Озарбайжон маданият марказида янги йил муносабати билан байрам тадбири ўтказилди
Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ҳузурида фаолият кўрсатадиган Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказида Дунё Озарбайжонликларининг Бирдамлиги Куни ва Янги йил муносабати билан “Маданият — кучимиз, бирдамлик — бирлигимиздир” шиори остида байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари намояндалари, маданият ва санъат ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Ўзбекистонда яшаётган Озарбайжон диаспораси аъзолари ва ватандошларимиз иштирок этдилар.

Тадбирнинг расмий қисми Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияларининг янграши билан бошланди.
Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ҳусейн Қулиев табрик сўзи билан чиқиш қилиб, иштирокчиларни Дунё Озарбайжонликларининг Бирдамлик куни ва яқинлашиб келаётган Янги йил муносабати билан табриклади. Элчи ўз нутқида гуманитар ва маданий ташаббусларнинг халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини билдирди.

Концерт дастурининг мусиқий қисмида Озарбайжоннинг таниқли хонандаси Равон Қачаев ва ёш қўшиқчи Улкар Абдуллаева чиқиш қилдилар. Уларнинг ижросида Ватанга, миллий ўзликка, дўстлик ва бирдамликка бағишланган қўшиқлар янгради.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг “Хари Булбул” театр труппаси томонидан Озарбайжон классик драматургияси ва мусиқали театрига оид саҳна кўринишлари томошабинларга тақдим этилди. Шунингдек “Қорабоғ Зафари” рақс ансамблининг чиқишлари туркий халқларнинг тарихий хотираси, миллий ғурури ва бирлик руҳини акс этдирди.
Байрам тадбири Янги йил муносабати билан билдирилган эзгу тилаклар билан якунланиб, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик келажакда ҳам муваффақиятли давом эттирилишига ишонч билдирилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter