин».
«Қариндошми, бегонами – кимникига борсангиз, қўлингиз қуруқ бўлмасин, ҳеч бўлмаса иккита нон олволинг, олдингизга қўяди. Меҳмонда узоқ ўтирманглар».
«Меҳмондўст бўлинглар. Меҳмонлар уйга фаришталар билан бирга кириб келади, деган гап бор».
«Уйдаги гапни кўчага чиқарманглар, чувалашиб кетади. Хотинларнинг ади-бадисидан баландроқ туринглар».
«Исрофдан қўрқиш керак. Далада пичан ўрсангиз, исроф қилмай, тозалаб, таг қилиб ўринг, экинга сув тарасангиз, милмиллатиб суғоринг, ариқдан тошиб, беҳуда оқиб ётмасин».
«Болаларни меъдаси тўқ қилиб тарбияланглар. Меҳмон ўтирган дастурхонга ўргатманглар».
«Қўни-қўшнидан бир нима олсангиз, вақтида қайтаринг. Рўзғорни ҳамиша бут қилиб қўйинглар. Кўпчиликнинг олдида бировни изза қилманглар».
«Амал кетса кетсин, мол-дунё кетса кетсин, аммо бурд кетмасин. Ана, фалончи (узоқроқ қариндошимиз), уйда ҳам, кўчада ҳам обрўси йўқ, бурдини бериб қўйган. Биров гапига қулоқ солмайди, чунки ўзи айтган гапга ўзи амал қилмайди-да. Яна ҳаммадан хафа бўлиб юради. Э, тавба...»
«Одам кўчанинг ё уёғида-ё буёғида бўлиши керак. Ўртада бақатеракдай қаққайиб туриб қолгандан ёмони йўқ. Мусулмонмисан, мусулмонга ярашиқли иш қил, маҳаллага қўшил, иссиқ-совуқ маъракада кўриниб тур, ё бўлмаса ўртоқ Брижнипни отам деб, қўлингни пешонангга тираб, ер тепиб юравер, ўлганингда ўшалар келиб, қизил латтага ўраб кўмишади».
«Уйинг тор бўлиб қолса, қабристоннинг еридан қўшиб ол, мачитнинг еридан қўшиб ол, аммо кўчани қўшиб олма». Бу гапни мулла Жўра охун пешқадамдан эшитганман. Мендан кейин ё ўзингиз, ё болаларингиз уйни янгиламоқчи бўлишса, деворни ташқарига эмас, озроқ ичкарига суришсин, савобнинг тагида қоласиз...»
«Ахлат ўраси, кир ўраси бўлмаган ҳовлини ҳовли деб бўлмайди».
«Ота-бола, ака-ука, тоға-жиян, қариндош-уруғнинг ўртасига пул тушмагани маъқул. Пул пуллигини қилиб, бир қориндан тушган икки жигарни бир-бирига душман қилиб қўйиши мумкин».
«Мол-дунёни ҳаддан зиёд тўплаган одамнинг жон бериши қийин дейишади. Бу гапни унутманглар...»
«Бўйга етган қизингизга девонадан совчи келса ҳам, совчилик ҳурматини жойига қўйинглар».
«Кўчадан ўтаётганда дарвозаси очиқ ҳовлиларга мўраламанглар».
Аҳмаджон Мелибоев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter