Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Ўзбекэнерго» раиси ёлғончими ёки чироқсиз қолаётган аҳолими?

«Ўзбекэнерго» раиси ёлғончими ёки чироқсиз қолаётган аҳолими?

Фото: «Kakprosto.ru»

«Ўзбекэнерго»нинг телеграмдаги канали 8 ноябрь куни ЎзАнинг хабарига асосланиб бир хабарни берди: «2018 йил 2 ноябрь куни  Остона шаҳрида МДҲ Электр энергетика кенгашининг  53-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар энергетика компаниялари раҳбарлари иштирок этишди.

Ўтказилган навбатдаги мажлисда Ўзбекистон делегацияси раҳбари, «Ўзбекэнерго» АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев иштирок этди ва қуйидагиларни таъкидлади:

— Ўзбекистон Республикасининг электр энергия тизими куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича белгиланган чора-тадбирлар 100 фоизга бажарилиб, истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш таъминланмоқда».

Очиғи бу янгиликни ўқиб, жаноб Мустафоевга ишонайми ёки ўзимгами — иккиланиб қолдим. Чунки, мана ўн кундан ошди, биз яшаётган ҳудудларда электр энергиясини суткасига 5-10 соатлаб вақти-вақти билан узиб қўйишяпти. Айнан 2 ноябрь куни жаноб Улуғбек Мустафоев Остонада МДҲ  энергетиклари қаршисида «Ўзбекистон Республикасининг электр энергия тизими куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича белгиланган чора-тадбирлар 100 фоизга бажарилиб, истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш таъминланмоқда», деб гапираётган маҳалда ҳам бизда вақти-вақти билан чироқ ўчаётган эди. Шунингдек охирги пайтларда нафақат Ургутда, балки мамлакатимизнинг кўплаб минтақаларида электр энергияси  таъминотида тез-тез узилишлар рўй беряпти. Бу ҳақда кўпчилик ижтимоий тармоқларда ёзяпти. Ҳозир, шу гапларни ёзаётганимда ҳам бизда чироқ ўчган эди. (8 ноябрь, 2018 йил, соат 18.35 да).

Бош инженер ҳали қишки лимитга ўтишмагани учун чироқни ўчиришга мажбур бўлаётганларини, икки-уч кунда қишки лимитга ўтганларидан кейин электр энергияси таъминотида  узилишлар умуман бўлмаслигини айтди.

Мен охирги ўн кун ичида  «Ўзбекэнерго» АЖнинг телеграм каналига ҳудудимизда электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳақида ёзиб юбордим. Биринчисида менга умуман тушунарсиз бўлган жавобни беришди. Иккинчисида эса Ургут электр тармоқлари корхонасидан бош инженер жавоб берди  ва «ҳали қишки лимитга ўтишмагани учун чироқни ўчиришга мажбур бўлаётганларини, икки-уч кунда қишки лимитга ўтганларидан кейин электр энергияси таъминотида  узилишлар умуман бўлмаслигини айтди (суҳбат ёзиб олинган ва аудиоси менда сақланмоқда) Аммо ўша «икки-уч кун»нинг икки-учтаси ўтди, аммо электр энергияси таъминоти баттар бўлса бўлди-ки, яхши бўлмаяпти.

Ана шу ерда савол туғилади. Остонада «аҳолига узлуксиз электр  энергиясини етказиб беряпмиз» деб баёнот бераётган Мустафоев ёлғон гапиряптими ёки «Ўзбекэнерго» АЖнинг вилоят ва туманларда жойлашган ҳудудий корхоналари компания бошқаруви раисидан жойларда электр энергиясида узилишлар бўлаётганини яширишмоқдами?

МДҲ энергетиклари олдида «аҳолига узлуксиз электр энергияси етказиб берилаётганлиги» ҳақида «Ўзбекэнерго» АЖ бошқарув раиси томонидан гапириляптими, унда  иш ҳам гапга мос бўлиши керак. Акс ҳолда улар олдида аҳвол борича гапирилиб «бизда қишки мавсумда электр энергияси таъминотида бироз узилиш бўляпти», дейиш керак. Чунки улар бизда ҳозир электр  энергияси  таъминотида узилишлар бўлаётганини барибир билиб ўтиришибди.

Ток ўчиши билан уяли алоқа компанияларига қарашли антенналар таққа тўхтайди, аҳоли ташқи дунёдан батамом узилади.

Охирги пайтларда ҳамма ишлар электрон тарзга ўтаяпти: электрон мурожаат, электрон имзо, электрон рўйхатга олиш, электрон навбатга ёзилиш ва ҳоказо-ҳоказолар. Умуман олганда, электрон сўзи билан боғлиқ кўплаб ишлар жорий қилиняпти, қонунлар қабул қилинмоқда. Хўш, электр энергияси узлуксиз етказиб берилмаса, тез-тез ва соатлаб узилишлар бўлаверса ўша электрон ишларни бажариб бўладими? Аксига олиб кўпгина аҳоли пунктларида, худди бизнинг қишлоғимиздай, аҳолига хизмат кўрсатаётган уяли алоқа компанияларига қарашли антенналар электр энергияси узилиши билан ишлашдан тўхтайди, аҳоли ташқи дунёдан батамом узилади. Хўш, шундай ҳолатда чироқ бўлмаса, телефонлар ишламаса, аҳоли нима қилсин? Додини Президент порталига ёзсинми ёки У.Мустафоевгами?

Олдинлари чироқ ўчирилишига электр энергияси етишмовчилиги сабаб бўлса-да «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарлари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари ҳам буни яшириб, «аҳолида қарздорлик катта, шунинг учун электр энергиясида узилишлар бўляпти» дейишар эди. Энди тўловларни ундириш МИБга ўтганидан бери истеъмол қилинган электр энергияси тўловларини ундириш анча яхшиланди. Энди электр энергиясининг узилишларига компания раҳбарлари «аҳолининг қарздорлигини» баҳона қила олишмайди. Энди баҳоналар ўзгарди, энди «фалон жойда таъмирлаш кетяпти, фалон жойда фалон ишлар бажариляпти» деб баҳоналар тўқилмоқда. Тўғри, соҳада турли ишлар бажариляпти, аммо ўша ишлар ёзда ҳам бажарилган эди ва электр энергияси таъминотида узилишлар бўлмаган эди. Нега энди турли таъмирлаш ишлари қишда бажарилганда аҳоли соатлаб электр энергиясидан узиб қўйилиши керак?!

Охирги йигирма йилликда чироқсиз ўтириш одамларнинг жонига тегиб бўлган. Буни «Ўзбекэнерго» АЖ нинг раҳбарлари ҳам, унинг ҳудудий корхоналари раҳбарлари ҳам тушуниб етишлари керак. Нима қилсалар қилсинлар, аммо одамларга чироқни узлуксиз топиб берсинлар.

Энди ҳар қандай ҳолатда ҳам «Ўзбекэнерго» АЖ  электр энергияси таъминотида узилишларга йўл қўйишга ҳаққи йўқ. Зеро, ташқарида 21-аср, ахир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг