Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўтган йилгидан анча кўп: уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофоти белгиланди

Ўтган йилгидан анча кўп: уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофоти белгиланди

Фото: «Қўқон Садоси»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 16 апрель куни «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида» фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида берилган.

Унга кўра, 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Нуроний» жамғармаси ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шаъни-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказадилар.

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юкланди.


Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 2 000 000 (икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг